Криштиану Роналдунинг бизнес-империяси
Ўтган йил ҳисобларига кўра, Форбс журнали “Реал” ҳужумчисини энг кўп пул тўланадиган спортчи дея эътироф этди.
Клуб ва бошқа спорт ташкилотлари билан шартномаси унга 52 миллион евро келтирди. Қўшимча савдо билан алоқадор “хобби”ларидан эса 30 миллион евро фойда кўрди. Бу кўрсаткич сайёрамизнинг энг бой баскетболчиси Леброн Жеймснинг даромадига қарарганда 10 миллион юқоридир.
Реклама шартномалари
Ҳамкорлари орасида Криштиано “Nike” билан энг яхши алоқани йўлга қўйган. Футболчи 18 ёшидан бери бу фирманинг “қарамоғида”. Яқинда Роналдунинг ташкилот билан тузган йилига 22.5 млн евро миқдоридаги бутун умрлик шартномаси улар ҳамкорлигининг яна бир маҳсулидир.
Роналду Майкл Жордан ва Леброн Жеймсдан кейин учинчи бўлиб “Nike” билан бутун умрлик шартнома белгилаган шахс бўлди. Криштианунинг интернетдаги машҳурлигини эътиборга оладиган бўлсак, Американинг бу ташкилоти спортчи билан ҳамкорлигидан анча-мунча фойда топади.
Роналду интернетнинг спорт сегментида етакчиликни ҳеч кимга бермасдан сақлаб турибди.
Facebookда 120.5 млн лайк(дунё бўйича рекорд), Instagramда 96.3 млн ва Twitterда 51.1 млн аъзосига эга. Биргина 2016 йилниг ўзида унинг тармоқдаги аудиторияси 65 млнга етди.
Роналдунинг бошқа ҳамкорлари билан келишувлари бунчалик кенг миқёсга эга эмас. 2009 йилда Armani билан 1 млн евро миқдорда шартнома тузилди ва бу 2019 йилгача давом этади. Мотор учун ёғлар ишлаб чиқарувчи Castrol фирмаси билан ҳамкорлик эса унга йилига 6 млн евро даромад келтиради.
Уч йилдан бери спортчи Tag Heur қўл соат бренди билан келишув одиб боради. Бунинг заминида фақатгина фойда кўриш эмас, балки Криштианунинг сифатли қўл соатларига бўлган ҳаваси ҳам ётади. У 50 хил моделдаги соатлар коллекциясини тўплаган. Шунингдек, 2014-йилда “Реал”даги дўстларига соат совға қилган ва бу унга 8 минг еврога тушган эди.
Таъкидлаш жоизки, португалияликнинг барча шартномалари ҳам шов-шув бўлгани йўқ. 2013- йилда унинг KFC фастфуд фирмаси билан 2 млн. еврога тузган келишуви мухлислар эътирозига сабаб бўлган эди. Ахир тўғри овқатланиш меъёрларини ҳар нарсадан устун қўювчи футболчи таркиби номаълум фастфудларни реклама қилса, ҳайрон қолмай бўладими?
Роналду шунингдек, Clear шампун ишлаб чиқарувчиси, Emirates авиaкомпанияси, StarsPoker онлайн ўйини, Soccerade ичимлик фирмаси билан ҳам ҳамкорлик қилади.
Футболдан бўш пайтида спортчи ўзини CR7 бренди остидаги шахсий бизнесига бағишлайди.
Бренд асосан кийимлар ишлаб чиқарарди. Дастлаб ички кийим (25 евро) ва пайпоқлар(12 евро) тайёрланган, кейинчалик кийимлар (65 евродан бошланади) ҳам қўшилди. Бренднинг энг қиммат маҳсулоти бу – қиймати 107 евродан бошланувчи оёқ кийимларидир.
CR7 бренди остида чиқувчи чойшаблар, 60 еврога баҳоланувчи совун ҳам харидорлар орасида машҳур.
Бу маҳсулотлар Роналдуга йилига 6-10 млн евро даромад келтиради.
Бизнесни кенгайтириш мухлислар аудиториясига боғлиқ, бу эса ўз навбатида янги ғалабаларни талаб этади. Роналду бу борада ҳам ортда қолаётгани йўқ. 2016 йили Европанинг энг йирик совринларини, шунингдек “Олтин тўп”ни қўлга киритди.
Сердаромад бизнеснинг муваффақияти сабабларидан бири PR билан боғлиқ. Ҳужумчи ҳаёти ҳақидаги ҳужжатли фильм унинг биографияси ҳақида номаълум маълумотларни тақдим қилиш билан бир қаторда, анчагина даромад ҳам келтирди.
Digital соҳасини ҳам Роналду унутгани йўқ. Спортчиниг ракамини ўз суратингиз олдига қўйиш имконини берувчи CR7 Selfie дастури ҳам мухлисларни хурсанд қилди.
Криштианунинг энг йирик PR-лойиҳаси бу, албатта, 2013 йили Мадейра оролида очилган музей бўлди. 400 квадрат метр майдонни эгаллаган музей Роналдунинг спортга илк бор кириб келган пайтидан бошланган бутун бошли давр ҳақида ҳикоя қилади. 2017 йил март ойи охирида эса португалиялик яна бир PR-лойиҳага қўл урди: Мадейра оролининг марказий аэропорти унинг исми билан номланди.
Меҳмонхоналар ва машғулот заллари
Яқинда Киштиану Pestana Hotels меҳмонхоналар тармоғи билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Мадрид, Мадейра, Лиссабон ва Нью-Йоркда CR7 бренди номи остида пайдо бўлган меҳмонхоналар бу ҳамкорлиинг маҳсули. Ушбу лойиҳа учун 75 млн евро ажратилди. Роналду лойиҳанинг 50 фоиз акциясига эгалик қилади.
“Бу менинг бизнесимдаги кескин бурилиш бўлди. Мен бу соҳада илк бор ишлаяпман. Барча ҳаракатларим бир мақсадга йўналтирилган: Оиламнинг келажагини таъминлаш”, дея лойиҳани изоҳлайди Криштиано.
2017 йил аввалида Мадридда CR7 бренди остида Crunch Fitness машғулот зали очилди. Америка савдо ташкилотларидан бири Европа бозорини бу машҳур спортчи билан ҳамкорлик қилиш орқали забт этишга қарор қилди. Худди шундай заллардан яна иккитаси йил охиригача қурилиши кўзланмоқда.
2012 йилда Роналду Mobitto дастурига инвестиция киритди. Бу дастур турли савдо нуқталарида қулай нархдаги товарларни излаб топишда кўмак беради.
Солиқдаги муаммолар
Муваффақият калитини қўлга киритган ҳар қандай бизнесменда бўлганидек, Криштиану ҳам солиқларни тўламаслик билан боғлиқ айбловларга кўп бор дуч келган. 2014 йилда Испания спортчилари ҳукумат хазинасига даромадларининг 24.7 фоизини ажратишган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич давлат томонидан 43% га оширилди.
Мендеш томонидан тақдим этилган схемага кўра Роналду реклама билан боғлиқ лойиҳаларини воситачилар ёрдамида оффшор компаниялар оркали даромад солиғи 12.5 % бўлган Ирландияда амалга ошира бошлади ва бу унга 75 млн еврони иқтисод қилишга ёрдам берди.
Спортчи ўзига қўйиладиган айбловларни инкор этиш билан бирга астойдил хафа бўлганини ҳам изҳор этади:
“Қамоқхоналарда ноҳақ сақлананётган кўплаб маҳбуслар бор. Мени товламачиликда айблашганида ўзимни шулардан биридек ҳис қиламан. Ёмон ишга қўл урмаганинг ҳолда сени қонунни бузишда айблашса, ҳеч кимга ёқмайди, албатта”.
Афсонавий португалиялик ҳужумчи дунёнинг энг бой спортчисига айланиб улгурди, бироқ кўп пул топадиган машҳурлар рейтингида у ҳозирча тўртинчи ўринда.
Саодат Абдурахманова таржимаси
Манба: sports.ru
Фикрлар