Кундузги дастурда беш нафар боксчимиз финалга йўл олди. Тўлиқ натижалар (+ Ҳакамлар қайдномаси)

Бокс бўйича Осиё чемпионати ўзининг якуний ва энг қизғин палласига яқинлашмоқда. Ўзбекистон спорт мажмуасида бўлиб ўтаётган ушбу қитъа чемпионатида бугун ярим финал жанглари бўлиб ўтмоқда.

10 та вазн тоифасида тўлиқ таркиб билан мусобақада ўз иштирокини бошлаган Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 9 нафар вакили ярим финал босқичига етиб келди. Бироз аввал якунига етган ярим финал баҳсларининг кундузги дастурида мамлакатимиз шарафини 5 нафар боксчимиз ҳимоя қилди.

Дастлаб 52 кг вазн тоифасида боксчимиз Жасурбек Латипов қозоғистонлик Азамат Иссакулов устидан ғалаба қозонган бўлса, 56 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев жанубий кореялик Ён Хун Ханни нокаутга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Элнур Абдураимов 60 кг вазн тоифасида хитойлик Жун Шанга қарши жанг олиб борди ва мутлоқ ғалабага эришди. 75 кг вазн тоифасида ўзининг ёрқин жанглари билан ўзбек бокс ихлосмандлари кўнглидан жой олиб келаётган боксчимиз Исроил Мадримов қозоғистонлик Абилхан Аманкул устидан қозонилган ғалабасини ажойиб салто билан нишонлади.

81 кг вазн тоифасида қитъамиздаги тенгсиз боксчи дея қайд этилаётган Бектемир Мелиқўзиев хитойлик боксчини 1 дақиқаю 32 секундда таслим этди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!