Легионерларимиз ўтган дам олиш кунлари қандай ўйнашди?

Яхши биласиз, биз ҳар ҳафта аввалида хорижда тўп сураётган легионерларимиз ҳақида маълумот бериб бормоқдамиз. Бугун ҳам ушбу анъанага содиқ қолган холда, дам олиш кунлари бўлиб ўтган ўйинларда легионерларимиз қандай ўйнашгани ҳақида маълумот берамиз.

Россия

Ҳамюртимиз Вадим Афонин тўп сурадиган “Оренбург” жамоаси Россия Премьер лигасининг 19-турида “Рубин” меҳмони бўлди ва сафарда нурсиз дуранг ўйнаб ортга қайтди. Мазкур беллашувда юртдошимиз майдонда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди.  Айни вақтда оренбургликлар турнир жадвалида 16 жамоа орасида 13-ўринда бормоқда, 16 очкоси билан.

Виталий Денисов ўйнайдиган “Локомотив” эса бугун “Краснодар”га қарши баҳс олиб боради.

БАА

БАА чемпионати 21-турида Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров тўп сураётган “Аш-Шабаб” ўз майдонида “Ан-Наср” футболчиларини қабул қилди. Мазкур ўйинда “Аш-Шабаб” 0:4 ҳисобида енгилди. Ҳайдаров 90 дақиқа ўйнади ва сариқ карточка ишлаб олди. Ушбу ўйиндан кейин “Ан-Наср” 32 очко билан 6-ўринга кўтарилиб олди. Азиз Ҳайдаров жамоаси 25 очко билан 8-поғонада қолиб кетди.

Сербия

Сербия Супелигасининг 26-турида ҳамюртимиз Ҳусниддин Ғофуров тўп сурадиган “Явор” жамоаси турнир пешқадами “Црвена Звезда”га қарши меҳмонда баҳс олиб борди. Ғофуров 90 дақиқа ўйнаган ушбу беллашувда белградликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Мазкур мағлубиятга қарамай, “Явор” 8-ўриндан пастга тушгани йўқ.

Жанубий Корея

Жанубий Корея 1-лигаси вакили “Ансан Гринерс” сафида тўп сураётган ҳамюртимиз Баҳодир Насимов  2-тур доирасида “Бусан”га баҳс олиб борди. Мазкур ўйинда “Ансан” 1:3 ҳисобида ютқазди. Баҳодир Насимов 82 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Мазкур ўйинда кейин Насимов жамоаси 3 очко билан 6-ўринда қолиб кетди. “Бусан” 6 очкога эга бўлди ва 1-поғонани эгаллади.

Япония

Хабарингиз бор, Япониянинг “Жубило Ивата” клубида ҳамюртимиз Фозил Мусаев тўп тепади. Дам олиш кунлари кунчиқар юртда Ж-лиганинг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Фозил Мусаев фаолият олиб бораётган “Жубило Ивата” сафарда “Омия Ардижа” клубини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ҳамюртимиз мазкур беллашувда 90 дақиқа ҳаракат қилди. Эътиборлиси, Фозил Мусаев ушбу ўйиндаги ҳаракатлари орқали Ж-лига 3-тур рамзий терма жамоасига киритилди. Мазкур ғалаба Мусаев ва унинг жамоаси учун дастлабкиси бўлди ва “Жубило Ивата” турнир жадвалида 4 очко билан 18 жамоа орасида 10-ўринни эгаллаб турибди.

Хитой

Ўтган дам олиш кунлари Хитой чемпионатининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Одил Аҳмедов тўп сурадиган “Шанхай СИПГ” ўз майдонида “Яньбянь” клубини қабул қилди ва 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур беллашувда Аҳмедов тўлиқ ўйин ўтказди. Айни вақтда эса “Шанхай СИПГ” 6 очко билан турнирда карвонбошилик қилмоқда.

Анзур Исмоилов қайдномага киритилмаган баҳсда “Чанчунь Ятай” меҳмонда “Гуанчжоу Фули”га 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Айни вақтда Исмоилов жамоаси бирорта очко ола билганича йўқ ва чемпионатдаги 16 жамоа орасида сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

Эрон

Эрон Про лигасида эса 24-тур ўйинлари ўтказилди. Мазкур турда Сервер Жепаров тўп сурадиган “Сепахон” чемпионат аутсайдерларидан бири бўлган “Машхад” жамоаси меҳмони бўлди. Жепаров 80 дақиқа ўйнаган ушбу баҳс 1:1 ҳисобида ниҳоясига етди. Мазкур дурангдан сўнг  исфахонликлар 32 очко билан 16 жамоа орасида 7-ўринни эгаллаб турибди.

Ps: Бир қатор юртдошларимиз тўп сурадиган Қатар ва Малайзия чемпионатлари бу ҳафта ўтказилмади.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!