“Лейпциг” - “Ливерпуль”: Клопп ва Нагельсманн ўзаро гаплашиб олди. Навбат футболчиларга (превью)

УЕФА Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида интригасиз қарама-қаршиликлар мавжуд эмас. “Ливерпуль” - “Лейпциг” тўқнашувида немисча жозиба барқ уриб турибди. УЕФА расмий сайтида ва Европада спортга ихтисослашган оммавий ахборот воситаларининг деярли барчасида Юрген Клопп ва Юлиан Нагельсманнинг видеоқўнғироқ амалга оширгани акс этган видеолар эълон қилинди. Икки кучли мураббийнинг ўзаро ўйин олдидан бу таҳлид гаплашиб олиши ушбу баҳсга бўлган қизиқишни янада ошириб юборди.
Уларни “Хоффенхайм” боғлаб туради. Клопп “Хоффенхайм”ни тарк этиб, “Боруссия” Дортмундга ўтиб кетгандан кейингина, жамоага Нагельсманн келиб қўшилган. Аммо Юрген Юлианни “Ливерпуль” билан УЕФА Чемпионлар Лигаси квалификациясида мағлуб этишга эришган. Улар катта ўйин олдидан самимий суҳбат қуриб олдилар. Навбат жангга…

EpNwQwYW4AAd_3c

“Лейпциг”
Германия Бундеслигасида “Бавария”нинг чемпионлигига тўсиқ бўла олувчи ягона жамоа ҳозирча “Ред Булл Лейпциг” бўлиб турибди. 21-тур якунларига кўра, 44 очко жамғарган “буқалар” 2-ўринда бормоқда. Мюнхенликлар худди шунча ўйин ўтказиб, улардан 5 очко олдинда кетмоқда.
Жорий мавсум “Лейпциг” учун ҳал қилувчи мақомда бўлиши катта эҳтимол. Сабаби, бундан сўнг, жамоада қайта шаклланиш жараёнлари бошланиб кетади. Дайо Упамекано “Бавария” билан кўпйиллик шартнома борасида келишиб қўйилгани маълум қилинди. Буни ҳар иккала клуб расмийлари ҳам тасдиқлади. Юлиан Нагельсманнга Европанинг бир қатор топ-клубларидан таклифлар бор. Иқтидорлар олди-сотдисидан пул ишлайдиган немис клуби ўз бизнесининг аччиқ жойига етиб келмоқда. Катта эҳтимол билан, биргаликда ўтадиган сўнгги мавсумни юқори нотада ўтказиб олиш уларнинг келгусидаги фаолияти учун ҳақиқий мотивация бўлиши аниқ.
УЕФА Чемпионлар Лигасида “ўлим гуруҳи”дан чиқиб келиниши ҳам клубга бўлган қизиқишни янада оширди. Балки шунинг учун ҳам, Анхелиньонинг шартномаси “Манчестер Сити”дан тўлиқ сотиб олингандир. Жамоадаги амбициялар барибир юқори эканлигини тайин. Аслида, сўнгги 2 турдаги ғалабаларгача, Нагельсманн шогирдларининг гуруҳдан чиқиш масаласи анча қийин, деб баҳоланаётганди. “Истанбул” Башакшехир ва “Манчестер Юнайтед”га қарши беллашувлардаги драматик ғалабалар якунда барчасини ўзгартириб юборди.
“Бавария”га трансфери ҳал бўлиб улгурган Упамеканога мудофаа марказида шериклик учун Ибраҳима Конате сафга қайтди. Жастин Клюиверт жума кунги ўйинда захирада қолдирилди, тўғрироғи, мураббий уни асради. Шундай экан, бугун уни майдонда кўришимиз эҳтимоли юқори. Эмиль Форсберг, Конрад Лаймер, Бенжамин Хенрикс каби етакчилар нимчорак финалнинг илк қарама-қаршилигида жамоасига ёрдам бера олади. Шунингдек, бош мураббийда январь ойида лейпцигликлар таркибига келиб қўшилган Доминик Собослаи варианти ҳам мавжуд.

Тахминий таркиб: Гулачи, Клостерманн, Орбан, Упамекано, Мукиеле, Забицер, Кампль, Анхелиньо, Нкунку, Ольмо, Поулсен.

Иштирок эта олмайди: Лаймер, Форсберг.

Сўроқ остида: Собослаи, Хенрикс.

Дисквалификация хавфи борлар: Хенрикс, Клюиверт, Конате, Забицер. 

EuWKcefXcAUqxav

“Ливерпуль”
Англия Премьер-лигасининг амалдаги чемпиони жорий мавсумда ҳавас қиларли аҳволда эмас. Жамоада бир камчилик иккинчисини етаклаб келмоқда. “Манчестер Сити” ва “Лестер”га қарши беллашувлар марказий ҳимоядаги муаммоларни яққол очиб ташлади. Виржиль Ван Дейкнинг етакчилик қобилиятига шубҳа билдирувчилар гуруҳи энди йўқ, назаримда. Жамоа мухлисларига умид баҳш этиб, Бундеслигадан олиб келинган Ўзан Кабак “тулкилар”га қарши ўйинда жуда қўпол хатоларга йўл қўйди. Математик ҳисоб китобларга таянсак, “Лидс”да ҳам чемпионлик учун имконият мавжуд. Аммо келинг, вазиятга реал кўз билан қараймиз. Жорий мавсумда энди ҳеч бир жамоа АПЛ чемпионлиги учун “Сити”га рақобат уюштира олмайди. Нажотни Чемпионлар Лигасидан кутавериш керакмикан?!
Гуруҳ босқичи давомида “Ливерпуль”га “Аталанта”, “Аякс” ва “Мидтьюлланн” рақиблик қилганидан хабардорсиз. Юрген Клопп шогирдлари ушбу босқични ишончли тарзда ўтказди, деб айта олмаймиз. Бергамоликлар билан гуруҳ ғолиблиги учун кураш сўнгги турларгача давом этди. ЕЧЛда “Ливерпуль”нинг ҳалоскори бўлган Диогу Жота бугун жамоага ёрдам бера олмаслигини инобатга олсак, клуб мухлисларини хавотирга соладиган жиҳатлар ростдан ҳам кўплиги намоён бўлади.
“Лестер”га қарши ўйин ценарийси ўзгариб кетишига учрашувнинг 17-дақиқасида Жеймс Милнер жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этгани сабаб бўлди. Янги харид қилинган Бен Дэвис билан бирга Дивок Ориги ва Келлехер ҳам сафдан чиққан. Қувончли хабарлар ҳам бор: Наби Кейта узоқ муддатли жароҳатдан фориғ бўлиб, умумий гуруҳ машғулотларига қайтган. Ҳа, Германиядаги ўйинда уни майдонда кўришимиз эҳтимоли жуда кам. Бироқ, ярим ҳимоя вакилининг таркибга қайтаётганининг ўзиёқ клуб мухлислари учун қувончли хабар. Фабиньонинг аҳволи бироз яхшилангач, Клопп уни майдонга туширишга қарор қилганди. Аммо мана энди муҳим тўқнашув олдидан яна бразилиялик ярим ҳимоячи сафдан чиққан. Ван Дейк, Жо Гомез, Жоэль Матип ва Диогу Жотанинг лазаретда эканидан хабардорсиз. Тьяго Алкантара эса ваниҳоят, жамоага ёрдам беришга шай.

Тахминий таркиб: Алиссон, Арнольд, Кабак, Хендерсон, Робертсон, Тьяго, Вейналдум, Жонс, Салоҳ, Фирмино, Мане.

Иштирок эта олмайди: Милнер, Матип, Кейта, Жота, Гомез, Ван Дейк. 

Сўроқ остида: Фабиньо, Келлехер, Дэвис, Ориги. 

Дисквалификация хавфи борлар: Милнер, Вейналдум. 

EuRlcUzWYAA_3kG

Мураббийлар
Юлиан Нагельсманн: “Биз яхши серия қайд этмоқдамиз. Сўнгги 4 та учрашувимизнинг барчасида ғалаба қозондик. Агар бугун “Ливерпуль”нинг кайфияти яхши бўлса, улар сўзсиз фаворит. Аммо биз ҳам Европанинг гранд клубларини енга олишимизни исботлаб улгурганмиз. Эмиль Форсберг билан таваккал қилишни истамайман. У буткул соғайиб улгурмади.
Биламизки, “Ливерпуль” дунё даражасидаги топ-клуб. Премьер-лигадаги омадсизликлар Чемпионлар Лигасига таъсир кўрсатишига ишонмайман. Аксинча, чемпионлик учун курашдан деярли чиқиб улгурган клуб бор кучини ушбу мусобақага қаратиш эҳтимоли юқори". 

EuRLczlWgAId60i

Юрген Клопп: “Биз позитив жиҳатларни кўра билишимиз зарур. “Сити” ва “Лестер”га қарши ўйинларга назар ташласангиз, биз 7 та гол ўтказиб юборадиган даражада ёмон ўйнамадик. Барча голлар индивидуал хатолар ортидан келди. Биз йигитлар билан бу борада гаплашиб олдик. Бу шунчаки ўзаро тушунмовчилик натижаси, холос.
Сиз бизни мавсум давомида диққат билан кузатиб борган бўлсангиз, турли хил вазиятларга дуч келганимизнинг гувоҳи бўласиз. Ҳа, ёмон ўйнаган баҳсларимиз бўлди, аммо чиройли ғалабаларимизни ҳам унутмаслик лозим”.

EuMetP4XMAQkfrv

Хулоса ўрнида
Ушбу учрашувда имкониятларни мутлақ тенг, деб айта оламиз. Ҳа, “Ливерпуль” ўз ҳужумининг ранг-баранглиги билан ғалабани илиб кетиши мумкин. Аммо Нагельсманн ўта тартибли футболни илгари суради. Клоппни анчадан буён “Лестер”га қарши ўйиндаги каби футболчиларга очиқ эътироз билдирганини кўрмагандик. Бироқ, барибир мерсисайдликлар ушбу жуфтликда фаворитлигича қолмоқда. Ушбу қарама-қаршиликнинг дастлабки ўйинидан йирик ҳисоб кутиш бироз мушкул. Сабаби, мутахассислар иккинчи ўйинда вазиятни ўзгартиришга ишонган ҳолда, футболчиларини тўлиқлигича олдинга боришдан тийиши мумкин.
Биз шунчаки тахмин қилиш ва мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, фикр билдиришга қодирмиз. Барчасини футболчилар майдонда ҳал қилади. Бизни катта тўқнашув кутмоқда!

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)