“Ливерпуль” Роналдуни қандай қилиб тўхтатиши мумкин?

"Ливерпуль" бугун чемпионлар лигаси финалини ютишни истаса, улар аввало мадридликларнинг асосий фигураси Криштиану Роналдуни ўйиндан чиқариб ташлаш орқали юз беради.

“Реал” юлдузи бир вақтлардагидек ҳамма кучни ўзида бирлаштирмаган бўлиши мумкин. У 33 ни “уриб қўйгани”, жароҳатлар олгани ва аввалгидек “жаллод” бўлмаслиги мумкин, аммо Киевдаги финалда у барибир “қаймоқранглилар”нинг асосий қуроли бўлиб қолади.

Роналду чемпионлар лигасида 15 гол билан тўпурарлар рўйхатида карвонбошилик қилмоқда. У сўнгги беш мавсумда мусобақанинг “Олтин бутса”сини ютиб келмоқда ва олтинчисига ҳам оз қолди.

Фақатгина Икер Касильяс чемпионлар лигаси доирасида ундан кўп учрашув ўтказган. У ўзи ўйнаган тўрт финалнинг учтасида гол уришга эришган. Бундай кўрсаткичга мусобақа тарихида бошқа бирортаси эриша олмаган.

Хуллас, чемпионлар лигаси бу – унга аталган турнир, десак муболаға бўлмайди.

Хўш, Клоппнинг “Ливерпуль”и уни қандай қилиб тўхтата олади?

“Сиз ундан тўпни олиб қўйиш орқали тўхтата оласиз” – деган эди “қизиллар”нинг собиқ ҳимоячиси Марк Лоуренсон. Энг осон йўли шу ва бу ҳақиқатга анча яқин. Чунки 2018-йилги Роналду 2009 ёки 2014-йилда Роналдунинг версияларидан анча фарқ қилади.

2005-йилда чемпионлар лигасини Рафа Бенитес билан ютган ёрдамчи мураббий Пако Айстеран ҳам бунга тўлиқ қўшилади.

“Роналдуни тўхтатиш учун унга паслар етказадиган футболчиларни тўхтатиш лозим. Сиз унга тўп етиб келишига имкон қолдирмаслигингиз шарт. Бу дегани ярим ҳимоя яхши позицияда жойлашиши керак. Улар тўп йўқотилганида унга бориб тушадишан йўлларни беркитишингиз даркор.”

Грем Саунессга кўра, Роналду “жарима майдончасидан ташқарида кенгроқ ўйнамоқда ва 12 ой олдинги савиясига яқин келолмайди”. Аммо статистика бунинг аксини кўрсатмоқда. Роналду ўтган мавсумдагидан ҳам кўпроқ голлар урган. Ла Лигада ҳар 89-дақиқада гол ураётган бўлса, чемпионлар лигасида бундай кўрсаткич 72 га тенг.

“Жарима майдончасидан ташқарида кенгроқ ўйнаш” аргументи ҳам нотўғри. Роналду бу мавсумда ҳали бирор марта ҳам жарима майдонча ташқарисидан туриб гол уролмаган. Кўпчилик учун кенгроқ ўйин намойиш қилаётгандек, бироқ у ҳамон анъанавий тўққизлик вазифасини бажармоқда. “Бавария”га қарши ярим финал баҳсигача португалиялик футболчи Чемпионлар Лигасининг ҳар бир учрашувида майдонни голсиз тарк этмаган. Ёши ўтишига қарамай, у ҳамон ўйинни ўзгартира олиш қобилиятини сақлаб қолмоқда.

“Ливерпуль” учун энг муҳими диққатни жамлаш бўлади. Роналду 90 дақиқа инглиз клуби ҳимоячиларига раҳна солмаслиги мумкин. Аммо унга қарши эътиборсизликни бўшаштириш яхши вариант эмас. “Қизиллар” уни кўздан қочирмаслиги зарур.

“Ливерпуль” ярим ҳимояси – Жордан Хендерсон, Вейналдум ва Жеймс Мильнерлар қаттиқ меҳнат қилиши ва кенгроқ ўйин намойиш қилишларига тўғри келади. Шунингдек, қанотлардаги – Салоҳ ва Садио Манелар ҳам ҳимояланишда ёрдам беришлари ҳаётий аҳамият касб этиши муқаррар. Энг яхши “ҳимоявий ҳужумчи” Фирминьо ҳам Роналдуни ажойиб паслар билан таъминлаб турувчи Лука Модрич ва Тони Кроосларнинг таъсирини йўққа чиқаришда иштирок этиши аҳамият касб этади. Барчаси оддий вазифадек, аммо Киевда улар буни қанчалик уддалай олишини финалдан сўнг билиб оламиз.

Эркин Ғайбуллаев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!