«Ливерпуль»нинг Премьер-лига давридаги энг яхши футболчилари рамзий жамоаси: Жеррард, Салоҳ ва бошқалар!
Англия Премьер-лигаси ҳар доим ўзининг шиддати, кучли рақобати ва интригага бой ўйинлари билан омма эътиборини қозониб келган. Ушбу лигада дунёдаги энг тарихий ва кўплаб мухлисларга эга катта клублар ҳам талайгина. Энг кўп топ-жамоалар ҳам айнан “Туманли Альбион”да эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Улар орасида ўз тарихи билан ҳам, бугуни билан ҳам бемалол мақтана оладиган клублар эса саноқлигина. Мана шундайлардан бири - «Ливерпуль».
Мерсисайднинг «Ливерпуль» клуби Англияда совриндорлик жиҳатидан МЮдан кейинги 2-ўринда туради. Клуб тарихида бир қатор кучли ва афсонавий футболчилар ҳам тўп сурган. Ҳозирги кунда эса жамоанинг таркиби мутлақо супер тарзда тузилган ва кўплаб мутахассислар томонидан айнан шу таркиб «Ливерпуль» тарихидаги энг кучли таркиб дея баҳоланмоқда. Шундай экан, «Ливерпуль»нинг рамзий жамоасини тузишда унинг ҳозирги пайтдаги кўплаб футболчиларидан фойдаланишимиз аниқ. Албатта, ўтмиш ва бугун учрашгандаги ҳолат кўпчилик учун қизиқ бўлиши шубҳасиз.
Демак, Англиянинг биринчи рақамли чемпионати бўлмиш лиганинг 1992 йилдан «Премьер-лига», деб аталганидан бошлаб то ҳозиргача бўлган пайтдаги «Ливерпуль»нинг энг яхши футболчилари рамзий жамоасини териб чиқамиз.
Дарвозабон: Алиссон Беккер
2018 йил ёзида «Ливерпуль» томонидан рекорд суммага харид қилиниб, ўша пайтдаги дунёнинг энг қиммат дарвозабонига айланган Алиссон аллақачон клуб тарихидан жой олишга улгурган. Сабаби, Мерсисайд клубида ҳар доим ҳимоя ва дарвоза чизиғи энг муаммоли ва оғриқли нуқта бўлиб келган. Айнан Алиссон туфайли энг кучсиз чизиқ жамоанинг энг кучли жиҳатига айланди. Бразилиялик дарвозабон бор экан, «Ливерпуль» ўз ҳимоясидан ҳеч ҳам нолимаса керак. Ундан олдинги барча дарвозабонлар «қизиллар» учун омадсиз бўлган: Миньоле ва Кариус каби дарвозабонлар ўзларининг машҳур «қовун туширишлари» билан мухлислар ёдида қолганлиги сир эмас. Беккерда эса бу каби хатолар деярли бўлмайди ҳам. Бунинг исботи сифатида унинг дебют мавсумидаги совринларга кўз ташлаш кифоя: Чемпионлар Лигаси кубоги, УЕФА томонидан «йилнинг энг яхши дарвозабони», деб топилиши. 2-мавсумда улар орасига клубни 30 йил куттирган Премьер-лига кубоги ҳам қўшилди. Қисқа муддат ичида кипер шунча нарсани қўлга киритди ва клубнинг Премьер-лига давридаги энг яхши дарвозабони, деб ҳам топилди. У бунга лойиқ!
Ўнг қанот ҳимояси: Тренд А. Арнольд
«Ливерпуль»да кўплаб муваффақиятларга эришган Стив Финнан, Маркус Баббель ва Глен Жонсонга ҳурмат сақлаган ҳолда 22 ёшли Тренд Александр-Арнольдни бу позиция учун муносиб кўрмоқдамиз. Сабаби, ҳимоячи ўзининг тезкорлиги, универсаллиги, ярим ҳимояда ҳам ўйнай олиши ҳамда ажойиб голли узатмалари орқали жуда тез равишда дунёнинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиси, дея эътироф этилган. 2016 йилда қизиллар сафида дебют қилганидан сўнг, Клопп бошқарувида у замонавий суперюлдузга айланди ва 22 ёшга тўлмай туриб, Чемпионлар Лигаси ва Премьер-лигада зафар қучди. Ҳозирда у жамоанинг алмаштириб бўлмас ўйинчисига ҳам айланиб улгурган.
Марказий ҳимоя: Жейми Каррагер
Бугунги кунда Англия телевидениесида футбол мутахассиси сифатида фаолият олиб бораётган афсонавий ҳимоячи ўз номини клуб тарихига ўчмас ҳарфлар билан ёзиб кетган. «Ливерпуль» тарихида ҳеч бир ўйинчи Каррагердек кўп ўйинда майдонга тушган эмас! У клуб сафида 1997 йилда дебютини амалга оширган ва қарийб 16 йилдан сўнг - 2013 йилда клубни тарк этиб, фаолиятини якунлаган. Бунгача у 508 та баҳсда майдонда ҳаракат қилган.
Дастлаб, марказий ярим ҳимоя позициясида ўйнаган, ўнг ва чап қанот ҳимоясида ҳам ўзини синаб кўрган футболчи, кейинчалик, 2001 йилги муваффақиятли мавсумда Рафа Бенитес томонидан марказий ҳимояда ҳам синаб кўрилган ва шундан кейин бу позицияга муқим ўрнашиб олган. 2005 йилги ЕЧЛ ғолиблиги ва Каррагернинг энг яхши ҳимоячи, деб топилиши унинг ўша пайтдаги обрўсининг ўсишида катта роль ўйнайди. 2013 йилда у кетганидан сўнг, «Ливерпуль» узоқ вақт унга муносиб ўринбосар топа олмагани ҳам Каррагернинг қай даражадаги муҳим футболчи бўлганлигидан далолат бериши шубҳасиз.
Марказий ҳимоя: Виржиль ван Дейк
75 миллион фунт-стерлингга харид қилиниш учун футболчи қай даражада зўр бўлиши керак? Албатта, топ даражада. Виржиль 2018 йил январь ойида «Саутгемптон»дан «Ливерпуль»га шунча сумма эвазига ўтди ва жамоанинг ҳимоясини дарҳол ўзгартириб юборди. Ундаги етакчилик қобилияти, ҳимояни назорат қилиши, бош билан яхши ўйнаши ва хотиржам қарор қабул қилиши уни энг яхшилар қаторида таърифланишига ёрдам берди. Дебют ўйинидаёқ «Эвертон» дарвозасига гол урган голландиялик футболчи илк мавсумда клуб ҳимоясида кучли тартиб ўрнатиб, «Ливерпуль»ни ЕЧЛ финалига қадар етаклаб борди. Бироқ финал Кариуснинг хатолари эвазига бой берилди ва келаси мавсум Алиссон харид қилинди. Алиссон ва ван Дейк жуфтлиги мерсисайдликлар ҳимоясини ҳақиқий деворга айлантирди ва дунёнинг энг кучли ҳимоясини юзага келтирдилар. 2019 йилда эса Ван Дейк Чемпионлар Лигасида зафар қучди, АПЛда йилнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди ва «Олтин тўп» совринида Мессидан кейинги 2-ўринни эгаллади, АПЛ ва ЕЧЛда йил рамзий жамоасидан жой олди. 2020 йилда эса узоқ кутилган Премьер-лига кубоги ютилди. Буларнинг ҳаммасида ван Дейкнинг ўрни беқиёс! Шундай экан, у рамзий жамоадан жой олиш учун мутлақо ҳақли.
Чап қанот ҳимояси: Эндрю Робертсон
2017 йил ёзида «Ливерпуль» «Ҳалл Сити»дан ёш иқтидор эгасини 8 миллион фунт эвазига харид қилганида кўпчилик шотландияликлар Робертсоннинг бу ерда муваффақиятга эришиши қийин, деб баҳолашган эди. Бироқ Юрген Клопп бошчилигида у оз муддат ичида ўта юқори даражали футбол намойиш этадиган ҳимоячига айланди. Клопп ўнг қанотда Арнольднинг ва чап қанотда Робертсоннинг тезкорлигидан моҳирона тарзда фойдаланиб, ўйинни уларнинг устига қуради, ёш иқтидорлар биргаликда жуда кўплаб голли узатмаларга муаллифлик қилиб, жамоанинг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшади. Робертсоннинг камтарлиги ва ажойиб ўйини ҳам унинг машҳур бўлишига ва клуб тарихидаги энг яхши трансферлардан бири, дея эътироф этилишида катта ҳисса қўшган.
Марказий ярим ҳимоячи: Стивен Жеррард (с)
Шубҳасиз, «Ливерпуль»нинг янги авлоди тарихидаги энг буюк футболчи! Сардорлик боғичини айнан Стивга топширамиз. Сабаблар етарлича. Жеррард «Ливерпуль»даги 17 йиллик фаолияти давомида ўзининг ҳар томонлама кучли ўйинлари билан омма эътиборини қозонган ва клубнинг афсонавий ўйинчиларидан бирига айланган. Ярим ҳимоячи «қизиллар» сафида Премьер-лигада 504 ўйин ўтказиб, 120 та гол уришга муваффақ бўлган. Унинг аксарият голлари шедевр чиққан. Мухлислар ҳалигача унинг «МЮ»га узоқ масофадан урган голини, «Арсенал»га, «Мидлсбро»га ва «Эвертон»га урган супер голларини фахр билан эслашади. У жамоада Майкл Оуэн ва Фернандо Торрес билан ажойиб трио ҳосил қилган ва бу билан ўз вақтида кўплаб инглиз клубларини даҳшатга солган. Брендан Рожерс қўл остида марказий ярим ҳимояда қайта кашф этилган Жеррард, афсуски, бир хатоси билан кўп бора эсланади. Ўша «Челси» билан кечган баҳсдаги сирпаниб кетиш саҳнаси унинг тушларига кириб чиққан бўлса ҳам ажабмас. Лекин, нима бўлганда ҳам, у клуб афсонаси, етакчиси ва фахри. Битта хато унинг бутун фаолиятига раҳна сололмайди. Шундай экан, у бу ўринга мутлоқ ҳақли!
Марказий ярим ҳимоячи: Хаби Алонсо
Испаниялик маэстро «Ливерпуль» клуби мухлисларининг росмана маънодаги муҳаббати эди. 2004 йилда у «Реал Сосьедад»дан Мерсисайдга келганидан сўнг, ўзининг меҳнатсеварлиги, заргарона узатмалари, тезкорлиги ва ғаройиб голлари билан барчанинг эътиборига тушади ҳамда Рафаэль Бенитеснинг энг яхши шогирдларидан бирига айланади. Алонсонинг Хавьер Маскерано ва Стивен Жеррард билан ҳосил қилган учлигини ўз вақтида нафақат клуб мухлислари, балки Англия ва Европанинг кўплаб мутахассислари ҳам «Дунёнинг энг кучли ярим ҳимоя чизиғи», дея эътироф этишади. Хаби камдан кам юлдузларга хос бўлган жуда камтар ва камгаплиги билан ҳам ажралиб турарди. Испаниялик футболчи «Ливерпуль»даги 5 мавсумида жами 200 дан ортиқ баҳсда майдонга тушади ва кетаётган пайтида ҳам мухлисларнинг севимлиси бўлиб қолади.
Ўзидан шу қадар яхши ва ажойиб хотиралар қолдиролган Хаби Алонсо 2009 йилги Бенитес билан келишмовчилик натижасида охир-оқибат «Реал»га ўтиб кетади ва шундан сўнг жамоада муаммолар даври бошланади: клуб унинг ўрнига муносиб футболчи топиш учун узоқ вақт қийналади.
Марказий ярим ҳимоячи: Стив Макманаман
Бизнингча, у ҳақида таъриф бериш учун бир воқеани эслашнинг ўзи кифоя. 90-йиллар футболи юлдузи бўлган Стив билан кўп қизиқ воқеалар бўлган. Улардан бири МЮнинг афсонавий мураббийи Сер Алекс Фергюссон номи билан ҳам боғлиқ. Бир сафар МЮ - «Ливерпуль» баҳсидан олдин Ферги ўз шогирдларига бор йўғи биттагина кўрсатма бергани ҳақида ҳалигача айтиб юришади: «Макманаманни тўхтатинг, қолгани осон!» Фергюссондек инсон томонидан шундай алқов олиш учун футболчи албатта, супер бўлиши лозим. Бундан ташқари, Стив сўнгги 30 йилликдаги “Ливерпуль”да очилиши қийин», дея баҳоланган футболчилар орасида ҳам энг зўр ўйин кўрсатгани сифатида тан олинади.
Макманаман 1999 йилда клубни эркин агент сифатида тарк этиб, «Реал» сафига бориб қўшилади. Бунгача у 240 та ўйинда майдонга тушиб, 41 та гол уришга муваффақ бўлган ҳамда ўз вақтида сардорлик боғичини ҳам муносиб ҳимоя қила олган.
Вингер (ўнг қанот) - Муҳаммад Салоҳ
Мисрлик суперюлдуз фаолиятининг дастлабки йиллари анча омадсиз кечган. Дастлаб, «Челси»да ўзини кўрсата олмагач, «Фиорентина» ва «Рома»да бир муддат ижарада бўлади. Айнан Римдаги ўйинлари туфайли Юрген Клоппнинг эътиборига тушиб, «Ливерпуль»га таклиф қилинади. «Ливерпуль»даги дебют мавсумидаёқ барча мусобақаларда 44 та гол уришга муваффақ бўлган футболчи Премьер-лига “олтин бутса”сини қўлга киритади ва Англияда “йилнинг энг яхши ўйинчиси” деб топилади. Бу ерда ҳақиқий юлдуз даражасига кўтарилган Муҳаммад Салоҳ келаси мавсум жамоаси билан Чемпионлар Лигаси кубогини боши узра баланд кўтаради ва АПЛнинг “олтин бутса”сини яна бир бор қўлга киритади. 2019-20 йилги мавсумда эса жамоаси билан клуб мухлисларини узоқ куттирган Премьер-лига кубогини ютишга муваффақ бўлади. Ҳужумда Салоҳ ўз шериклари Фирмино ва Мане билан фантастик трио ҳосил қилиб, барчани ҳайратга солувчи гол машинасига айланган.
Шубҳасиз, ҳақиқий афсона!
Вингер (чап қанот) - Садио Мане
Сенегаллик супер иқтидор эгаси Садио Мане 2016 йил ёзида «Саутгемптон»дан «Ливерпуль»га ўтганидан то ҳозиргача ўзини дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида кўрсатиб келишдан чарчамаяпти. У Клопп қўл остида «Саутгемптон»дагига қараганда бир неча баробар ўсди ва дунёга танилди. Шубҳасиз, унинг ракета тезлиги, оловли зарбалари, ҳал қилувчи голлари ва шедевр узатмалари Садиони мухлислар учун энг севимлилардан бирига айлантирган. Илк мавсумида 13 та, иккинчи мавсумида чап қанотда синаб кўрилгач 20 та, 3-мавсумида эса 26 та ва «Ливерпуль» АПЛ чемпиони бўлган йили 22 та гол уришга муваффақ бўлган ҳамда айнан шу йили у Премьер-лига “олтин бутса”сини ҳам қўлга киритган.
У жамоаси учун ҳар нарсани қилишга қодир ва энг муҳим пайтларда у доим ўзини кўрсатган. Оддий мисол қилиб, Кариуснинг кулгули хатолари билан эсланадиган ЕЧЛ финалини ёдга олиш кифоя. Ўшанда «Ливерпуль»ни ўйинга қайтарган ягона голга айнан бизнинг қаҳрамонимиз муаллифлик қилган эди.
«Салоҳ-Фирмино-Мане» триоси ҳали-ҳануз дунёнинг энг даҳшатли ҳужум чизиғи сифатида эътироф этилади ва бу Клоппнинг илк буюк имзоси сифатида тарихга муҳрланади.
Форвард - Луис Суарес
«Ливерпуль»нинг Премьер-лига давридаги ҳужумчилари орасида Суаресданда кўпроқ ўйин ўтказган ва кўпроқ гол урган ўйинчилар ҳам топилади, бироқ Суаресчалик мухлислар «оғзини очириб қўйган»лари деярли топилмайди. Робби Фаулер ва Майкл Оуэндан фарқли ўлароқ, Луис клубда атиги 3 ярим йил ўйнайди ва шу муддатнинг ўзида ўз номини клуб тарихига ўчмас ҳарфлар билан ёзиб кетади. 2011 йил январида «Аякс»дан «Ливерпуль»га ўтган Суарес клуб билан атиги битта совринни - 2012 йилги Англия Лига кубогини қўлга киритганига қарамай, 2 йил кетма-кет Премьер лига ва Европанинг “олтин бутса”ларини қўлга киритади. 133 ўйинда 82 та гол урган уругвайлик супер ҳужумчи 2013-14 йилги мавсумда Брендан Рожерс қўл остида чемпионликка жуда яқин келади ва айнан шу йили «Барселона»га ўтиб кетади. Унинг Мерсисайддаги 3 ярим йиллик ўйинларини ҳайрат билан томоша қилган мухлислар эса ҳалигача уни унутишмаган ва Суаресни доим яхши хотиралар билан эслашади.
Бош мураббий: Юрген Клопп
Шубҳасиз, у замонавий футболдаги энг моҳир мураббийлардан бири! Айнан унинг маҳорати эвазига «Ливерпуль» аввалги шон-шуҳратини қайтариб олди ва 30 йил деганда АПЛ чемпиони бўлди. Унинг шарофати билан жамоа янгидан тузилди ва Европанинг энг кучли жамоаларидан бирига айланди. Клопп - «Ливерпуль» афсонаси!
Захира ўриндиғи
Асосий таркибга кира олмай қолган энг яхши футболчиларни захира ўриндиғи учун муносиб кўрдик ва уларни ҳам бирин-кетин таништирамиз.
Дарвозабон: Пепе Рейна (Алиссондан кейинги энг яхши дарвозабон. Рейна захира ўриндиғи учун аниқ танлов);
Ҳимоячи: Сами Хююпя, Мартин Шкртел (Жамоанинг кўп йиллик барқарор ва супер ҳимоячилари);
Ярим ҳимоячилар: Жордан Хендерсон, Жеймс Милнер (Премьер-лига кубогини боши узра баланд кўтарган икки қаҳрамон: иккиси ҳам етакчи, жамоа сардори, пенальтилар устаси);
Ҳужумчилар: Майкл Оуэн, Фернандо Торрес, Робби Фаулер ва Роберто Фирмино (Фаулер клуб тарихидаги энг яхши тўпурар. Фидокорона ёрқин хизматлари эвазига Салоҳ ва Маненинг танилишида катта роль ўйнаган Фирминосиз эса, Клопп бу натижаларнинг бирортасига ҳам эриша олмаслиги аниқ эди. Шундай экан, улар бу жой учун муносиб! Торрес ва Оуэн эса ҳамон мерсисайдлик мухлислар кўз ўнгида ёқимтой болакайлар бўлиб гавдаланаверади. Уларнинг ёш ва жўшқин футболи бутун “Энфилд”ни ларзага сола олган).
Абдулла Маннонов тайёрлади
Фикрлар