Луис Суареснинг ўринбосари қаерда?

«Барселона»нинг захира ўриндиғи қиймати 300 миллион еврони ташкил этаётган бир пайтда асосий таркиб ҳужумчиси Луис Суаресга улар орасида бирорта муносиб ўринбосар йўқлиги клуб мухлисларини ташвишлантираётгани аниқ.

Уругвайлик ҳужумчи каталонияликларнинг тўққизлик вазифасига ягона вариант бўлиб қолмоқда. 31 ёшни қарши олган Суарес учун албатта рақобат керак.

«Реал Мадрид» Криштиану Роналдунинг йўқлиги сабабли «Сантьяго Бернабеу»да қайта қуриш ишларини олиб бораётган бир пайтда «Камп Ноу»дагилар супер-жамоа тузишлари учун айни вақти ҳисобланади.

«Барселона» ушбу ёзда таркибни сезиларли кучайтира олишди, ожиз нуқталарга зарур бўлган трансферларни амалга оширди. Таркибга камида қоғозда бўлса ҳам иқтидорли футболчиларни жалб қилишнинг уддасидан чиқди.

Ҳатто алиштириб бўлмас клуб афсонаси Андрес Иньестанинг кетишини ҳам клуб бир нечта трансферлар орқали вазиятни юмшата олди, дея оламиз.

Бразилиялик умидли ёш иқтидор вакили Артурнинг олиб келиниши узоқ келажакада Иньестанинг йўқлигини билдирмаслиги керак. «Интер»да ижарада тўп сурган Рафинья ҳам жамоада олиб қолинди. «Рома»га кетиши аниқ бўлган Малком йўналишни ўзгартирди. 20 миллион еврога тажрибали Артуро Видал сотиб олинди.

Январда олиб келинган Филиппе Коутиньо билан каталонияликлар янги мавсумда Европанинг энг яхши ярим ҳимоя чизиғидан бирига эга деб айта оламиз.

Ҳимояни кучайтириш мақсадида Клеман Лангле жалб қилинди. Бироқ «Барса» марказий ҳужумчи Луис Суарес учун ўринбосар олиб келмади. Сўнгги ўн икки ой ичида ўйинида пасайиш кузатилган ҳужумчига рақобатчи жалб қилинмаслиги мавсум давомида муаммо туғдириши мумкин.

«Камп Ноу»га келганидан кейин уч мавсум давомида «Ливерпуль»нинг собиқ ҳужумчиси дунёнинг энг кучли марказий ҳужумчиси мақомида бўлди. Ҳеч бир жамоа унинг тажовузкорлиги, салоҳияти ва аниқлиги қаршисида чора топа олмади. Уругвайлик ҳужумчи 147 ўйинда 121 бора рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди.

Шунга қарамай, 2017-18-йилги мавсумдан бошлаб унда муаммолар юзага чиқа бошлади. Суарес рақиб дарвозаси олдида секин, суст ва пала-партиш ўйин кўрсата бошлади. У «жаллодлик» қобилиятини йўқотиб қўйди.

Буни унинг статистикасида яққол кўришимиз мумкин. Мавсумни икки соврин билан якунлаган бўлсада, Суарес умумий ҳисобда 31 гол урганини алоҳида эътироф этмасдан иложимиз йўқ. Бироқ у энг муҳим мусобақа – Чемпионлар Лигасида бутунлай йўқолиб қолди.

Ушбу мавсумни ҳам у қуруқ тарзда бошлади. Гўёки ҳар мавсум у учун тобора қийинлашиб бораётгандек таассурот уйғотмоқда.

Буни футбол мутахассислари ҳам сезишмоқда. «Суарес ўзи ҳужумга бора олмаяпти, ьу ҳавотирланарли» – дейди журналист Ким Доменек «Севилья»га қарши учрашувдан кейин.

Валверде эса ўтган мавсумдагидек шогирди тарафини олмоқда. «Луис яхши. У эндигина таътилдан қайтди, у секин-аста тезлигини ошириб боради. Баъзан унга қийин бўлмоқда, аммо у яхши формада.»

«Барса» тўпурарининг ушбу ҳолати вақтинчалик эканлигига умид қилмоқда. «Алавес»га қарши Ла Лиганинг биринчи турида захира ўриндиғи қиймати 300 миллион евро (!) бўлди. Бироқ уларнинг орасида бирортаси Суаресга ўринбосар эмас.

Пако Алькасер бу вазифага яқинроқдек. Аммо у «Боруссия Дортмунд»га кетиши кутилмоқда. Қолган тақдирда ҳам у бу вазифани муносиб уддалай олмаслигини кўрсатиб бўлди.

Бу «Барса» мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш чорасини топиши кераклигини кўрсатмоқда. Суаресга ўринбосар ёки биринчи тоифали ҳужумчи олиб келиниши Мессига ҳам жуда зарур.

Аргентиналик суперюлдуз рақиб ҳимоячиларини доғда қолдиришга моҳир шерикка эҳтиёж сезаётгани тобора ортиб бормоқда. «Кўк-анорранглилар» янги мавсумда олий мақсадларни кўзлаган бўлса дарҳол Луис Суаресга янги рақобатчи олиб келишлари ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланади.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!