Лутфулла Тўраев: "Мураббийликка қадам босдингизми, сиз ўзгаришингиз керак" (1-қисм)
Мухлисларга яхши таниш бўлган футболчи Лутфулла Тўраев бу йилдан бутсаларини михга илишга қарор қилди ва ўзини энди мураббийликда синаб кўрмоқда.
Тўраевнинг охирги клуби “Нефтчи” бўлиб қолди. У ерда бир неча мавсумни ўтказди. Эндиликда Лутфулла ушбу клубда мураббийлар штабига қўшилди.
Sports.uz журналисти мураббийликка қадам босган Тўраев билан суҳбатлашди. Унда бир қатор мавзулар қамраб олинган бўлиб, суҳбатни икки қисмга бўлдик.
- Футболчилик фаолиятингизни якунлашингизни кутмаганлар кўп бўлди ва яна майдонда тўп суришингизни ўйлашганди ҳам. Ҳаммаси қандай содир бўлди: тасодифанми ёки аввалдан режалаштириб қўйганмидингиз?
- Икки йил Фарғонада ўйнаган бўлсам, 1,5 йил Виталий Григорьевич қўли остида тўп сурдим. 2022 йил иккинчи даврасида менга шу таклифни берганди. Қачондир футболни тугатасан, лицензияга ўқиш керак, сени ўз штабимда кўряпман деб таклиф берганди. 2023 йилни бошида жароҳат олдим, операция бўлдим. Шундан кейин яна ўйнадим. Тугатишимга операция бироз бўлса ҳам таъсир қилди. Левченко билан гаплашдим ва натижада фаолиятимни тугатишга қарор қилдим. Мураббийлик фаолиятимни бошлашни ният қилдим. Атрофимда яхши инсонлар жамланганди. Левченко ва унинг штабидагилар ажойиб ва улар билан ишлашга қарор қилдим. Албатта, менга футболчилик фаолиятимни давом эттиришим юзасидан таклифлар бўлди. Аммо организмимни қийнамай дея тугатишни хоҳладим.
- Футболимизда ўзингизга яраша статусга эгасиз. Ўйлашимча, Лутфулла Тўраев шунчаки футболни тугатиб қўя қолиши тўғри бўлмаса керак. Шундай экан, расман эълон қилиб, қандайдир хайрлашув учрашуви ташкиллаштириш режангиз йўқми?
- Туркия йиғинидан яқинда қайтдик. 2024 йилги Суперлигамиз бошланиш арафасида. Шунга тайёргарлик кўрдик. Тўғриси, бу нарса хаёлимда бор эдию, бироқ ҳали ўйлаб кўрмагандим. Бироқ хайрлашув ўйинини ўтказиш ниятим бор.
- Фаолиятингизда сиз билан бирга ўйнаган футболчилардан иборат рамзий терма жамоангизни айтиб бера оласизми?
- Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Анзур Исмоилов, Хайрулла Каримов, Виталий Денисов, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Жасур Ҳасанов, Рустам Қодиров, Шуҳрат Мирҳолдиршаев, Камолиддин Мурзоев. Мураббийлар иккита: Вадим Абрамов билан Виталий Левченко.
- “Нефтчи”да мураббий ролидаги ишингиз ва вазифангиз нимадан иборат?
- Футболни энди тугатганим учун ўйинчилар билан яқинмиз. Мураббийлар штаби ва футболчилар ўртасида кўприк, боғловчи, кўпроқ.
- Мураббийликда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз ёки ҳали ҳам хаёлингизда футболчи сифатида тасаввур қиляпсизми?
- Футболдан кейин ҳали ҳам ўйинчиман деган нарса кўп ўйинчиларда бўлади. Мураббийликка қадам босдингизми, сиз ўзгаришингиз керак. Ўзгармасангиз бўлмайди. Бу нарсага ҳаётни ўзи ҳам мажбур қилади.
- Жамоадошларингиз сизни мураббийликка ўтганингизни қандай қабул қилишди?
- Футболчиларни кўпчилиги ҳали яна ўйнасангиз бўларди деб айтишди, танишларим ва яқинларим ҳам. Икки йил кетма-кет жароҳат олдим, организмга дам бериш вақти келди, деб ҳисобладим. Тугатгач, яна қанақа инсонлар билан ишлашимга ҳам боғлиқ бўлиб қолди. Ҳамма яхши қабул қилишди. Лекин футболчиларнинг кўпчилиги яна сиз билан ўйнаш ниятим бор эди (кулади) деб айтишади.
- Одатда футболчилар мураббийларга мурожаат қилаётганларида уларни отасини исмини қўшиб гапирадилар. Сиз билан қандай бўляпти?
- Ҳали ўрганмаган, лекин унисига ҳам, бунисига ҳам бўляпти. Мураббийлар штабидаги барча менга устоздек.
- Сизда мураббийлик бўйича қандай лицензия бор?
- “С” лицензиясига ўқиганман. Шу йили “Б” учун ўқийман. Ўзимни ҳам кўп нарсани ўргангим келяпти. “С” лицензиясига ўқиганимда болалар футболи ҳақида билдим. Катта футболда ўйнаб юравериб болалар футболини тушунмас эканмиз. Бирорта ўйинчини у ерга олиб бориб қўйсангиз яхши тушунмайди. Ўқиши керак. Ўша курсларда ўзим учун кўп нарса олдим.
- Футболчилик фаолиятингизда сиз учун энг ёқимли ва ёқимсиз ўйин қайсилар?
- Ютқазсангиз ҳаммаси ёқимсиз бўлаверади. Ҳар бир ютган ўйин эса байрам бўлади, кайфият кўтарилади. 2012 йили “Бунёдкор” сафида ЖАР стадионида Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалида Жанубий Кореянинг “Улсан Хюндай” клубига ютқазганмиз. Ютганимизда финал Ўзбекистонда бўлиши керак эди. Афсус, “Улсан” ғалаба қозонган ва финал Кореяда ўтган. Ўша энг аламлиси бўлган. Ўшанда ярим финалга чиққанимиз катта гап эди. Ютганимизда эса ОЧЛ финали Ўзбекистонда ўтарди. Ёқимли хотирага келсак, 2011 йили “Насаф” билан ОФК Кубогини ютганмиз. Чемпионатда иккинчи ўринни эгаллаганмиз. Аслида бу дунёга келганимизни ўзи хурсандчилик.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар