Мадинабону Маннопова: Мен учун спорт тугади деб ўйлагандим...
Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Мадинабону Маннопова билан суҳбатлашдик. Қизиқарли кечган интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз!
Исм-шарфи: Мадинабону Маннопова Рустам қизи
Туғилган санаси: 13.04.2001
Туғилган шаҳри: Тошкент
Эришган ютуқлари:
7 карра Ўзбекистон чемпиони
3 карра Осиё чемпионати совриндори
Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинлари кумуш медаль соҳибаси
Жаҳон таэквондо президент кубогида 1 та олтин ва 2 та бронза медали соҳибаси
2019 йилги армия ўйинлари чемпиони
Кўп маротаба Халқаро мусобақалар совриндори ва чемпиони!
- Авваламбор, ўзингиз ҳақингизда ва қандай қилиб таэквондога кириб келганингиз борасида гапириб берсангиз.
- Мени таэквондога кириб келишим, аслида тасодиф бўлган. Уйимдагилар мени чиниқсин, деган мақсадда спортга беришган. Спортчи бўлиб кетишимни ўйлаб ҳам кўришмаган. 9 ёшимдан бери шуғулланиб келаман. Шу билан спортни ичида қолиб кетганман. Очиғини айтсам спортга у қадар қизиқишим юқори бўлмаган. Мактабда энг одобли ва аъло баҳоларга ўқиганман. Урушқоқ эмас, балки ювошроқ бўлганман.
Бобом мени спортга берганлар, таэквондо спорт зали ҳам уйимга яқин эди. Яна бир сабаби, мураббийим бошиданоқ менга алоҳида эътибор қаратган. Озғингина, бўйларим ва қўл-оёқларим узун бўлгани маъқул келган.
- Биринчи мураббийингиз ким бўлган?
- Биринчи мураббийим Собир Назаралиев. Энг яхши мураббий десам ҳам бўлади. 9 йилдан буён мени шуғуллантириб келадилар. Нафақат мураббий, балки инсон сифатида ҳам яхшилар. Шу қаторда, қаттиққўл мураббий.
Болалигимда ҳам мени шуғуллантирган, ўсмирлар мураббийи бўлганда ҳам мени мусобақаларга олиб чиқдилар. Ҳозиргача шу мураббий билан ишлайман. Ўтган йилдан бошлаб, катталар тоифасига киритилдим. Осиё чемпионатида ўсмир бўлиб туриб ҳам катталар ўртасида қатнашдим ва бронза медални қўлга киритдим. Ундан кейин, Осиё ўйинларида 2-ўринни эгалладим ва Ўзбекистон чемпионатида иштирок этдим. Айнан мамлакатимиз бўйича ўтган турнирда мен катталар ёшига етган эдим.
- Терма жамоа аъзолари билан муносабатлар қандай? Умуман барча таэквондочилар билан.
- Барчамиз аҳилмиз. Бир жамоамиз. Барчаси менинг акаларим ва опаларим ҳисобланишади. Спортда ҳам, ундан ташқарида ҳам доим қўллаб-қувватлашади.
- Режаларингиз қандай?
- Ҳозирги пайтдаги режаларни айтадиган бўлсам, кетма-кет 3 та мусобақада қатнашиб келдик. Бу йили фақат Ўзбекистон чемпионати қолди.
Умумий олганда эса, барча спортчилар қатори, мен ҳам олимпиядага йўлланмани қўлга киритишни мақсад қилганман. Бунинг учун рейтингимни яхшилаб олишим керак. Яхшилаб олиш учун эса халқаро мусобақаларда натижаларни яхшилаш керак ва совринли ўринларни қўлга киритишим керак бўлади.
- Демак энг юқори мақсадингиз...
- Ҳа, Олимпиада!
- Манчестерда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида таэквончиларга нима бўлди? Негадур кетма-кет кутилмаган мағлубиятлар рўй берди.
- Барча турнирларда ғалабарни қўлга киритиб келаётган эдик. Айнан жаҳон чемпионатига келганда шундай бўлиб қолди. Бу билан тўхтаб қолмадик. Ўз устимизда ишлашда давом этамиз. Бунақаси ҳар қандай спортчида ҳам бўлиб туради.
- Илк ютуғингиз қайси?
- Биринчи ютуғимни ёрқин хотиралар билан эслайман. Бу Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритганим бўлган.
- Айнан нималарни ҳис этгансиз?
- Ҳиссиётлар жудаям юқори бўлган. Барчаси кеча бўлгандек ёдимда. Боя айтиб ўтганимдек, урушқоқ қиз бўлмаганман. Мураббийим кўрсатмасига қараб иш қилардим. Аввалига, мусобақада осонлик билан рақибмни мағлуб этганман. Тошкент вилоятилик қизни устидан муддатидан аввал 12:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритдим, кейин эса тошкентлик қизни ютганман. Ярим финалга чиққан эканман, менга эса буни финал деб айтишган. Рақибим кучли эди. Тажрибали қиз эди ва доим Ўзбекистон чемпиони бўлиб юрар эди. Навоийлик қиз. Жанг тенг курашлар остида кечган. Жанг якунига 3 сония қолганида 7:8 ҳисобида ютқазаётган эдим. Шу 3 сония ичида, мен уни бурчакда боши ва юзига тепиб, нокдаун қилганман ва якунда 10:8 ҳисобида ютиб кетганман. Ютганимда мураббийларим ҳам хурсанд, барча хурсанд, мен эса Ўзбекистон чемпиони бўлдим деб қувониб кетгандим. Аммо финалда хоразмлик қизга қарши баҳслашганман ва бу ҳам унчалик қийин бўлмаган, 12:0 ҳисобида ғалаба қозонганман. Бу менинг биринчи ғалабам бўлган ва мен учун "адреналин" бўлган. Уйимдагилар ҳам ҳамон шу мусобақани эслайверишади. 34 кг бўлиб туриб, 37 кглилар билан тушганман.
- Бошқа яна қайси спорт турига қизиқасиз?
- Бадиий гимнастикага қизиқаман.
- Эътибор ва қизиқиши юқори бўлган спорт турларигачи? Масалан футбол, бокс...
- Футболга қизиқмайман. Ўзбекистонлик боксчиларнинг натижаларини кузатиб тураман, аммо боксни ҳам катта қизиқиш билан кузатмайман.
- Спортчи бўлиб кетишингизга, умуман спорт билан шуғулланишингизга уйингиздагилар қандай қарашади?
- Уйдагилар қарши эмас. Фақатгина онам мени жангларимни кузата олмайдилар. Гоҳида шуғулланмай қўяқол дейдилар. Ҳавотир оладилар, ҳар ҳолда яккакураш спорт турларида жароҳатлар рўй беради ва шундай ҳолатлар ҳам кузатилган. Қўлим синган, оёғим синган... лекин кўнглимга ва хоҳишимга қарайдилар.
- Энг оғир даврларингиз бўлганми ва шундай ҳолатлар бўлган бўлса, қандай чиқиб кетганингиз ҳақида айтиб берсангиз.
- Ўтган йилнинг бошида 2, 3 та халқаро мусобақаларда қатнашдим ва барчасида биринчи ўринни эгалладим. Ўша йили ўсмирлар ўртасида олимпиада бор эди. Шу олимпиадага йўлланма берадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашдим. Мақсадим олимпиядага йўлланмани қўлга киритиш эди. Бу учун тинимсиз меҳнат қилдим, пайти келганда уйга ҳам бормай, машғулотлар ўтказишга тўғри келганди. Аммо кореялик рақибимга аламли тарзда 21:20 ҳисобида имкониятни бой бергандим. Жуда қийин бўлган. Бўлди энди спортчилик фаолиятим ҳам тугади, деб ўйлагандим. Кейин барчасига жойига тушиб кетди, мураббийим тайёргарлик кўришимни ва катталар ўртасида мусобақага чиқишимни айтган. Катталар ўртасида Осиё чемпионатига бориб, 3-ўринни қўлга киритгандим.
- Фаолиятингиздаги энг ёқимли ютуғингиз қайси?
- Албатта, бу Осиё ўйинлари ва ушбу турнирда кумуш медалга эга бўлганим. Олтин медални олмаган бўлсамда, бу мен учун энг яхшиси бўлган.
- Айнан қайси жиҳатлари билан сизга ёқимли бўлган?
Мен ўзи ўсмирлар терма жамоасида эдим. Кейин мураббийлар штаби мени катталар ўртасидаги Осиё ўйинларига олиб боришга қарор қилишди. Ўша пайт, мен 46 кг вазн тоифасида даянга чиқардим. Мураббийлар мени 49 кгда қатнашишга лойиқ деб топишди. 49 кг вазн тоифаси, бу олимпиада вазни ҳисобланади. Рақибларим ҳам тажриба, ҳам ёш жиҳатидан мендан катта эди. Мураббий билан рақибларни яхшилаб ўрганиб, жиддий тайёргарликлар кўрганмиз. Насиб этган экан кумуш медални қўлга киритганман. Финалда таиландлик рақибимга ютқазгандим. Тўғрисини айтсам, кичкиналигимдан шу спортчига ҳавас қилиб келардим ва у билан жанг қиламан деб ҳеч қачон ўйламагандим. Умуман олганда, нафақат таэквондочилар, балки бутун делегация қатнашган ва айнан шуниси билан ҳам жуда қизиқарли бўлган. Бутун Ўзбекистон делегациясида ёши энг кичкинаси ўзим эдим.
- Демак финалдаги рақибингиз сизни кумирингиз бўлган.
- (Ўйланиб) Кумир деса ҳам бўлади, билмадим. Лекин таэквондо юлдузи эди.
- Ўзи, кумирингиз борми?
- Кумирим дейманми, билмадим. Кичкиналигимдан ҳавас қилганман Жасур Байкўзиев. Бу инсон биз учун акадек. Мураббийлик фаолиятини бошланганлар ва ҳозир энди бизга мураббий. Доим кузатиб келганман. Бундан ташқари, Никита Рафалович ва Дмитрий Шокин Ўзбекистон таэквондосининг етакчилари. Жасурака ўзлари спортчиликдан мураббийликка ўтганлари учун спортчининг ҳолатини яхшироқ тушунадилар. Ҳаётда ҳам жуда хотиржам ва яхши инсон.
Фикрлар