Ads

"Манчестер Юнайтед" клуби раҳбарияти жамоа ярим ҳимоячиси Андер Эррера билан шартномани узайтириш борасида келиша олмаяпти. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар тарқатмоқда.

Юқоридаги манбаага кўра “қизил иблислар”нинг янги келишувга кўра таклиф қилаётган маоши 29 ёшли испаниялик футболчига маъқул келмаяпти. Гап шундаки, Эрреранинг айни дамдаги йиллик маоши 4,4 млн еврони ташкил этади ва МЮ раҳбарияти ушбу маошни бироз оширишни таклиф қилмоқда.

Айтиш лозимки, Эрреранинг МЮ билан амалдаги шартномаси жорий мавсум якунида ўз ниҳоясига етади ва у шундан сўнг эркин агент сифатида истаган жамоасига текинга кўчиб ўтиши мумкин. Бундан аввалроқ унга ўзининг собиқ жамоаси ҳисобланган “Атлетик” Бильбаодан қизиқишлар бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Маълумот учун, Эррера “Манчестер Юнайтед” сафида 2014 йилдан буён тўп суриб келмоқда. У ўтган давр мобайнида жами 169та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 17та гол ҳамда 24та голли узатма ёздириб қўйишга эришган.