Мансур Саидов
Ads

Мансур Саидов футбол ишқибозларига жуда яхши таниш. Фаолияти мобайнида ўз ўйинлари билан кўпчиликни хурсанд қилган. Ҳозирда 35 ёшда бўлган ўйинчи жорий йилги мавсумни про-лига дебютанти “Ифтихор”да бошлаганди. Лекин орадан кўп ўтмасдан Саидов олтиариқликлар жамоасини тарк этди. У билан бирга Шерзод Ҳакимов ва Умид Қодиров ҳам кетишди.

1983 йилда туғилган Мансур Саидовнинг ҳозирги пайтда олдингидек кучга эга эмаслиги ва фаолиятини якунласа ҳам бўлаверади, деган фикрларни билдираётганлар йўқ эмас. “Ифтихор”дан кетганидан кейин биз ҳам унинг фаолиятини тугатса керак, деган хаёлга боргандик. Лекин аслида вазият бундай эмасга ўхшайди. Бу борада унинг ўзи билан суҳбатлашганимизда ҳали ҳам фаолиятини давом эттириш истаги борлигини алоҳида таъкидлади.

- Айни пайтда футболдан дам оляпман, вазият шундай бўлиб қолди, - дея гап бошлади, Саидов. - Лекин ҳар куни шуғулланиб турибман. Лекин бу футболсиз зерикяпман дегани эмас. Шерзод Ҳакимов билан бирга спорт формамизни йўқотмаслик учун ўз устимизда ишлаяпмиз. Қолаверса, оилам билан ҳам кўпроқ бирга бўляпман. Илгари менда бундай имконият кўп бўлмасди. Кечки пайт келсак, фарзандларим ухлаётган бўларди ва яна эрталаб чиқиб кетардим. Энди эса эрталабдан-кечгача оилам даврасидаман. Ёнимизда стадион бор, бўш вақтларимизда ўша ерга чиқиб шуғулланяпман. Биласизми, футбол ўйнаб юрган пайтимда оғирлигим 66 килограмм эди, кейин бу рақам 69 га чиқиб қолганди, аммо ҳозирда гарчи футбол ўйнамаётган бўлсам-да, машғулотларда қаттиқ ишлаётганим сабабли оғирлигим 65,5 кг. бўлиб қолди. Мен қатъий режим асосида ишлаяпман. Масалан, уч кун тренажёр залига борсам, яна уч кун майдонда машғулот қиляпман. Балки менга оилам даврасида бўлаётганим ёқаётгандир (кулади). 

- Суперлига баҳсларини кузатиб бораётгандирсиз, хўш, қандай фикрдасиз?

- Ўйинларни телевизор орқали кўриб турибман. Ҳаммаси яхши бўляпти, қизиқарли туюляпти. Суперлигада анча ўсиш бор. Олдинги чемпионат бошқачароқ эди, ҳозир эса ҳамма жамоа ҳужумкор ўйнаяпти, асосийси, барча клубнинг ўз мақсади бор. 

- Собиқ клубингиз “Нефтчи” ҳали ҳам ғалабасиз юришини давом эттиряпти. Сиз бу жамоага бефарқ эмассиз. Бу борада нима дея оласиз?

- “Нефтчи” ҳақида нима дейишга ҳам ҳайронман? Бу ердаги ўзгаришлар ҳали ҳамон давом этяпти ва бу ҳам балки футболчиларга таъсир қилаётгандир. Чунки ўзгаришлар кўп бўляпти. Лекин жамоанинг ўйини ёмон эмас. Менимча, “Нефтчи”га омад кулиб боқмаяпти. Фикримча, бир марта ютиб олса, кейин натижалари ижобий томонга ўзгаради деб ўйлайман. Фақат ана шу битта қадамни қўя олишмаяпти. Масалан, “Қўқон-1912”, “Навбаҳор” каби жамоаларга қарши “Нефтчи” яхши ўйнаганди. 

- Лекин “Нефтчи” ўз мавқеини тушириб юборди...

- “Нефтчи” биздан олдин ҳам бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Ҳозирги муваффақиятсизликни вақтинчалик ҳолат деб ҳисоблайман. “Нефтчи” учун ҳаммаси олдинда. Шу  сабабли бу клубнинг даври тугади деган гапларга қўшилмайман.

- Ёзги трансфер ойнаси очилган пайтда сизнинг қайси жамоага ўтишингиз қизиқ. Аммо билишимча, сиз яна Суперлига томон ошиқяпсиз, шундайми?

- Биласиз, мавсум бошида про-лигада “Ифтихор” жамоасида эдим. Аммо қарасам, яна бемалол Суперлигада ўйнашга кучим етар экан. Яъни, бир-икки йил яхши савияда ўйнай олишимга кўзим етади. Акс ҳолда фаолиятимни шу бугуннинг ўзида тугатиб қўйган бўлардим. Суперлигада ўйнай олишимга кўзим етганим учун ҳам ҳозирда машғулотларда қаттиқ ишлаяпман. Боя айтганимдек, агар футболни ташладим десам шу заҳотиёқ ташлаб юборавераман. Лекин кейин футболга қайта олмайман. Мана, Акмал Холматов 42 ёшида ҳам футбол ўйнаб юрибди. Демак, унда ҳали ҳам куч бор. Аммо у ҳам футболдан кетишни истаса, шу заҳотиёқ кетиши мумкин. Аммо кейин қайта олмайди. Шунинг учун Холматов ҳам футболдан роҳат олиб ўйнаб юрибди. 

- Дарҳақиқат, чемпионатни “Ифтихор”да бошлагандингиз. Аммо тезда у ердан кетдингиз. Бунинг сабаби нима билан боғлиқ?

- Ҳеч қандай сабаби йўқ. Ёзда Суперлигада ўйнашни истаганим учун дам олиб куч тўплашни хоҳладим. Футболни соғинган ҳолда катта иштиёқ билан қайтиш илинжида шундай йўл тутдим. 

- Ёки “Ифтихор”га ўтганингиз сиз учун нотўғри қарор бўлганмиди?

- Йўқ, бу нотўғри қарор эмасди. Фақат вазият шундай тус олди-да. Лекин мен жамоа билан яхши муносабатда хайрлашдим. Аммо ишонасизми, ўзим шуғулланаётганимдан кейин футболга бўлган иштиёқим янада ортди. Тезроқ Суперлигага қайтиб яна ўзимни кўрсатгим келяпти. 

- Барибир фаолиятингиз ўз манзили томон яқинлашиб келяпти. Ортда қолган йилларга назар ташласангиз нималар кўз ўнгингиздан ўтяпти?

- “Нефтчи”даги фаолиятимни доим ширин хотиралар билан эслайман. У ерга илк бор келганимни ва клубдан кетган чоғларим ёдимда. Юрий Саркисян даврида роҳат билан футбол ўйнаганмиз. Ҳозирги ҳолатни кўриб жамоага бефарқ эмаслигим туфайли ачиниб кетяпман. Битта клубда 17 йил ўйнаш ҳазил гап эмас. “Нефтчи” – бу менинг уйим. Саркисян бизни бир оила қилиб тарбиялаганди. “Нефтчи”да мен ўйнайманми ёки бошқасими, у ерда ким ишлашидан қатъий назар ўз мавқеини тиклашини хоҳлайман. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимдан нолимайман.- “Нефтчи”даги фаолиятимни доим ширин хотиралар билан эслайман. У ерга илк бор келганимни ва клубдан кетган чоғларим ёдимда. Юрий Саркисян даврида роҳат билан футбол ўйнаганмиз. Ҳозирги ҳолатни кўриб жамоага бефарқ эмаслигим туфайли ачиниб кетяпман. Битта клубда 17 йил ўйнаш ҳазил гап эмас. “Нефтчи” – бу менинг уйим. Саркисян бизни бир оила қилиб тарбиялаганди. “Нефтчи”да мен ўйнайманми ёки бошқасими, у ерда ким ишлашидан қатъий назар ўз мавқеини тиклашини хоҳлайман. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимдан нолимайман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.