Мараннинг “бўғиқ” футболи тугади, Баллардини “Женоа”ни қутқара оладими?
Хабарингиз бор, кеча “Женоа” клуби расмий сайти ва барча ОАВда бош мураббий Роландо Мараннинг истеъфога чиқарилгани расман эълон қилинди. Бу нафақат клубнинг Италиядаги мухлислари, балки Ўзбекистондаги футбол ихлосмандлари томонидан ҳам кутилаётган хабар эди. Охирги 10 та учрашувдан биттасидагина ғалабага эришган мураббий учун чиқиш эшикларининг очилиши аниқ эди. А Серия доирасидаги сўнгги ғалаба сентябрь ойида қайд этилганди. Клуб раҳбарияти унга етарли шароитларни яратиб бериш мақсадида жуда кўп ишларни амалга оширди. Элдор Шомуродов, Жанлука Скамакка ва Давиде Заппакоста харидлари генуяликларга озмунча суммага тушмади. Харажат қилган тараф натижа талаб этиши азалдан бор бўлган ҳолат. Бугун Мараннинг кетиш сабаблари, Баллардини клубга нима бера олиши ва янги мураббий услубига Шомуродовнинг қанчалик мос келиши ҳақида сўз юритамиз.
Роландо Маран
57 ёшли италиялик мутахассис ўз миллатига хос консерватив футбол билан натижаларга эришишни хоҳлади. Аммо замонлар ўзгармоқда. Ҳар қандай услуб қанчадир давр ўтгач эскиради, аниқроғи, уларга қарши тактикалар ўйлаб топила бошлайди. Апеннин яримороли вакиллари тарихан “катеначо” билан ном қозонган ва ҳимоядаги тартиб натижа келтиришига ишонадилар. Аммо Маран қўл остидаги футболчилар билан буни амалга ошириш имконсиз эди. Аввало, марказий ҳимоя вакиллари талабга жавоб берадиган даражада кучли эмас. Ҳимоядан ўйнашни истовчи клубда мудофаа маркази анча бақувват бўлиши лозим. Ваҳоланки, “Женоа”да энг ожиз нуқта ҳимоя ҳисобланади. А Серия сўнгги йилларда дунё даражасидаги марказий ҳужумчилар билан кучайди: Роналду, Иммобиле, Лукаку, Ибрагимович… Аввало, бу каби индивидуал маҳорат эгаларига қарши ҳаракат қилар экансиз, ҳимоядаги жипсликни бой беришингиз тайин. Роландо Маран икки чизиқли ҳимоя билан рақибни жарима майдонига киритмасликни асосий вазифаси этиб белгилайди. Бироқ, буни у жуда нотўғри бажариб келди. Бу каби ҳимояни тарғиб этган кўплаб мураббийларни кузатиш орқали кўришимиз мумкинки, улар мудофаанинг сўнгги тўртлигини жарима майдони ичига у қадар киргазиб юбормайди. Яъни, жарима майдонига учиб кирадиган тўпларнинг 60 фоизига дарвозабон жавоб беради. Ушбу мураббий тактикасида эса Перин фақат тепилган тўпларни қайтарадиган посбонга айланиб қолди. Жарима майдонида унинг ўзи бажара оладиган ишларга ҳам ҳимоячилар бириктириб қўйилди. Икки чизиқли ҳимоя рақибни қанотга сиқиб чиқариши ва иккинчи қаватдан тўп узатишга мажбур этиши лозим. Маран қўл остидаги марказий ҳимоячилардан биргина Маттиа Бани 190 сантиметр бўйга эга. Масьелло (185 см) ва Бехрами (184) у қадар бўй билан мақтана олмайди. Улар бир амаллаб иккинчи қаватдан узатилаётган тўпларни қайтараётган бўлиши мумкин, аммо бу тўплар яна рақиб жамоага бориб тушмоқда. Мана шундай паллада дарвозабоннинг қўллари ёрдамга келиши лозим.
“Женоа” ҳимоячиларига ҳужумга ўтиш, биринчи аниқ пасни узатиш орқали жамоани олдинга бошлаш каби бугунги тезкор футболда муҳим бўлган хусусиятлар етишмайди. У ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилардан ҳам мудофаа ташкил этиш воситилари сифатида фойдаланди. Бир сўз билан айтганда, унинг қўл остида футболчилар хато қилмаслик учун ўйнади. Уларга ўзи бириктирилган зонани тарк этмаслик, ўз вазифасини бехато бажариш юкланди. Футбол компютер ўйини эмаски, унда фақат белгилаб қўйилган ҳодисалар содир бўлса!
Давиде Баллардини
56 ёшли италиялик мураббий “Женоа”га бегона эмас. У тўртинчи маротаба клуб мураббийлигига тайинланмоқда. У футболчилик даврида ярим ҳимоячи бўлган ва ҳужумни яхши кўради. Роландо Маран эса туғма ҳимоячи. Демак, услуб жиҳатидан яқин орада генуяликларда катта ўзгаришлар кўрамиз.
Давиде 2010/2011 йилги мавсумда жамоани жуда яхши бошқарганини эътироф этиш жоиз. Унинг қўл остида клуб А Серияни 10-поғонада якунлаган. Европа Лигасига йўлланма берадиган ўринлардан саноқли очколар уни ажратиб қолган. Шу йил якунида Давиденинг клубни тарк этиши мутлақо кутилмаган тарзда содир бўлган. “Женоа” президенти Энрико Презиоси уни ҳеч бир асосли сабабсиз бўшатиб юборади. Яна бир йиллик шартномаси бўлишига қарамай, ўзаро келишмовчилик унинг клубдан кетишига сабабчи бўлди.
2013 йилда генуяликлар бош мураббийлигига қайтган Баллардини олдига қулаётган клубни элитада олиб қолиш вазифаси юкланди. У келгунича жамоа анча қийин ҳолатга келиб қолган бўлса-да, олдига қўйилган вазифани бажарди ва клуб А Серияда қолди. Ёзда Энриконинг эски “касал”и хуруж қилиб, жамоасини қутқарган мураббийни яна кетказиб юборади.
2017/2018 йилги мавсумда яна “грифонлар”ни бошқарган мураббийнинг жамоадан нима сабабдан кетгани ҳам номаълум. Клуб А Серияда 12-ўринни эгаллаган, таркибга нисбатан натижа у қадар ёмон эмасди.
Демакки, Баллардинининг келиши доим хайрли бўлган. Ундан яна натижа ва чиройли футбол кутишга ҳақлимиз.
Унинг услуби қандай? Юқорида айтиб ўтганимдек, у ҳужумни яхши кўради. Кучсизроқ жамоаларни бошқариш методикасини тўлиқ англаб етган ҳолда, ҳужумлар уюштиришни ҳам эсидан чиқармайди. У тарғиб этадиган футболда икки қанот лотераль ҳимоячиларининг ўрни катта. Бахтига, “Женоа”да тўп сураётган футболчилар орасидаги энг кучлилари айни шу позициядагилар. Доменико Кришито ва Давиде Заппакоста Европа футболида ном таратган ҳимоячилардан саналади. Ҳар иккаласи гранд жамоалар сафида ўзини кўрсатишга эришган. Баллардини услубида қанот ҳимоячиларининг жарима майдони томон узатадиган тўплари катта ўрин тутади. Унинг тактикасида футболчилар Маран услубидаги каби ўз зонасида қатъий туришга мажбур бўлмайди. Ким бўлишидан қатъи назар, рақиб ҳужумини тўхтатиб қолинса бўлгани. Баллардини услубининг камчилик тарафи ҳам шунда: футболчилар бир-бирларининг ўрнини ёпишга интилиши натижасида ўз зонасидаги ишларга улгурмай қолиши мумкин. Ўзи ярим ҳимоячи бўлганигами, ушбу позициядаги футболчиларнинг эркин ижод қилишига қўйиб беради. Улар энди бемалол узоқ масофалардан зарба бериб кўриши, кутилмаган, оригинал пасларни ижро этишга уруниб кўриши мумкин. Бир сафар ўтмаса, бошқа сафар ўхшаб қолиши мумкин. Муҳими, улар бу каби таваккалчилик учун Маран давридаги каби захирага киритиб қўйилмайди.
Элдор Шомуродов
Ҳамюртимизнинг янги мураббий қўл остида қандай тўп суриши мумкинлиги ҳақида бош қотираётган мухлисларни тинчлантирадиган жиҳатлар мавжуд. Баллардини даврида жамоа ҳужумида Лука Тони асосий фигура бўлган. У қандай типдаги футболчи бўлганини катта ёшдаги мухлислар яхши эслашади. Элдор сингари у ҳам жарима майдони ичидаги кутилмаган зарбалари билан рақиб дарвозасига гол уриб кетган. Шомуродовнинг “Ростов”даги голларини кўриб чиқсак, у узоқ масофадан иккинчи қаватга етказиб бериладиган тўпларни усталик билан дарвозага жойлай олишининг гувоҳи бўламиз. Унинг ностандарт зарбалари ушбу мураббийга манзур келиб қолиши эҳтимоли юқори.
Услубни истисно этганда ҳам, ҳужумни яхши кўрувчи мураббийнинг келиши юртдошимизнинг ўзини кўрсатиши учун яхшигина шароит яратиб бериши аниқ. Ўз ярим майдонидан рақиб постини ишғол этиш ҳолатлари ноёб саналади. Голлар уриш ва натижага эришиш учун ҳужумга ўтиш талаб этилади. Жамоага тўртинчи қайта келаётган мураббий буларни биздан ҳам яхшироқ тушунишидан умидвормиз.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар