“Мeталлург” олий лигада 24 ўйинда “Локомотив”ни 3 марта мағлуб этган холос


Олий лига мусобақа жадвали пешқадами “Локомотив” 30 июнь куни XXVI миллий чемпионатимиз биринчи давраси доирасидаги сўнгги учрашувини ўтказади. 3-турнинг қолдирилган ўйинида “темирйўлчилар”га “Металлург” жамоаси рақиблик қилади. Мазкур беллашув олдидан клуб матубот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди. 

Қайд этиш жоизки, ушбу икки жамоа шу пайтга қадар олий лигада 24 бор ўзаро тўқнаш келишган бўлиб, яққол устунлик “Локомотив” футболчилари томонида. Пойтахтликлар ўйинларнинг 14 тасида ғалабага эришган бўлса, бекободликлар ўзаро беллашувларнинг 3 тасинигина ўз фойдаларига ҳал эта олишган. Яна 7 та баҳсда ғолиб аниқланмаган – дуранг.

Рақиб дарвозасини ишғол этиш бобида ҳам устунлик “Локо” вакиллари тарафида бўлиб турибди. “Темирйўлчилар” шу пайтга қадар 46 бор “Металлург” дарвозасига йўл топа билишган ҳамда 19 марта ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишган.

“Локомотив”нинг “Металлург” устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси – 5:1 бўлиб, бундай ҳисобда тошкентликлар икки бор ғалабага эришган (2012 ва 2014 йилларда). Шунингдек, 2013 йилда “Локо” вакиллари бекободликларни сафарда 4 та тўп фарқи билан мағлуб этишни уддалашганди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Бекобод жамоаси “Локомотив”ни 3 бор мағлуб этган ва шу ўйинларнинг барчасида 1:0 ҳисоби қайд этилган. Сўнгги бор “Металлург” “Локомотив” устидан 2010 йилда ғалаба қозонишни уддалаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!