Ads

Қибрайдаги ўқув-машғулот масканида янги мавсумга тайёргарлик кўраётган Бекободнинг “Металлург” жамоасида бугун клуб сафига келиб қўшилган янги футболчиларни таништириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жамоа бош мураббийи Андрей Сергеевич Шипилов бу хусусда тўхталар экан, ўтган йилги таркибдан фақат 8 нафар ўйинчи қолганлигини, таркиб амалда бутунлай янгиланганлигини қайд этди.

Аммо бу ҳолат жамоанинг олдига қўйилган вазифасини уддалашида баҳона бўлмаслигини, “Металлург” Суперлигада муносиб иштирок этиб, мухлисларини чиройли, ҳужумкор ўйини билан хурсанд этишга тайёр эканлигини таъкидлади.

ЎФА Профессионал футбол лигасида “заявка” жараёни якунига етиб бораётган бир пайтда “Металлург” ўз таркибига яна бир ўйинчини қўшиб олди. Бу “Машъал” (Муборак) жамоаси посбони Жавоҳир Илёсовдир. Ўтган мавсум бекободликлар томонидан тепилган иккита пенальтини қайтарган Илёсов “Металлург”да 35-рақамда майдонга чиқадиган бўлди.

Ўз навбатида бу йилдан эътиборан “Металлург” ПФКнинг мавсум учун спорт кийимлари ва ўйин либосларида ҳам ўзгаришлар бўлганлиги маълум қилинди. Эндиликда бекободликлар “Аdidas” спорт либосларида майдонга чиқишади.