“Лос-Анжелес Гэлакси” клуби ҳужумчиси Златан Ибрагимович фаолятини яна Европада давом эттириши мумкин, дея хабар беради Corriere della sera нашри.

Манабада ёзилишича, швециялик футболчини “Милан” ортга қайтармоқчи. Ибрагимович миланликлар сафида 2010-2012 йилларда тўп сурган.

Жамоа бош мураббийи Женнаро Гаттузо ўзига ишонган ва тажрибали футболчи билан таркибни кучайтиришни ҳамда бу билан “россонерилар”нинг муҳим ўйинларида ижобий натижа қайд этишига ишонмоқда.

“Милан” раҳбарияти италиялик мутахассисга ЕЧЛга чиқиш ҳамда Европа Лигасида муваффақиятли юришни вазифа этиб тайинлаган. Бунинг учун ҳужум чизиғини кучайтириш керак.

Ибрагимовичнинг ўзи эса 37 ёш бўлишига қарамасдан яна икки йил юқори даражада тўп сура олишига ишонмоқда. У фаолиятини жонажон “Мальмё” клубида тугатмоқчи, аммо ҳозир Швецияга қайтмоқчи эмас. Унинг “Лос-Анжелес Гэлакси” билан тузган шартномаси 2019 йил декабрда якунига етади.