Миллатлар Лигаси. Йўқотишларга тўла Англия учун сўнгги имкон ёхуд Бельгиянинг “олтин авлоди” титул ютадими? (превью)

Бельгия - Англия қарама-қаршилиги ҳақида сўз юритишни бошлар эканмиз, аввало, уларнинг ҳар иккиси омадсиз терма жамоалар эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Инглизлар футболни ўзлари “дунёга келтириб”, унда етарлича катта ютуқларга эришмаган. Бельгия эса, ўзининг “олтин авлоди” билан ҳам ҳеч қандай титул юта олмаяпти. Яъни, жаҳон футболида мегаюлдузлар колоннаси ғалабага тенг эмаслиги айнан “қизил иблислар” мисолида яққол намоён бўлади. Гранд жамоа бўлиш инстинкти нима эканлигини айнан Бельгиянинг омадсизликлари мисолида кузатишингиз мумкин. 

Ушбу беллашувда ғалаба қозониш уларга Миллатлар Лигаси ғолиблигини кафолатламайди. Аммо финал босқичида иштирок этиш бу - улкан имконият.

Жамоалар ўртасидаги сўнгги баҳсда ҳам, очиғи, адолатсиз ҳисоб қайд этилганди. Англия терма жамоаси ғалабасига тўлиқ ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим керакки, ўша куни Бельгия ҳеч бир жиҳатда рақибидан қолишадиган футбол намойиш этмади. Кераксиз жойда совға қилинган пенальти ва Маунтнинг супер зарбаси инглизларга ғалаба келтирди. Каррасконинг голи офсайд сабаб бекор қилинди, ваҳоланки, тортишиб кўрса бўларди. Яна бир нечта вазиятларда Янник гол уриш имкониятини кўкка совурди. Лукакунинг рейдлари олдида “уч шерлар” ҳимоясининг тўрттала вакили ҳам ожиз қолди. 

Албатта, футболда вазиятларидан максимал фойдаланган жамоа ғалаба қозониб кетиши мантиқдан. Аммо ВАР орқали кўриб чиқишга арзийдиган жиҳатларнинг бўлганлиги бироз кўнгилни хира қилади. 

Em3F9mbXIAEZxbv

Бельгия
Роберто Мартинес шогирдлари ўз уйларида кечадиган беллашувларда анча ишончли ҳаракат қилиб келмоқда. Мезбон сифатида ҳаракат қилган сўнгги 10 та расмий учрашувида Бельгия фақат ва фақат ғалаба қайд этиб келяпти. Ушбу баҳсларда 46 та гол рақиблар дарвозасига жойланган.  Жамоаларнинг ўзаро беллашувларидаги натижалари ҳам қизиқарли кўриниш олган: 2 тадан ғалаба ҳар иккала тарафда ва 2 та дуранг. 

Бельгияда Азарнинг ўйнамаслиги бироз хафа қиладиган ҳолат. Бироқ, “Реал”га ўтгач, жароҳатлар гирдобидан чиқа олмаётган вингернинг йўқлигига кўпчилик ўрганиб ҳам қолди. 

Аммо рақибнинг йўқотишлари олдида уларники у қадар катта эмас. Устига-устак, Салемакерс ва Троссард сингари бир қатор яхши жаражали футболчилар таркибга қайтди. 

Тахминий таркиб: Куртуа, Алдервейрелд, Денайер, Бойата, Менье, Тилеманс, Вицель, Торган, Де Брюйне, Мертенс, Лукаку. 

EmubBDuXIAEcWA5

Англия

Гарет Саутгейт олдида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар кўпайиб кетди. Сентябрь ойидаги йиғинда Мейсон Гринвуд ва Филь Фоден тартибсизликка йўл қўйган ҳолда инглизларни жаҳон футболи жамоатчилиги олдида шарманда қилганди. Уларнинг беодоблигини бош мураббий жиддий жазоланади, дея ваъда берганди. Ҳа, Саутгейт ўз ваъдаси устида туриб, жамоасидаги муҳитни яхши ҳолатда сақлаб қолди. 

Энди эса футбол ватани вакиллари жароҳатлар тўла таркиб билан ўз гуруҳи етакчиси майдонига етиб келган. 

Англияда ҳам рақиблари сингари бир қатор қувонарли статистикалар мавжуд. Мисол учун, сўнгги 4 та меҳмондаги ўйинда улар гол ўтказиб юбормай, ғалаба қозонмоқда. 

“Уч шерлар” Брюсселда сўнгги бор 1970 йилда ўйнаганди. 50 йил аввал бўлиб ўтган учрашувда меҳмонлар 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди. 

Бугунги ғалаба ўша ўйиндагидан ортиқроқ фойда келтирган бўларди. Чунки, ярим аср аввалги баҳс ўртоқлик учрашуви мақомида бўлиб ўтганди. Бугун англияликлар Миллатлар Лигаси плэй-оффи илинжида майдонга тушмоқдалар. 

Тахминий таркиб: Пикфорд, Уокер, Кин, Дайер, Триппьер, Хендерсон, Райс, Чилуэлл, Стерлинг, Санчо, Кейн. 

EmzfTWZXIAUpWDj

Мураббийлар

Роберто Мартинес: “Октябрь ойида кечган баҳсни тўлиқлигича ўз назоратимизда ўтказгандик. Иккинчи таймда қўлимизда турган ғалабани бой бердик. Иккинчи 45 дақиқаликда биз ўйинимизга анчагина қўша олдик. Биринчи таймни жуда ажойиб кайфиятда якунлагандик. Эртага бизда яна бир маротаба ўзимизни синаб олиш имкони бор. Юқори даражали ўйинимизни 45 дақиқадан 90 дақиқага чўза олишимиз лозим”. 

roberto-martinez-belgium-1541148953

Гарет Саутгейт: “Биз мослашувчан бўлишга мажбурмиз. Тактик схемалардан фойдаланиш бўйича дўстларимиз билан маслаҳатлашиб олишимиз зарур. Футболчилар ўзларининг салоҳиятларига ва амалга ошираётган қарорларининг тўғрилигига тўлиқ ишонган тақдирдагина ушбу муҳим ўйинни ғалаба билан якунлашга муваффақ бўладилар. Жамоада ҳамма ўзига яраша етакчилик жиҳатларига эга ва турли вазифаларни бажарган ҳолда етакчилик қилишади. Жамоамизда кўп гапирмаса ҳам, етакчиликни ўз қўлида сақлаб қолишга қодир бўлган футболчилар етарли”. 

Em32y2vVkAIUNZL

Хулоса ўрнида

Бугунги ўйинда жамоалар голларга бой беллашувни эътиборимизга ҳавола этиши аниқ. Бельгия сўнгги 23 та учрашувнинг барчасида гол уриб келмоқда. 

Бугунги учрашувда Англия қанот вингерларига таяниб ҳаракат қилиши кутилмоқда. Айнан улар ўйиндаги бурилиш нуқтага айланиши мумкин. 

Шу қадар кўп жароҳатлар билан ҳам, инглизлар таркибида етарлича танлов имконияти борлиги уларга нисбатан ҳурматимизни оширади. 

Саутгейт шогирдлари ташаббусни қўлга олишга мажбурлар. Сабаби, ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа уларнинг аҳволини ғоят қийинлаштириб юборади. 

Роберто Мартинес жамоасида эса қарши ҳужумларда улкан имкониятлар пайдо бўлиши аниқ. Улар бехато ҳимояланиб, рақибни муносиб кутиб олса ва ҳужумларга жавоб бериб турса бўлгани. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)