Миржалол Қосимов: Футболчилар ҳам мухлис тўла стадионларда ўйнашни исташади

Ўзбекистон тарихидаги энг яхши футболчи, истеъдодли мураббий, айни дамда эса Тошкентнинг “Бунёдкор” клубида фаолият олиб бораётган Миржалол Қосимов ҳам Ўзбекистон футбол федерациясининг айни пайтда амалга ошираётган ислоҳотлари тўғрисида гапириб ўтди.

“Албатта, Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан амалга оширилаётган бундай ўзгаришларни тўғри деб ўйлайман. Авваламбор, биз футболчилар ва мураббийлар футболимиз ривожи учун хизмат қиламиз. Қолаверса мухлислар учун ўйнаймиз. Футболчилар ҳам бўш стадионларда эмас, мухислар тўла стадионларда жонини бериб ўйнагиси келади. Миллий чемпионатимизда рақобатбардош жамоалар қолиб, шиддатли ўйинлар кўпроқ бўлса, бундан фақат футболимиз ютади. Қолаверса, бу ислоҳотлар, ўзгаришларнинг замирида Миллий терма жамоага кучли футболчилар етказиб бериш мақсади ҳам ётибди. Миллий чемпионатимиз кучайса, ўз-ўзидан терма жамоаларимиз ҳам кучаяди.

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси ЎФФ ва ПФЛ ташкил қиладиган мусобақаларда иштирок этиш учун профессионал футбол клубларига қўйиладиган талабларни кучайтирди. Ушбу талаблар стадионларда барча шарт-шароитларнинг мавжуд бўлиши, футбол майдонларининг сифати яхшиланиши, ёритиш ускуналарининг белгиланган ҳолатда бўлиши каби жиҳатлардан иборат. Бу қарорлар ҳам футболимиз ривожига ҳисса қўшишига шубҳа йўқ”, - дейди Миржалол Қосимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!