Мирзоҳид Ғофуров:

«Навбаҳор» клуби ушбу мавсумни ўзи истаган даражада ўтказа олмаётгани ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Лекин жамоа таркибида тажрибали ўйинчилар ҳам етарлича. Боз устига маҳаллий футболчиларнинг бир неча йил мобайнида «Навбаҳор» учун тўп суриб келишаётганини ҳам айтиш жоиз. Масалан, наманганлик ярим ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуров «Навбаҳор» учун қўлидан келганича фойда келтиришга ҳаракат қилмоқда. Лекин доим ҳам ўйлаган режалар амалга ошавермайди. Биз эса жамоа етакчиларидан бири бўлган Мирзоҳид Ғофуров билан «Навбаҳор»нинг жорий мавсумдаги иштироки борасида мулоқотда бўлдик. Бу борада у бир қатор масалалар бўйича ўз фикрларини билдирди. Шу билан бирга охирги турда «Насаф»га қарши кечган беллашувда тайёр ғалабанинг нима учун қўлдан чиқариб юборилгани тўғрисида ҳам тўхталди.

«Навбаҳор»нинг жорий мавсумдаги иштироки ҳақида

- Бу йилги мавсумни катта-катта мақсадлар билан бошлагандик. Лекин омадсизликка кўпроқ дуч келиб қолдик. Бунинг устига биринчи давра охирларида кутилмаганда мураббий алмаштирилди. Унинг ўрнига келган мутахассисда эса вақт кам эди. Ҳар қандай мураббийга ҳам ўзини кўрсатиши ва натижа қайд этиши учун барибир вақт керак бўлади. Айниқса, исталган мураббий жамоага ўзининг тушунча ва фалсафаларини уқтириши учун ҳам вақт талаб этилади. Деян Журжевич ҳам вазиятни ўнглашга қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, аммо мен учун вақт жуда кам бўлиб қолди деб гапирарди. Хуллас, янги мураббийнинг услубига киришиб улгурмасимиздан иккинчи давра бошланиб кетди. Натижада яна кетма-кет омадсизликка юз тутдик ва очколар йўқотдик. Уч йилдан бери «Навбаҳор»да ўйнаётган бўлсам, ҳали бирин-кетин ўз майдонимизда икки марта ютқазмагандик. Аммо бу йилги мавсумда шундай ҳолат юз берди. Мағлубиятлар бўлавергач, мухлислар олдинги мураббийни қайтаришни талаб қила бошлашди. Натижа яхши бўлмаётгани ва ишқибозларнинг талабларини инобатга олган ҳолда ҳали имкониятлар камайиб кетмасидан олдин Андрей Канчельскис қайтарилди. Биз икки-уч ой ичида иккита мураббийнинг турли услубларидан чиқиб, яна ўша услубларга қайтиш жараёнини бошимиздан ўтказдик. Масалан, Канчельскис иккинчи давра учун бошқача трансфер  ва йиғинларни режалаштирганди. Журжевич эса ўзининг услубига мос келадиган ўйинчиларни олган. Канчельскис қайтганидан кейин олдингисининг услуби унга тўғри келмасди. Бунинг натижасида барибир омадсиз ўйинлар бироз бўлса-да, давом этиб келмоқда. Мағлубият бўлмаса-да, дуранглар кўпайиб кетяпти. Мавсум ҳам ўз поёнига етиб қолмоқда. Шунга қарамай, мураббий барибир охиригача курашишимизни тайинлаб келмоқда.

мирзохид гофуров2

Клуб қайси ўринни эгаллаши мумкин?

- Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Албатта, қолган жамоалар ҳам қараб ўтиришмайди. Тан олиш керакки, совринли ўринларга бўлган имкониятимиз кескин пасайиб кетди. Барибир биз охиригача ҳаракат қиламиз. Назаримда, 4- ёки 5-ўринга курашсак бўлади. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Боя айтдим-ку, барчасини вақт кўрсатади. Аслида камида ўтган йилги натижани кўрсатишимиз керак эди. Канчельскис айтганидек, биз охиригача кураш олиб борамиз.

Жамоа тушкун кайфиятдами?

- Ҳаммаси майлику-я, лекин ўз майдонимизда «Насаф» билан ўйиннинг охирги 10-15 сониясида ўз дарвозамиздан гол ўтказиб, тайёр ғалабани қўлдан чиқариб юборганимиздан кейин қаттиқ тушкунликка тушиб қолдик. Масалан, ўзимни оладиган бўлсам, орадан қанча вақт ўтган бўлса-да, ҳалигача ўша ўйинни унута олмаяпман. Ўйлашимча, бу йилги мавсумдаги энг аламли ўйинимиз бўлди. Ҳаттоки, мағлубиятдан ҳам ўтиб тушди. Жуда алам қиладиган бўлди.

Нима учун «Насаф»га қарши ўйинда ғалаба қўлдан чиқарилди?

- Яна ўша омадсизлик панд берди. 1:0 ҳисобида ютаётганимиз учун балки ғалабани эрта нишонлашни бошлаб юборгандирмиз. Ҳаттоки, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг охиргисида мухлислар хам «Навбаҳор» ютди деб ўйлашиб, стадиондан чиқиб кетишган экан. Биз ҳам ғалабамизга ишониб қолгандик. Лекин футболда барибир охирги сонияларгача вазият ўзгариб кетиши мумкинлиги яна бир бор исботини топди. Ўйин ҳакамнинг охирги хуштаги чалингунига қадар бўлади. Канчельскис доим бизга футбол 90 дақиқа ва қўшимча вақтлари билан бўлади деб гапиради. Кўп ҳолларда охирги дақиқалар ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунинг учун футболни сўнгги сонияларга қадар ўйнаш керак деб кўп айтарди. Унинг бу сўзлари ўз исботини топди. Ўша баҳсда биз ҳам, мухлисларимиз ҳам ғалабамизга ишонгандик. Фақат ўша охирги сонияларда бироз мувозанатни    йўқотганимиз қимматга тушди. Мен учун бу ўйин ва ундаги дуранг натижа мағлубиятлардан ҳам ўтиб тушди.

мирзохид гофуров

Андрей Канчельскис тўғрисида

- Андрей Канчельскиснинг ўзига яраша дунёқараши бор. Унинг ўзига хос характери бор. Қолаверса, ўз услубига ҳам эга. Сэр Алекс Фергюссондан ўрганган билимларини бизга ҳам ўргатади. Ҳозир дунёда Англия чемпионати энг яхшиси ҳисобланади. Ўзи ҳам у ерда ўйнагани учун тўплаган тажрибаларини бизга ўргатиб боришга ҳаракат қилади. У айнан шундай хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради.

Канчельскис доим «МЮ»нинг ўйинларини кўрсатадими?

- Ҳар доим эмас-ку, аммо керакли пайтларда мураббий бизга «Манчестер Юнайтед» ижросидаги ўйинларни кўрсатади. Айниқса, айрим вазиятлардаги эпизодларни бизга намойиш этиб, бунинг ўйинимизга ўхшаш жиҳатларини тушунтириб, нима қилиш кераклигимизни уқтиради. Шунинг учун футболни охиригача ўйнаш керак деб айтади. Айниқса, «Манчестер Юнайтед»нинг охирги 10 дақиқада керакли голлар уриб ютиб кетган вазиятларини бизга кўрсатади. Баъзида эса нимага жамоа биринчи бўлимда унчалик ўйнай олмаётгани муҳокама қилинади. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, рақиб ҳам бундай пайтда тайёр бўлади. Жамоанинг ҳақиқий кучи, ўйинга тайёр ёки тайёр эмаслиги ўйиннинг охирги 30 дақиқасида билинади. Унгача эса ҳамма клуб тайёрлигини айтади. Хуллас, мураббийимиз бизга мана шундай жиҳатларни айтиб ўргатиб туради.

Ғофуров яна клубда қоладими?

- Олдин мавсумни якунлаб олайлик. Албатта, қадрдон клубимда қолиб фаолиятимни давом эттирганим яхши. Ҳаммаси чемпионат тугаганидан кейин ойдинлашади. Шартномам эса тугаяпти ва яна бир йилга узайтириш варианти билан тузилган.