Мўйдин Мамазулумов: "Баҳром Ҳакимовни яхши биламан, "Динамо"га бошқача тайёрланяпмиз"
Эртага про-лига доирасида навбатдаги учрашувлар давом эттирилади. 2-турдан ўрин олган жуфтликлар орасида “Истиқлол” – “Динамо” тўқнашуви ҳам бор.
Фарғонанинг “Истиқлол” клуби дастлабки турда “Хоразм” майдонида мағлубиятга учрагач, бош мураббийликка Баҳром Ҳакимов тайинланди. Олдинда жамоани “Динамо”га қарши муҳим ўйин кутмоқда. “Истиқлол” таркибида илгари элитада тўп сурган ўйинчилар бисёр. Ишқибозларга яхши таниш бўлган ҳужумчи Мўйдин Мамазулумов илк турдаги мағлубият, олдинда турган ўйин ва мураббий ўзгарганига ўз муносабатини билдирди.
- Биринчи ўйинни “Хоразм”га қарши ўтказдик. Ҳамма жамоага ҳам у ерда ўйнаш осон эмас. Чунки “Хоразм”нинг майдони сунъий ва бу қийинчилик туғдиради. Ўша куни омад уларга кулиб боқди. Шундан кейин “Истиқлол”да мураббий ўзгарди ва Баҳром Ҳакимовни олиб келишди.
“Динамо”га қарши Ҳакимов бошчилигида тайёргарлик кўряпмиз. Ўз майдонимизда очилиш ўйин бўлади, мухлислар ва раҳбарларни ғалаба билан хурсанд қилмоқчимиз. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб Суперлига йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Олдин Баҳром Ҳакимов билан бирга ишлаганман. Мураббийни яхши биламан. Жамоадаги муҳит янада яхшиланган. “Динамо”га бошқача тайёрланяпмиз, - деди sports.uz мухбирига.
Фикрлар