Муҳсин Муҳаммадиев: "Бухоро мен учун шунчаки оддий шаҳар эмас"

Бу номни мухлисларга ортиқча таништиришнинг ҳожати йўқ. Футболга қизиққан ишқибоз борки, албатта, қачондир Муҳсин Муҳаммадиев номи билан тўқнаш келган. Айниқса, ёши катта мухлислар уни қандай футболчи бўлганини яхши билишади. Қолаверса, у Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Футболчилик фаолияти давомида «Бухоро» ва «Динамо»да тўп сурган. Яқинда эса «Бухоро»га бош мураббий сифатида ишга тайинланди. Лекин аксига олиб унинг бу жамоадаги ўйинлари муваффақиятсиз бошланди. Лекин у эндигина келди ва вазиятни ўзгартириш учун унда имконият ҳамда вақт бўлади.

«Мўъжиза ҳар куни юз беравермайди»

- Муҳсин Муслимович, биз билан суҳбатлашишга рози бўлганингиз учун миннатдормиз. Аввало, айтинг-чи, «Бухоро» клубида иш бошлашингиз қандай юз берди?

- Мени музокараларга таклиф қилишди. Жамоа бош директори Шуҳрат Ҳамроев қўнғироқ қилди. Биргаликда музокаралар олиб бордик. Мендан ташқари «Бухоро» жамоаси бош мураббийи вазифаси учун яна бир қанча мутахассислар билан музокаралар олиб борилганини айтишим керак. Охир-оқибат улар менинг номзодимда тўхташди.

- «Бухоро»да жорий биринчилик муаммолар кўпайиб кетгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Айтинг-чи, клубни қандай муаммолар қийнаяпти? Қолаверса, жорий мавсумда юзага келган ҳолат – «Бухоро»нинг 14-ўринни эгаллаб туришидан келиб чиққан ҳолда раҳбарият номзодингизга тўхтагани аниқ. Яъни, улар айнан сизни клубни жарликдан олиб чиқа олишингиз учун таклиф қилишган. Бундай чорловга тайёрмисиз?

мухаммадиев

- Айтишим мумкинки, «Бухоро»да иш бошлаганимга энди бир ҳафта бўлди холос. Бундай маҳалда узоқни кўзлаган режа борасида гапириш мушкул. Қолаверса, жамоа, таркибдаги ўйинчилар ва бошқа ходимлар билан энди яқиндан танишиб боряпман. Тез орада ўртада танаффус бўлади. Шунда иккинчи даврага тайёргарлик кўриш асносида ҳамма билан яқинроқ танишишга улгураман, деб ҳисоблайман. Тайёргарлик жараёнида ўйиннинг қайси жиҳатларини кучайтириш ҳақида ишлаймиз. Жамоада жиддий муаммолар бор деб ўйламайман.  

- Афсуски, «Бухоро»даги дебютингиз кўнгилдагидек чиқмай, клуб «Пахтакор»га йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Бухородаги йирик мағлубият туфайли мухлислар олдида уялиб қолдим деб ўйлайсизми?

- Албатта, ўз уйингда бундай ҳисобда мағлубиятга учрар экансан, ранжишинг тайин. «Пахтакор»дан 0:5 ҳисобида мағлубиятни қабул қилиш жуда оғриқли. Аммо футболда бирор нарсани ортга қайтаришнинг асло иложи йўқ. Яна шуни айтишим жоизки, бугунги кунда «Пахтакор» билан тенгма-тенг кураш олиб борадиган даражада эмасмиз. Ўйлайманки, бир кун келиб қарзни қайтарамиз.

- «Бухоро»ни жуда қийин шароитда қабул қилиб олдингиз. Бу таваккалона қарор эмасми?

- Мураббийлик иши – бу доим таваккалчиликнинг ўзгинаси. Шундай экан, мураббийлик соҳаси кишини мана шундай жиҳатлари билан ўзига тортади, тоблайди. Қийин шароитдан чиқиб кетиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз. Тўғри, буни амалга ошириш осон бўлмаслигини тушуниб турибмиз.

- Ўз вақтида жуда таниқли футболчи бўлгансиз. «Помир»да порлагансиз. Кейинчалик Россияда, Австрияда ва Ўзбекистонда ҳам тўп суриб маълум вақт «Бухоро» шарафини ҳимоя қилгансиз. «Бухоро» сиз учун бегона бўлмаган клубдир. Адашмасам, 9 та ўйинда 7 та гол киритгансиз, шундайми?

Муҳаммадеив3

- Гапингизда жон бор. Чиндан ҳам «Бухоро» мен учун бегона эмас. 1999 йили бу ерга келган пайтимда клуб сафида икки ой тўп суриш борасида келишиб олгандим. 9 та ўйинда 7 та гол урганман.

- Бугунги «Бухоро» биринчиликдаги мавқеини ўзгартира оладими?

- Албатта, ўзгартира олади. Биз раҳбарият билан бу масалани муҳокама қилдик, режа туздик. Жамоа ўйинида юзага келган инқироздан қутулишда раҳбариятнинг таъсири катта бўлади. Аммо бу бугун, эртага ёки индинга юз бермаслиги мумкин. Ўз навбатида жамоа мухлислари ҳам бироз сабрлироқ бўлишлари керак. Табиийки, ишқибоз халқи ўзи қўллайдиган клубдан дарҳол натижа кутади. Афсуски, бунинг иложи йўқ. Мўъжиза ҳар куни юз беравермайди.

- Сир бўлмаса «Бухоро» билан шартномангиз қанча муддатга тузилган?

- Раҳбарият билан жорий йил охирига қадар битим имзолаганмиз. Кейин нима бўлишини «Бухоро»нинг ўйинларида қайд этадиган натижалари кўрсатиб беради. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда.

- Айни чоғда «Бухоро»ни қандай муаммолар қийнамоқда?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, «Бухоро»да деярли муаммо йўқ. Иш ўз маромида кечяпти. Клубнинг молиявий аҳволи қониқарли даражада. Маошлар борасида футболчилардан қарз тўпланиб қолмаган. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат ўйин борасида ишлар унчалик яхши эмас. Агар машғулотларда яхши ишлаб, ўйинларга тайёргарлик кўрар эканмиз, натижалар ҳам аста-секинлик билан қониқарли кўриниш олиб бораверади.

- Одатда янги мураббий иш бошласа, жамоага ўзи яқиндан билган ва биргаликда ишлаб келган ёрдамчиларини жалб этади. Сиз ҳам шундай йўл тутасизми?

- «Бухоро»га ҳеч кимни эргаштириб келганим йўқ. Мураббийлар штабининг олдинги вакиллари билан ишлаяпман.

- Бу ерга келганингизга кўп бўлмади. Лекин чемпионат савиясини ҳис қилганингиз аниқ. Агар сиз тўп сурган пайт билан ҳозиргисини солиштирса, савия қай даражада ўзгарган?

- Албатта, ўзим ўйнаган пайтга таққосланса, бугунги савия анча ўсган. Аммо бугунги давр билан биз тўп сурган кезларни бир-бирига таққослаш жуда қийин. Ўтган давр мобайнида бу ерда кўп нарса ўзгариб кетди: майдон сифати, стадионлар, инфратузилма ҳаммаси бошқача кўринишда. Ўз навбатида шарт-шароитлар, хизмат учун тўланадиган ҳақ борасида ҳам катта тафовутни кўриш мумкин. Бу ерда ўйнаб юрган пайтларимда юқорида санаб ўтганларимнинг ярми ҳам топилмасди. Лекин бизнинг давримиздаги футболчиларнинг даражаси ҳозиргилардан асло қолишмасди.

«Ўзбекистон билан ОАВ орқали эмас, бевосита танишман»

- Ўзбекистон сизда қандай таассурот қолдирмоқда? Афтидан, юртимизни танимаётган бўлсангиз керак?

- Нега бундай деяпсиз? Ўзбекистонга тез-тез келиб турганман. Шу боис юртингизда амалга ошаётган барча ўзгаришлардан хабарим бор. Боз устига Ўзбекистон чемпионатини ҳам доим кузатиб келганман. Биринчилик савиясидан хабарим бор. Қолаверса, йиғинларни ташкил этиш чоғида бир неча бор Ўзбекистонга келганман. Шундай экан, Ўзбекистон билан шунчаки ОАВ орқали эмас, балки бевосита танишман, дея бемалол айта оламан.

Муҳаммадиев2

- Табиийки, бу ерда дўстларингиз ҳам кўп…

- Ҳа, жуда ҳам кўп. Равшан Бозоров, Андрей Фёдоров, Вазген Манасян, Рустам Мирсодиқов, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Усмон Тошев, Улуғбек Бақоев. «Бухоро»да ўйнашни бошлаган пайтимда Бақоев энди жамоага келган ва жуда ёш йигит эди. Яна кўплаб дўстларимни санаб беришим мумкин. Масалан, Андрей Микляев. У билан ҳали ўсмирлик пайтимизда бир-биримизга қарши ўйнаганимизни эслайман. Вадим Карленович Абрамовни ҳам яхши биламан. Даврон Файзиевни ҳам айтишим керак. У билан «Динамо»да бирга тўп сурганман. Бошқа дўстларимни ҳам ранжитмаслик учун фамилияларини бирма-бир санаб ўтмоқчи эмасман.

- Дарҳақиқат, Қозоннинг «Рубин» клубида спорт директори вазифасида ишлаган пайтингизда Андрей Фёдоров билан танишганингизга шубҳа йўқ. Қолаверса, Фёдоров ўшанда ўйинчилик фаолиятининг охирги йилларини шу клубда ўтказганди.

- Албатта, шундай. Мен «Рубин»да иш бошлаган пайтимда Фёдоров сиз айтганингиздек, ўйинчилик фаолиятининг охирги йилларини ўтказган. Кейинчалик у жамоага бошқа вазифада – селекция бўлимида ишлаш учун қайтган. Ўшанда мен спорт директори, у эса селекция бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган.

- «Локомотив»ни муваффақиятли тарзда бошқариб, яқинда истеъфога чиқарилган Фёдоров ҳақида яна нималар дея оласиз?

- У – жуда малакали мутахассис. Фёдоров буни «Локомотив»ни чемпионга айлантирган ҳолда ҳам исботлаб берди. У хусусида фақат ижобий фикрларнигина билдиришим мумкин.

 «Ноу Камп»даги ғалабани оддий сўз билан таърифлаб бўлмайди»

- «Рубин» кимсан «Барселона»ни «Ноу Камп»да сенсацион тарзда 2:1 ҳисобида енгган пайтда сиз ҳам ўша ерда эдингиз-а?

- Бўлмасам-чи!

- Таассуротларингиз?

- Албатта, бу биз учун жуда қувонарли воқеа бўлган. Ахир юлдузли таркибга эга «Барселона»ни доғда қолдирганмиз! Ўша кезларда «Барселона» ўз майдонида ҳеч кимга ютқазмаган. Биз эса шундай ишни амалга оширганмиз. Муваффақиятдан олинган таассуротларни оддий сўз билан таърифлаб бўлмайди. Яхши эслайман, кийимхонада йигитларда ҳатто бошларини кўтаришга ўзларида куч топа олмаганлар. Чунки улар мана шундай номдор рақибни енгиш учун майдонда энг охирги кучлари қолгунча тўп сургандилар. Боз устига ўша пайтларда «Барселона» таркибида замонавий футболнинг манаман деган юлдузлари тўп суришарди: Иньеста, Хави, Месси, Ибрагимович, Пуйоль…

- Ўшанда Ибрагимович гол урганди-а?

- Ҳа, шундай. Биздан эса Рязанцев билан Гекдениз Қорадениз ўзини кўрсатишган. Иккинчи голни киритишда Қораденизга Алехандро Домингес тўпни бехато етказиб берганди.

- Ўша ўйинни телевизор орқали кўриш асносида биз ҳам кўзларимизга ишонмагандик… «Рубин» «Барселона»дек грандни сафарда енгсая?!

- Нимасини айтасиз, ўшанда нафақат сиз, балки бутун дунё жамоамизга ишонмаган. Яна шуни қўшимча қилишим керакки, «Рубин» «Барселона» билан чемпионлар лигасида умумий ҳисобда тўрт бор тўқнаш келган бўлса, фақат биттасидагина ютқазган холос.

- Табиийки, «Ноу Камп»да қозонилган шов-шувли ғалаба Қурбон Бердиевнинг шуҳратига катта таъсир ўтказган. У билан ҳозиргача алоқани ушлаб турибсизми?

- Хабарингиз бўлса, яқинда у жамоани тарк этди. Аммо у билан имкон қадар алоқада бўлиб тураман.

«Терма жамоадаги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилмаганман»

- Бугунги кунда Усмон Тошев Тожикистон миллий терма жамоасини бошқаряпти. Унинг раҳбарият томонидан қўйилган вазифаларни бажара олишига ишонасизми?

- Биласизми, айни чоғда Тожикистон терма жамоасида авлодлар алмашинуви давом этяпти. Узоқ вақт мамлакат шарафини ҳимоя қилган футболчилар ўринларини ёшларга бўшатиб беришмоқда. Шу боис асосий урғу ёшларга берилмоқда. Албатта, раҳбарият бош мураббий олдига вазифаларни қўйган. У ҳам бўлса, Тожикистон шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган жамоани шакллантиришдан иборат.

- Ўз вақтида миллий терма жамоангизни икки йил давомида бошқаргансиз. Ўша ишингиздан қанчалик қониқиш ҳосил қилгансиз?

- Саволингизга шундай жавоб қайтараман: терма жамоадаги фаолиятимдан умуман қониқиш ҳосил қилмаганман. Бизда катта режалар бор эди. Аммо биз қўйилган вазифани бажара олмаганмиз. Албатта, масаланинг обьектив ва субьектив томонлари бўлади. Эсласангиз, ўшанда Тожикистон терма жамоаси ЖЧ саралашида жуда қийин гуруҳдан жой олганди. Жумладан, гуруҳда Австралия ва Иордания каби рақиблар бор эди. Устига-устак саралашдаги стартимиз ўхшамай, уйимизда Иорданияга имкониятни бой бериб қўйганмиз. Сафарда эса Бангладеш билан дуранг ўйнагандик. Ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, Австралия кейинчалик охир-оқибат жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан.

мухаммадиев2

- Айтишларича, бобонгиз Бухоро амирлигида ғазначи бўлиб ишлаган эмиш…

- 1920 йилда у Бухоро халқ хукуматига қарашли ер бўлимида вазир лавозимида ишлаган. Отам эса Когон шаҳрида туғилган. Кейин Душанбега кўчган. Мен Душанбеда туғилганман. Бундан кўриниб турибдики, Бухоро мен учун шунчаки оддий шаҳар эмас. Ахир бу шаҳри азимда менинг аждодларим яшаган.

- Мутахассис сифатида футбол оламидаги воқеалардан доим воқиф бўлиб келасиз. Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида сўрамоқчиман. Кўпчилик негадир Эктор Куперни ҳимоявий ўйинга урғу бераётгани учун танқид қиляпти. Бу борада нима деган бўлардингиз?

- Биринчидан, Купер – ўта юқори савиядаги мураббий. Уни мураббийлик цехининг мэтрларидан бири деб ҳисоблайман. Иккинчидан, уни бекордан-бекорга танқид қилишяпти, деб ҳисоблайман. Чунки Эктор Купер ўта жиддий мураббий. Шунчаки, унга ҳам терма жамоангизнинг ўйинига ўз фалсафасини сингдириши учун маълум вақт керак бўлади ва буни мухлислар тушунишлари мақсадга мувофиқ бўларди. Кўпчилик шошма-шошарлик билан хулоса чиқаришга одатланган: фалончи мураббий иш бошлади, натижа ҳам дарҳол ўзгаради, деб ўйлайди. Аммо бунақаси фақат эртакларда бўлади. Эктор Купер нима қилаётганини яхши билади. У терма жамоа учун муаммоли бўлган ҳимоядаги ўйинни кучайтирган ҳолда ишни шунга урғу беришдан бошлаган бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзбек футболчилари азал-азалдан техник жиҳатдан жуда яхши савиядаги ижрочилар саналашини исботлаб берганлар. Ҳимоядаги мустаҳкам ўйинга ҳужумдаги ранг-барангларни қўшса, жуда яхши ўйин чиқишига шубҳам йўқ. Шунда Ўзбекистон терма жамоаси бемалол жаҳон чемпионатининг финал йўлланмаси учун даъвогарлик қила олади. Футбол бежизга спорт турлари орасида биринчи рақамлиси деб эътироф қилинмайди. Футбол орқали азалий орзуга етишиш мумкин. Боз устига бутун дунёда футболни севиб ўйнашади. Шу боис учрашувлар чоғида осонликча ғалаба қозониш ҳақида ўйлаш хом-хаёл.

«Тожикистонда футболчиларнинг маошлари

Ўзбекистондаги каби юқори эмас»

- Кўпчилик Муҳсин Муҳаммадиевни тожик футболининг тирик афсонаси деб ҳисоблайди. Бундай гапларни эшитиш ўзингизга ҳам ёқса керак.

- (Бироз ўнғайсизланиб) Албатта, бу каби эътирофларни эшитиш ёқимли. Лекин тожик футболининг тирик афсоналари деган эътирофга муносиб футболчиларимиз жуда кўплигини айтмоқчиман. Улар мендан ҳам кўра бундай эътирофга кўпроқ муносиблар. Ғуломҳайдаров Вадим Алексеевич, марҳум Владимир Макаров 1979 йили «Пахтакор» таркибида авиаҳалокат қурбони бўлган. Геннадий Черевченко, Валерий Турсунов, Леонид Кириленко, Валерий Саричев, Олег Ширинбеков, Олег Малюков. Хуллас, бундай футболчиларни узоқ санашим мумкин. Масалан, Погорелов, у Ленинобод футболининг тарбияланувчиси. У фаолияти давомида Днепропетровскнинг «Днепр», Одессанинг «Чернеморец» клубларида ўйнаган. Бундайлар кўплигидан хурсандман. Бу каби ўйинчиларни унутиб бўларканми?! Улар тожик футболи учун кўп ишларни амалга оширишган. Тўғри, бугунги ёш авлод уларнинг ўйинини кўрмаган бўлиши мумкин. Лекин ўз давримда шундай футболчилардан ўрнак олишга ҳаракат қилганман.

- Бугунги Тожикистон футболининг мавқеини қандай баҳолаган бўлардингиз? «Истиқлол»га тузукроқ рақобат ҳосил қиладиган бошқа жамоалар деярли йўқ ҳисоби…

- Албатта, тожик футболида ҳам катта ўзгаришлар давом этмоқда. Тожикистонда ҳам футбол ривожланиб бормоқда. Гапингиз тўғри, «Истиқлол» охирги йилларда етакчи клуб бўлиб турибди. Бироқ «Хўжанд» жамоаси ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Бундан 10 йилча муқаддам «РегарТадаз» миллий футболимизнинг етакчи клубларидан бири сифатида тилга олинган. Таъкидлаш жоизки, Республика ҳукумати миллий футболни ривожлантириш йўлида режа тузган ва буни босқичма-босқич амалга оширяпти. 16-17 ёшдаги йигитлар жаҳон чемпионатига чиқишди. Бу эса тожик футболи учун катта муваффақиятдир. Бу йили жаҳон чемпионати бўлади ва йигитларимизнинг нималарга қодирлигини кўрамиз. Адашмасам, Тожикистон иккини бор жаҳон чемпионатига чиқди. Корея мезбонлигида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида вакилларимиз иштирок этишган. Улар ҳатто чорак финалгача етиб боргандилар. Бугун эса эртанги истиқболи ёрқин бўлиши сезилиб турган ёшларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этишлари билан буни амалда исботламоқдалар. Ўйлайманки, тожик футболида муносиб ворислар шаклланиб бормоқда.

- Эшитишимизча, Тожикистонда футболчилар 300-500 доллар миқдорида маош олишар экан…

- Албатта, Тожикистонда футболчиларнинг маошлари худди Ўзбекистондаги каби юқори эмас. Қолаверса, Ўзбекистонда майдон ва аҳоли сони ҳам юқори. Айни пайтда бизда футболчиларга катта миқдорда ҳақ тўлайдиган имкониятимиз йўқ. Ўйлайманки, вақт ўтиб бориши билан молиявий масала яхши томонга ўзгаради. Собиқ Иттифоқ даврида «Пахтакор» Осиё футболининг етакчиларидан бири сифатида эътироф қилинарди. Кейин эса биз катта саҳнага кўтарилиб, аста-секинлик билан уни қувиб етганмиз. Англаб турганингиздек, мен бу гап билан «Помир»ни назарда тутяпман. «Помир» 80-йиллар охири, 90-йилар бошида собиқ Иттифоқ олий лигасида жуда яхши ўйнаган. Мана шундай жамоа таркибида ўйнаганимдан ҳар қанча фахрлансам арзийди.

«10-синфда ўқиб юрганимдаёқ мени «Помир»га таклиф қилишган»

- Футболчи сифатида катта ютуқларга эришгансиз. Айтинг-чи, мураббий сифатида нимани орзу қиласиз?

-  Албатта, ҳар қандай мураббий каби мен ҳам бошқарувимдаги жамоа билан яхши натижаларга эришишни истайман. Қаерда ишламай, муносиб натижаларни кўрсатиш пайида бўламан. Бугунги кунда зиммамизга «Бухоро»ни инқироз кўчасидан олиб чиқиш вазифаси юклатилган. Орзуларга келсак, бизнинг ҳам орузларимиз ўзига яраша. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

мухаммадиев3

- Футболчи сифатида шаклланишингизга, яхши ўйин намойиш этишингизга ким кўпроқ таъсир ўтказган?

- Мураббийлар орасида аввало Салимжон Султоновни алоҳида айтиб ўтишим керак. Ўйнашни Душанбенинг «Энергетик» клубида бошлаган чоғимда у менинг устозим ҳисобланарди. Шунингдек, Сергей Борисович Лини айтишим мумкин. Таъкидлашим жоизки, ўсмирлар футболидан катталар футболига ўтиш чоғимда Юрий Дмитриевич Федосовнинг хизмати беқиёс даражада бўлган. Дарвоқе, ўз вақтида у Тошкетнинг «Пахтакор» жамоасида тўп сурган. У ўз даврининг таниқли ҳужумчиларидан бири бўлган. Бежизга Новосибирскнинг СКА жамоасида ҳам ўйнамаган. Катта футболга ўтишимда ўша мураббийнинг хизмати улкан даражада бўлган.

- Қўрғонтепанинг «Пахтакор» жамоасида ўйнаб юрганингизда сизга ким устозлик қилганди?

- Ғуломҳайдаров. Шундан сўнг катта футболга кўчиб ўтишим юз берган. Ғуломҳайдаров қўл остида ўйиннинг гаштини ҳис қила бошлаганман. Ўша жамоада икки мавсум тўп сурганимдан кейин мени «Помир»га чақиришган. Биласизми, 10-синфда ўқиб юрган кезларимдаёқ «Помир»дан таклиф олганман. Бу 1983 йили юз берганди.

- Адашмаётган бўлсам, Ўзбекистон чемпионатида жами 56 учрашувда ҳисобингизга 52 та гол ёзиб қўйгансиз. Собиқ ҳужумчи сифатида «Бухоро»даги иш жараёнингизда шу чизиқни кучайтиришга алоҳида урғу бераётган бўлсангиз керак?

- Тахминан шунга яқин бўлса керак, аниқ эсимда йўқ. Чемпионат ва Кубок доирадаги ўйинлар сони шунчага етган бўлиши мумкин. Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, ҳозирда асосий вазифа мусобақа жадвалидаги мавқеимизни имкон қадар яхшилашдан иборат. Шу боис ҳужумчиларга урғу бериш ҳақида бироз кейинроқ ўйласак керак.

- Бу мақсадингизга эришишингизда омад ёр бўлсин!

- Раҳмат, шундан умид қилиб қоламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Husniddin.Shoniyozov
29/06/2019 11:57
Buxoro klubiga Nasaf muxlislari nomidan bugungi oyinda omad!
&
ахмад49
03/07/2019 14:34
Демак Тожикистонда уйинчи ва мураббийлар 500 доллар атрофида маош олар экан,Узбекистон билан солиштирганд жуда кам экан,мисол учун бизда Пахтакор ва Локомотив жамоалари уйинчилари ойига 18-20 миллион сум маош олади,термамиз бош мураббийи тахминнан бир ойда соликларни чикариб ташласак 60 миллион сум атрофида булса керак.
&
Max1960
29/06/2019 12:26
Барсани Рубин.ютганда, Барса гурухдан.чикиб булган эди уларга.очко керакмасди, керак.юулганда Рубинни.сочворарди
Ulugbek Hakimov
29/06/2019 10:55
Гап йук
&
Chelsea_buxara
28/06/2019 23:54
Juda sayoz savollar