Мундиал сари. Танишинг - Аргентина терма жамоаси
Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар дунёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланган ва ушбу кубокни икки бор боши узра кўтарган Аргентина терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.
Аргентина - дунёга энг иқтидорли футболчиларни етказиб берадиган ва энг совриндор терма жамоалардан бири. Ушбу давлат 1912 йил ФИФА ва 1916 йил КОНМЕБОЛга аъзо бўлган. Аргентиналик футболчилар ўзларининг илк учрашувларини 1901 йил 16 май куни Уругвайга қарши ўтказишган ва якунда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишган.
Жаҳон чемпионатларидаги иштироки
Аргентина 1930 йил илк бор ташкил этилган жаҳон чемпионатида иштирок этган терма жамоалардан бири ҳисобланади. Улар ўша мусобақада финалга қадар етиб боришган ва ҳал қилувчи баҳсда эса майдон эгалари ҳисобланган Уругвай терма жамоасига имкониятни бой беришган.
Кейинги мундиал Италияда ўтказилди ва Аргентина бу сафар чорак финалдаёқ ўз иштирокини тўхтатишга мажбур бўлди. Шундан сўнг улар кетма-кет 3та (1938, 1950 ва 1954) жаҳон чемпионатида иштирок этишмади. 1958 ва 1962 йилги мундиалларда эса гуруҳ босқичидаёқ ўз иштирокларини якунлашди.
1966 йил Англия мезбонлигида ўтган мусобақада Аргентина нисбатан яхшироқ натижа қайд этди ва турнирнинг чорак финалига қадар етиб борди. Аммо, орадан тўрт йил ўтиб 1970 йил Мексикада ташкил этилган жаҳон чемпионатида Аргентина саралашдан ўта олмади. 1974 йилги Германия мундиалида эса гуруҳдан чиқишни уддалади, аммо кейинги босқичда мағлубиятга учраб, ўз юришини тўхтатди.
Ниҳоят 1978 йил жаҳон чемпионати Аргентина заминида ўтказилди. Дастлаб улар гуруҳда Италия, Франция ва Венгрия терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Илк турда 2:1 ҳисобида Италияга имконият бой берилган бўлсада, кейинги ўйинларда Франция ва Венгрия ҳудди шу ҳисобда доғда қолдирилди. Шу тариқа гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритган майдон эгалари навбатдаги босқичга йўл олишди. Бу босқичдан ҳам эсон-омон ўтиб олган Аргентина финалга қадар етиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда эса уларни Голландия терма жамоаси кутиб турган эди. Шиддатли кечган учрашувнинг асосий бўлими 1:1 ҳисобида якунлангач, ғолиб қўшимча бўлимларда аниқланди. Ушбу вақтда кетма-кет икки бор рақиб дарвозасини ишғол этган майдон эгалари шу тариқа ўз тарихларидаги илк совринни қўлга киритишди.
1982 йил Испанияда ўтказилган мусобақага амалдаги чемпион сифатида ташриф буюрган аргентиналиклар турнирни иккинчи босқичидаёқ тарк этишди.
Орадан тўрт йил ўтиб мундиалга Мексика яшил майдонлари мезбонлик қилди. Аргентина “A” гуруҳида Италия, Жанубий Корея ва Болгария терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Бу сафар улар Италияга мағлуб бўлишмади, аммо ғалаба ҳам қўлга киритилмади. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Кейинчалик Болгария (2:0) ва Жанубий Корея (3:1) терма жамоаларини мағлубиятга учратган Аргентина гуруҳда беш очко тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди ва навбатдаги босқичга йўлланма олди. Бу босқичда уларга қўшни Уругвай тўқнаш келди. Учрашув эса аргентиналикларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунанди. Чорак финалда Англия 2:1 ҳисобида доғда қолдирилгач, ярим финалда Бельгия ҳам 2:0 ҳисобида таслим этилди. Германияга қарши кечган финал баҳси голларга бой ўтди. Ҳал қилувчи ўйинда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган Аргентина ўз тарихидаги иккинчи чемпионликни Мексика яшил майдонларида қўлга киритди.
Кейинги тўрт йилликнинг энг йирик спорт тадбирига Италия мезбонлик қилди. Аппенин ярим оролида ўтказилган мусобақада амалдаги чемпионлар “B” гуруҳида Камерун, Руминия ҳамда Собиқ Иттифоқ терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Улар кутилмаганда илк турда Камерунга 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Кейин эса Собиқ Иттифоқ термаси 2:0 ҳисобида доғда қолдирилди. Сўнгги турда Руминия билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилгач, Аргентина гуруҳда учинчи ўринга тушиб кетди. Аммо, ўша пайтдаги мусобақа регламентига кўра гуруҳларда учинчи ўринни олган энг яхши 3та терма жамоага кейинги босқичга йўлланма берилар эди. Шундай қилиб гарчи учинчи ўринни қўлга киритишига қарамай Аргентина нимчорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Ушбу босқичда азалий рақиб – Бразилия билан тўқнаш келган Аргентина якунда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва навбатдаги босқичга йўлланмани қўлга киритди. Чорак финалда эса собиқ Югославия терма жамоаси пенальтилар сериясига кўра таслим этилди. Ярим финалда эса уларга яна бир азалий рақиб – Италия дуч келди. Бу учрашувда ҳам ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Бу борада омад яна бир бор Аргентинага кулиб боқди. Ҳал қилувчи баҳсда эса уларни яна Германия кутиб турган эди. Аммо, немислар бу сафар кубокни беришни исташмади. Учрашувнинг 85-дақиқасида пенальтидан киритилган ягона гол Бундестимга жаҳон чемпионлигини тақдим этди. Аргентина эса ўз ҳисобига кумуш медалларни ёздириб қўйди.
Шундан сўнг Аргентина терма жамоаси то 2014 йилга қадар финалга қадар етиб кела олмади. Улар орада 1994 йил нимчорак финал, 1998 йил чорак финал, 2002 йил гуруҳ босқичида, 2006 ва 2010 йилларда эса яна чорак финалда ўз юришларини тўхтатишга мажбур бўлишди.
Ниҳоят 2014 йил мундиал Бразилияда бўлиб ўтди. Улар бу сафар мусобақанинг “F” гуруҳида Босния ва Герцаговина, Нигерия ҳамда Эрон терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Барча ўйинларда ғалаба қозонган аргентиняликлар 9 очко билан гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишди. Нимчорак финалда Швейцария (1:0), чорак финалда эса Бельгия (1:0) доғда қолдирилди. Финал олдидан эса Аргентинани Голландияга қарши драматик ўйин кутиб турган эди. Аргентина ва Голландия ўртасида кечган ярим финалда ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Омад яна аргентиналикларга кулиб боқди. Улар шу тариқа финалга етиб келишди. Ҳал қилувчи баҳсда эса жаҳон чемпионатларининг сўнгги икки финалида Аргентина билан кураш олиб борган Германия терма жамоаси бор эди. 1986 ва 1990 йилги мундиаллар финалида айнан мана шу терма жамоалар ўзаро баҳс юритишган ва уларнинг бирида Аргентина, бирида эса Германиянинг қўли баланд келган эди. Бу сафарги финал ҳам аввалгиларидан қолишмади. Шиддатли кечган учрашувнинг асосий бўлими 0:0 ҳисобида якун топди ва ҳакам жамоаларни қўшимча бўлимларга таклиф қилди. Барчаси мана шу таймларда ҳал бўлди. Ўйиннинг 113-дақиқаси ўтиб бораётган бир паллада Марио Гётце Германияга олтин кубокни тақдим этган олтин голга муаллифлик қилди ва бу сафар чемпионликни немислар тантана қилишди. Аргентина эса ўз уйига кумуш медаллар билан қайтадиган бўлди.
Қитъа биринчиликларидаги натижалари
Аргентина – Жанубий Америка қитъасида энг кўп марта чемпионликни қўлга киритган терма жамоалардан бири ҳисобланади. Улар ушбу мусобақада 1916 йил илк бор иштирок этишган ва дебютнинг ўзидаёқ кумуш медалларни қўлга киритишган.
Шундан сўнг Аргентина терма жамоаси ўтган давр мобайнида 1921, 1925, 1927, 1929, 1937, 1941, 1945, 1946, 1947, 1955, 1957, 1959, 1991 ва 1993 йилларда ушбу мусобақада чемпионликни қўлга киритди. 1920, 1923, 1924, 1926, 1935, 1942, 1959, 1967, 2004, 2007, 2015 ва 2016 йилларда кумуш медалларга сазовор бўлди.
Аргентина терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар
Энг йирик ғалабаси: 1942 йил 22 январь, Аргентина – Эквадор 12:0.
Энг йирик мағлубияти: 1958 йил 15 июнь, Чехия – Аргентина 6:1.
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Хавьер Занетти (143).
Энг яхши тўпурар: Лионель Месси (61).
ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 1-ўрин (2007, 2008, 2015, 2016).
ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 24-ўрин (1996).
Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Сампаоли бундан бир неча кун олдин терма жамоанинг ЖЧ-2018 учун 23 нафар футболчидан иборат якуний таркибини эълон қилди.
Дарвозабонлар: Кабальеро («Челси»), Серхио Ромеро («Манчестер Юнайтед»), Франко Армани («Ривер Плейт»).
Ҳимоячилар: Габриэль Меркадо («Севилья»), Хавьер Маскерано («Хэбей Чайна Форчун»), Николас Отаменди («Манчестер Сити»), Федерико Фасио («Рома»), Маркос Рохо («Манчестер Юнайтед»), Николас Тальяфико («Аякс»), Маркос Акунья («Спортинг»), Кристиан Ансальди («Торино»).
Ярим ҳимоячилар: Эвер Банега («Севилья»), Лукас Билья («Милан»), Эдуардо Сальвио («Бенфика»), Кристиан Павон («Бока Хуниорс»), Максимилиано Меса («Индепендьенте»), Анхель Ди Мария, Жованни Ло Чельсо (иккаласи — «ПСЖ»), Мануэль Лансини («Вест Хэм»).
Ҳужумчилар: Лионель Месси («Барселона»), Пауло Дибала («Ювентус»), Серхио Агуэро («Манчестер Сити»), Гонсало Игуаин («Ювентус»).
Эслатиб ўтамиз, Аргентина терма жамоаси мусобақанинг “D” гуруҳида Хорватия, Исландия ҳамда Нигерия терма жамоаларига қарши баҳс юритади.
Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.
Фикрлар