Мундиал сари. Танишинг - Эрон терма жамоаси
Ads

Барчамизга аён яна саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар бизни мундиал орзусидан махрум этган қитъадошларимиз - Эрон терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Эрон Ислом Республикаси футбол федерациясига 1920 йил асос солинган ва 1945 йил ФИФА, 1954 йил эса ОФК аъзолигига қабул қилинган. Эрон терма жамоаси ўзининг илк учрашувини 1941 йил 25 августда Афғонистон терма жамоасига қарши ўтказган. Ўйин 0:0 ҳисобида якунланган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Эронликлар ўз тарихларида илк марта 1978 йил Аргентинада бўлиб ўтган мундиалда иштирок этишган. Ўшанда уларга гуруҳда Перу, Голландия ва Шотландия терма жамоалари рақиблик қилишган.  Эрон ушбу рақиблар ичида фақатгина Шотландияга (0:0) енгилмаган. Перу (4:1) ва Голландия (3:0) терма жамоаларига қарши ўйинда эса йирик ҳисобларда имкониятни бой беришган. Форсларнинг илк жаҳон чемпионати айнан шундай якун топган.

Шундан сўнг Эрон терма жамоаси кетма-кет 4та жаҳон чемпионатини ўтказиб юборди (1982, 1986, 1990 ва 1994).

Ниҳоят 1998 йил Франция яшил майдонлари мезбонлигида ўтган мусобақада Эрон терма жамоаси иштирок этди. Бу сафар улар АҚШ, Германия ва собиқ Югославияга терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олишди. Гуруҳ босқичининг илк турида Эрон собиқ Югославияга 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бироқ, иккинчи турда анчайин номдор ҳисобланган АҚШ терма жамоаси 2:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Бу уларнинг жаҳон чемпионатларидаги илк ғалабаси бўлиб тарихга кирди. Сўнгги турда уларни Германия терма жамоаси кутиб турган эди. Форслар “немис машинаси” қаршилигига дош бера олишмади ва 2:0 ҳисобида мағлуб бўлишди. Шундай бўлсада уларга гуруҳда учинчи ўрин насиб этди.

Шундан сўнг 2002 йилги Жанубий Корея ва Япония мезбонлигида ўтган мусобақа эронлик футболчиларсиз ўтди. Бироқ, улар орадан тўрт йил ўтиб Германияда бўлиб ўтган мундиалда иштирок этишди. “D” гуруҳида Ангола, Португалия ва Мексика терма жамоаларига қарши кураш олиб борган Эрон якунда 1 очко билан гуруҳнинг сўнгги ўрнида қолиб кетди. Эслатиб ўтиш лозимки, ўшанда улар дастлаб Мексикага 3:1 ва кейинроқ Португалияга 2:0 ҳисобида ютқазиб қўйишган эди. Фақатгина сўнгги турда Ангола билан 1:1 ҳисобидаги дуранг эронликларга ягона очкони тақдим этган.

2010 йил Жанубий Африка мезбонлигида ўтган мундиал саралашидан ўта олмаган Эрон орадан тўрт йил ўтиб Бразилияда бўлиб ўтган ЖЧ-2014га ташриф буюрди. Форслар бу сафар “F” гуруҳида Аргентина, Нигерия ҳамда Босния ва Грецаговина терма жамоаларига қарши баҳс юритишди. Илк турда Нигерия билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган Эрон, гуруҳнинг қолган икки учрашувида Аргентинага ҳам (1:0), Босния ва Герцаговинага ҳам (3:1) имкониятни бой бериб қўйди. Эронликлар бу сафар ҳам бир очко билан гуруҳда қолиб кетишди.

Россия мундиали йўлида эронликлар Осиё минтақаси сўнгги саралаш босқичида “А” гуруҳида Ўзбекистон, Жанубий Корея, Сурия, Қатар ва Хитой терма жамоалари билан кураш олиб борди. Якунда бирорта ҳам ўйинда мағлуб бўлмаган форслар 22 очко билан биринчи ўринни қўлга киритишди ва ЖЧ-2018га йўл олишди. Энди улар бу ерда “Б” гуруҳида Испания, Португалия ва Марокаш терма жамоаларига қарши баҳс юритишади. 

Қитъа биринчилигидаги натижалари

Эрон терма жамоаси ўзининг Осиё чемпионатларидаги иштирокини 1968 йилдан бошлаган. Ўшанда мусобақага Эрон мезбонлик қилган ва якунда майдон эгалари ўз мухлислари кўз ўнггида илк чемпионликни тантана қилишган эди.

Орадан тўрт йил ўтиб 1972 йил мусобақа Таиландда ўтказилди. Яна финалда иштирок этган эронликлар бу сафар Жанубий Кореяни 2:1 ҳисобида таслим этишди ва яна кубокни ўзлари билан олиб кетишди.

1976 йил Осиё чемпионати яна Эронда бўлиб ўтди. Бу сафар финалда майдон эгаларига қувайтлик футболчилар рақиблик қилишди. Учрашувнинг 78-дақиқасида Али Парвиннинг киритган ягона голи Эронга кетма-кет учинчи чемпионликни тақдим этди.

Шундан сўнг Эрон терма жамоаси ҳалигача Осиёда чемпионликни қўлга кирита олмай келмоқда. Уларнинг сўнгги чемпионликдан сўнг қайд этган энг яхши натижалари 1980, 1988, 1996 ва 2004 йилларга тўғри келади. Ўша йиллари Эрон қитъа чемпионатида бронза медалларни қўлга киритган.

Эрон терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 2000 йил 24 ноябрь, Эрон – Гуам 19:0.

Энг йирик мағлубияти: 1950 йил 28 май, Туркия – Эрон 6:1.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Жавад Некунам (151).

Энг яхши тўпурар: Али Даи (109).

ФИФА рейтингидаги энг яхши кўрсатгичи: 2005 йил 15-ўрин.

ФИФА рейтингидаги энг паст кўрсатгичи: 1996 йил 122-ўрин.

Бундан бир неча кун аввал Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлос Кэйруш ЖЧ-2018 учун кенгайтирилган таркибни эълон қилди.

Дарвозабонлар: Муҳаммарашид Мазахери («Зоб Ахан»), Амир Абедзаде («Маритиму», Португалия), Алиреза Бейраванд («Персеполис»), Хуссайн Хуссайни («Истиқлол»);

Ҳимоячилар: Жалил Хуссайни, Муҳаммад Ансари (иккаласи – «Персеполис»), Стивен Бейташур («Лос-Анджелес Гэлакси», АҚШ), Рамин Резаян («Остенде», Бельгия), Вурия Гафури, Саид Агаеи (иккаласи – «Сепахан»), Муҳаммад Реза Хонзода («Фулад»), Милод Муҳаммади («Ахмат», Россия), Пежман Мунтазари, Омид Нурафкан, Мажид Хуссайни, Рузбех Чешми (барчаси – «Истиқлол»), Муртазо Пуралиганжи («Ал-Садд», Қатар);

Ярим ҳимоячилар: Саид Эззатоллахи («Амкар», Россия), Масуд Шожаеи (АЕК, Греция), Саман Годдос («Мальме», Швеция), Ашкан Дежага («Ноттингем Форест», Англия), Ахмад Абдуллазаде («Фулад»), Омид Эбрахими («Истиқлол»), Мехди Тораби, Али Голизода (иккаласи – «Сайпа»), Соруш Рафиеи («Трактор Сази»), Эхсон Хожсафи («Олимпиакос», Греция), Али Карими («Сепахан»), Вохид Амири («Персеполис»);

Ҳужумчилар: Карим Ансарифард («Олимпиакос», Греция), Сардор Азмун («Рубин», Россия), Реза Гучаннежад («Херенвен», Голландия), Алиризо Жаҳонбахш (АЗ, Голландия), Мехди Тареми («Ал-Гарафа», Қатар), Каве Ризои («Шарлеруа», Бельгия).

Эслатиб ўтамиз, Эрон терма жамоаси бугун ўртоқлик учрашуви доирасида Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйин ўтказади. Ушбу учрашув Тошкент вақти билан соат 21:15да бошланади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.