"Мухлисларга берган ваъдамизни устидан чиқдик, селекцияни 90 фоизга бажардик" ёхуд Улуғбек Бақоев "Бухоро"ни қандай жамоага айлантираётганини биласизми?

TIGGO 2 PRO

Ўтган йили про лигада қатнашишига тўғри келган “Бухоро” бир йилдан кейин яна Суперлигага қайта олди. Бунда бош мураббий Улуғбек Бақоевнинг алоҳида ҳиссаси бор. Тўғри, икки йил аввал жамоа унинг бошқарувида лигани тарк этганди. Бироқ бунга турли сабаблар бор эди. Раҳбарият эса Улуғбек Истамовичга яна ишонч билдиришда давом этдилар ва мураббий сўзининг устидан чиқиб, “Бухоро”ни бир йилда Суперлигага қайтарди.

Айни пайтда Бақоев жамоаси билан Тожикистонда янги мавсум учун тайёргарлигини олиб бормоқда. Sports.uz журналисти бош мураббий билан кенг қамровли масалаларда суҳбатлашди.

- Улуғбек Истамович, 2023 йилда “Бухоро” омадсизлик туфайли про лигага равона бўлганди. Ўтган йили қуйи лигада иштирок этиб жамоани яна Суперлигага қайтардингиз. Ҳаммаси қандай ўтди?

- Агар 2023 йилни эсга оладиган бўлсак, адашмасам ўшанда апрель ойида “Бухоро” жамоасини қабул қилиб олгандик. Клубнинг ҳолати, яъни, ички муҳит яхши эмасди. Кетма-кет мағлубиятларга учрадик. Устига-устак ўшанда селекцияни амалга оширишнинг иложи йўқ эди. Шу сабаб асосий урғуни ёшларга берганмиз. Футболчиларнинг ёши ҳам 18-19-20 дан сал ўтганди, холос. Фақат Норхонов уларга нисбатан каттароқ эди. Шундай бўлса ҳам ишларимиз яхши бўлиб кетишидан умид қилганмиз. Лекин қилган умидларимиз амалга ошмади, пучга чиқди. Назаримда, ўшанда биз бир-биримизни яхши тушунмаган кўринамиз. Хуллас, охир-оқибат шу бўлдики, биз 2023 йили лигадан тушиб кетдик. Бу менинг мураббийлик фаолиятимда илк бор шундай ҳолат содир бўлиши эди. Гарчи Суперлигадан тушиб кетган бўлсак ҳам раҳбарият ва вилоят мутасаддилари билан суҳбатлашдик. Одатда, бундай маҳалда мураббий ишдан олинарди. Бироқ юқоридагилар бизга ишонишди ва клубни Суперлигага қайтара олишимиз мумкинлигини вазифа қилиб қўйдилар. Кейин эса ҳамма ўз изига тушиб кетди. Энг аввало, селекцияни ўзимиз билган ҳолда амалга оширдик ва таркибга керакли бўлган ижрочиларни жалб этишга муваффақ бўлдик. Шунинг эвазига бўлса керак олдинга қўйилган вазифани бажариш анча енгил кўчди. Ёдингизда бўлса, ўша мавсумда биз “Бухоро” стадиони таъмирлашда бўлгани боис ҳамма ўйинларни бошқа майдонда ўтказишга мажбур бўлдик. Шундай бўлса-да, клуб раҳбарияти, вилоят мутасаддилари ҳамда “Бухоро” ишқибозларига берган ваъдамизнинг устидан чиқдик.

Биласизми, клуб уй ўйинларини ҳам четда ўтказишга мажбур бўлар экан, муайян даражада қийинчиликларга рўбаро келади. Бизга асосан шундай муҳит бироз бўлса ҳам қийинчилик туғдирди. Ўшанда биз мураббийлар асосан ўйинчиларнинг савияси, даражасига суянган ҳолда тўп сурдик ва қийинчиликларни ортда қолдиришга эриша олдик. Ўзингизга маълум, про лигада чемпионат тўрт босқичдан иборат ўтказилади. Биз шу босқичларда жуда яхши ҳаракат қилдик ва олдимизга қўйилган вазифани бажаришга муваффақ бўлдик. Таъкидлашим жоизки, айниқса биринчи давра ўйинлари жуда ҳам оғир кечган. Биз кутилмаган ҳолда кетма-кет дуранглар ўйнашга тушдик. Фақат иккинчи давра баҳсларига келибгина натижаларимиз яхши кўриниш олди ва охир-оқибат мусобақа жадвалида иккинчи ўринни банд этган ҳолда Суперлига йўлланмасига эга чиқдик. Яшириб нима қилдим, учинчи давра учрашувларини ўта кўтаринки руҳда ўтказиб, бирин-кетин олти учрашувда ғалаба қозондик ва шунинг ҳисобига яқин таъқибчилардан очколар фарқи билан сезиларли даражада узоқлашиб олдик. Аксига олиб тўртинчи даврага келиб, натижаларимиз кўнгилдагидек кўриниш олмади ва ўртадаги анча салмоқли бўлган фарқ минимал даражага тушиб қолди. Энг асосийси, йигитлар керакли бўлган пайтда ҳал қилувчи ўйинни – “Машъал”га қарши баҳсни ютишга эришдилар. Ўша учрашувда қозонилган ғалаба бизга Суперлига йўлланмасини тақдим этди.

Боя айтганимдек, мураббийлик фаолиятимни бошлаганимдан бери менда бундай тажриба бўлмаганди. Про лигада ҳам ўйинларни ўтказиш орқали мана шундай тажрибага ҳам эга бўлдим. Мазкур лигада ҳам ўйинлар ритми анча юқори бўлди. Чемпионат баҳслари баъзида кишини ҳолдан тойдириб қўйса ҳам мен бундан охир-оқибат қониқиш ҳосил қилдим. Йигитларнинг ҳаммасидан миннатдорман. Уларнинг исм-шарифларини бирма-бир айтиб чиқишни хоҳламаган бўлардим. Якуний натижа яхши бўлиши учун ҳамма ўзидаги борини бериб майдонга тушди. Про лиганинг ўзига хос қийинчиликлари сифатида тўрт даврада ўтган ўйинларни айтишим мумкин. Бир жамоа билан тўрт марта учрашишинга тўғри келади. Бу эса осон эмас. Тақвимнинг зичлиги ҳам кўпинча бизни шошириб қўярди. Тузук-қуруқ дам олмасдан орада қисқа танаффусдан сўнг ўйинларни ўтказиш учун яна майдонга тушардик. Шахсан ўзим учун хулоса чиқариб айтадиган бўлсам, бу мавсумдан ҳам қониқиш ҳосил қилдим. Керакли бўлган тажрибани оширдим. Муҳими, натижа қониқарли. 

- “Бухоро” жамоаси айни пайтда Тожикистонда йиғин ўтказяпти. Умуман, клубнинг янги мавсумга тайёргарлик режалари қандай?

- Режалар қандай, дейсизми? Биз 10 январь куни Хўжанд шаҳрига етиб келдик. Жорий 2025 йилги мавсум учун тузган режамизнинг бир қисмини бажаришга киришдик. Таъкидлашим керакки, селекция ишларини 90 фоизга деярли бажариб бўлдик. Таркибдаги аксар ўйинчиларнинг қолгани ҳам селекция масаласидаги ишимизни анча енгиллаштирди, дейишим керак. Биз фақат керакли нуқталар учун зарур бўлган футболчиларни жалб этдик. Ҳозирги режа 10 январдан 25 январга қадар шу ерда, Хўжандда қолиб янги мавсумга тайёргарлик кўришдан иборат. Асосий мақсад бу босқичда футболчиларни функционал, жисмонан ва руҳан янги мавсумга тайёрлаб олишдан иборат. Йиғин ўтказиш учун Хўжандни танлаганимизнинг ўзига яраша сабаби бор. Чунки бу ерда керакли бўлган ҳамма шарт-шароитлар мавжуд ва шунинг ҳисобига ишларни самарали бажариш мумкин бўлади. Эҳтимол, сервис ишлари худди чет элники каби идеал бўлмаслиги ҳам мумкин. Лекин бу ердаги барча шарт-шароитлар, емоқ-ичмоқ, машғулот ўтказиладиган майдонлар, ўзига яраша қулай иқлим – ҳамма-ҳаммаси бизни тўла қаноатлантирмоқда. Энг асосийси, ўйинчилар ўзларини бу ерда қулай ҳис қилишмоқда. Йиғинни Тошкентда ҳам ўтказсак бўларди. Аммо, биласизми, Тошкентда келди-кетди кўп. Шунинг ҳисобига мавсумга хотиржам тайёргарлик кўриш унчалик зўр бўлмайди. Устига-устак Тошкентда келди-кетди жуда кўп бўлгани боис, локация, машғулот майдонини топиш, у ерга етиб бориш кишидан анча вақт, керак бўлса куч талаб қиладиган жараёндир. Хўжандда эса бундай муаммолар деярли йўқ. Бизни ҳамма шароитлар тўла қаноатлантиряпти, дея бемалол айта оламан.

- Тожикистондан кейинги йиғин қаерда олиб борилади?

- Бундан кейинги маршрутимиз қандай бўлади? 29 январь куни Туркияга йўл олишни мўлжаллаб турибмиз. Туркияда февраль ойининг охирига қадар бўлсак керак. Биласизми, Туркияда 8 та назорат ўйини ўтказишни режалаштириб қўйганмиз. Ўша ўйинларни ўтказиб борар эканмиз, мавсумга тўла-тўкис тайёр ҳолда ортга қайтамиз.

- Таркибда яна қандай ўзгаришлар кўришимиз мумкин?

- Юқорида айтганимдек, таркиб деярли шаклланиб улгурди. Чунки биз жамоа ўзагини ташкил этадиган футболчиларни олиб қолишга эришдик. Кўпчилиги шартномаларни узайтирди ҳам. Энди фақат нуқтали селекцияни амалга оширсак керак. Таркибимизга назар ташлар экансиз, унда тажрибали, ёш ва энди катта футбол сир-асрорларини тушуна бошлаган умидли ўйинчилар борлигини кўрасиз. Муҳими, футболчиларимизни аксари маҳаллий ва бугунги даражаси чемпионат савиясига жавоб бера олади. Шуниси кишини қувонтирмасдан қўймайди. Таркибда олимпия терма жамоасида ҳам тўп сурадиган футболчилар борлиги яхши. Биз ўтган мавсумда иккита ўйинчини “Бухоро”га чақиргандик. Улар ҳозир ҳам сафимизда.”Машъал”дан чап қанот ҳимоячисини жалб этдик. Ҳозирда легионер футболчини олиб келиш музокарасини олиб бордик ва ҳал қилдик. Бизда таркибнинг асосини 19-21 ёшдаги футболчилардан иборат йигитлар ташкил этишмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Бухоро”нинг бугунги таркиби ҳар томонлама шаклланиб улгурган. Чемпионатни бемалол ўтказа оламиз, деб ўйлайман.

- 42 ёшдаги Жасур Ҳасанов бу йил ҳам фаолиятини давом эттирадими?

- Жасур Ҳасановга келсак, бизда ҳар бир футболчининг ўтган мавсумдаги иштироки юзасидан статистик кўрсаткичлари бор. Буни йиғиб борамиз. Жасурнинг статистик кўрсаткичлари чакки эмас. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, янги бошланадиган мавсумда ҳам у “Бухоро” сафида қолади. Ўзингизга маълум, Жасур фахрий ёшдаги футболчидир. Энг муҳими, унда катта тажриба бор. Ҳасанов ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги ўйинлари орқали ҳам етарли даражада тажриба оширган. Уни “Бухоро”да ўйновчи мураббий сифатида олиб қолмоқчимиз. Жасурнинг кўмаги майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам бизга жуда қўл келишига шак-шубҳам йўқ.

- “Бухоро”ни Филипосян ва яна бир нечта футболчилар тарк этди. Шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Юқорида бизда ҳар бир ўйинчининг статистик кўрсаткичлари йиғиб борилади, деб бежиз тўхталиб ўтмадим. Биз мана шу статистик натижалардан келиб чиққан ҳолда у ёки бу – муайян футболчилар борасида бир тўхтамга келамиз. Футболчиларнинг статистик кўрсаткичларидан қониқиш ҳосил қилсакгина улар клубда қолиб фаолиятларини давом эттиришлари мумкин бўлади. Бизнинг талабларимизга футболчининг ўйинчилик салоҳияти мос келмайдиган бўлса, у ҳолда ўша ўйинчи билан хайрлашишимиздан бошқа чорамиз қолмайди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда клубдан кетган футболчиларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Уларнинг статистик кўрсаткичлари биз кутган даражада бўлмаса ҳам “Бухоро” учун қўлидан келган ёрдамни беришди. Уларга кейинги фаолиятида фақат омад тилаб қоламан. Бу масалада футболчининг мураббийга ёқиш-ёқмаслиги умуман аҳамият касб этмайди. Асосийси, ўйинчи ўзидаги борини клубга бериши ва ўз навбатида мухлислар ишончини қозонишга қилган интилиши муҳим роль ўйнамасдан қолмайди. Мен кетган футболчиларнинг ҳақиқий профессионал эканлигини айтишим мумкин.

- Суперлиганинг бугунги даражаси ҳақида нима дея оласиз?

- Агар чемпионатимизни таққослайдиган бўлсак, келинг уни қозоқ биринчилиги билан солиштириб кўрайлик. Илгари Қозоғистонда 10 йил фаолият олиб борганман. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, яқин ўтмишда бир қанча масалалар борасида Қозоғистон чемпионати бизникидан бироз устунроқ бўлган. Энди эса шуни ишонч билан айта оламанки, бугунги кунга келиб ўзбек чемпионати инфратузилма, қўйингки, барча жабҳаларда қўшни чемпионатдан рақобатлаша олади. Маълумки, бугунги кун футболида талаблар ўта юқори даражада қўйилган. Шунинг эвазига бизда ҳам энди замон талабларига ҳамоханг равишда шарт-шароитлар юзага келган. Буни футболга алоқадор бўлган барча жабҳаларда бемалол кўриш ва мисоллар келтириш мумкин. Бу гапим билан бировни хафа қилиш ниятим йўқ. Ҳозирги ўзбек чемпионати қўшни чемпионатларникидан анча ўзиб кетган десам муболаға қилмаган бўламан. Ўз ўрнида ўзбек Суперлигаси доирасидаги ўйинлар трансляцияси ҳиссаси ҳам анча ўсиб боряпти. Тўғри, бундай ўсиш бир неча фоизга ошди, дейиш қийиндир. Лекин аввалги йилларга таққослаганда телеаудиторияда ҳам анча салмоқли ўсиш кўзга ташланяпти.

Яна шуни алоҳида айтган бўлардимки, эндиликда жамоаларнинг савияси ўртасидаги фарқ ҳам унчалик катта эмас. Ҳозир сафардами, уйдами ҳар қандай рақиб сенга қийинчиликлар туғдира оладиган даражага етган. Бу эса ўз ўрнида чемпионатимиз мавқеи анча ўсганлигидан далолат берадиган жиҳат. Шахсан ўз мисолимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бўш қолган пайтимда телевизорда қайси жамоаларнинг ўйинлари тўғридан-тўғри олиб бериладиган бўлса, учрашувларни қолдирмасдан кўришга ҳаракат қиламан. Қувонарлиси, бизда ёш, умидли футболчилар кун сайин етишиб чиқмоқда. Охирги бир-икки йилни олсак, эътиборга молик трансферлар юз берганини мисол тариқасида айтиш мумкин. Энди бизнинг ўйинчиларга хориждан харидорлар кўпайиб кетган. ЦСКА, “Ланс”, “Рома, “Рубин каби клублар футболчиларимизни ўз таркибларига жалб этишган. Хорижий клубларнинг ёш футболчиларимиз билан жиддий тарзда қизиқиб қолишлари – бу катта муваффақият. Бундай ютуқлар ўз ўрнида Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам бирдек тааллуқлидир. Бутун халқимиз азалий орзу – жаҳон чемпионатида терма жамоамиз иштирокини кўришни истайди. Назаримда, бу орзу ҳам мана шундай умидли футболчиларимизнинг тер тўкишлари эвазига амалга ошиши турган гап. Умуман олганда, ўзбек футболи сўнгги йилларда жадаллик билан ривожланяпти. Ўзингиз кўрдингиз, олимпия тема жамоамиз тарихда илк бор Олимпиадада иштирок этди. Энди эса миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқишдек орзунинг рўёбини қўлга киритишга яқинлашиб бормоқда. Инфратузилма, молиявий ва ўйин жиҳатидан ҳам биз қўшниларимиздан олдиндамиз. Раҳбарият, ишқибозлар, футболчиларнинг ўзлари ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини бажариш қанчалик муҳим эканлигини ҳис қилиб туришибди. Шу вазифа бажарилса, кейинги авлодга ҳам биз жуда яхши меросни қолдира оламиз. Олдинги пайтдан кўра ҳам бугунги футбол анча илгарилаб кетган. Мен буни ҳеч иккиланмасдан айта оламан. Мен футболимиз раҳбарияти, мураббийлари ва футболчиларга мундиалга чиқиш йўлида омад тилаб қоламан ва ишонаманки, улар бу вазифани албатта уддалайдилар.

- “Бухоро” клубининг янги мавсумдаги асосий мақсади нимадан иборат?

- Ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди. Мақсад шуки, биз ҳар бир учрашувга муносиб тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қидамиз. Биз барча рақибларни ҳурмат қиламиз. Жамоамиз учун ҳар бир беллашув жуда муҳим аҳамият касб этади. Чемпионатимизда ўткинчи ўйинлар йўқ. Етакчи ёки аутсайдерга қарши учрашувлар бўлмасин, ҳар бирида биз бор кучимиз билан курашамиз ва муносиб тайёрланамиз. Қолганини мавсум охирида кўрамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!