Наманганда мураббийлар билимларини янгилаш ўқув курслари ўтказилмоқда

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан юртимизда футбол мураббийлиги соҳасини ривожлантириш, уларнинг касбига бўлган қизиқишини орттириш, уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ЎФА томонидан Андижон вилоятида мураббийларнинг касбий малакасини ошириш, мураббийлик соҳасидаги янгиликлар билан мунтазам таништириб бориш мақсадида билимларни янгилаш ўқув курслари ташкил қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Янги тизимга кўра, билимларни янгилаш ўқув курслари 2 модулдан иборат бўлиб, 1-модул 5 кун давом этади. 5 кун давомида мураббийлар футболдаги янгиликлардан хабардор қилинади. Сўнгра мураббийлар бир ой давомида ўрганган билимларини иш жойларида амалда тадбиқ қилишади. 1 ойлик муддат ниҳоясига етгач, 2-модулга старт берилади ва у 4 кун давом этади. 4 кунлик муддат давомида мураббийлар амалий ҳамда назарий имтихонлар топшириб, уларга юклатилган вазифаларни презентация тарзида ҳимоя қилишади.

Андижон вилоятидан сўнг, навбатдаги мураббийларнинг билимларини янгилаш ўқув курслари Наманганда ўтказилмоқда. Ўқув курслари ОФК инструктори Усмон Тошев бошчилигида давом этмоқда. Унга инструктор ёрдамчиси Александр Лян ҳамда координатор Дилмурод Низомбоевлар ёрдам беришмоқда.