"Насаф" устози Драган Чераннинг жароҳати борасида нима деди?

Ўйинолди матбуот анжуманининг навбатдаги қисмида "Насаф" устози  Рўзиқул Бердиев ҳамда ҳужумчи Бобир Абдихолиқов иштирок этишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Рўзиқул Бердиев: - ОЧЛ катта нуфузга эга мусобақа ҳисобланади. Бу турнирда кучсиз жамоалар бўлмайди. Унда қатнашиш учун гуруҳ босқичига чиққанмиз. “Ал Садд” жамоаси ҳам гуруҳимиздаги жиддий рақиблардан бири ҳисобланади. Ўзингизга маълум, улар гуруҳдаги ўтган икки ўйинда ғалаба қозонишган. Таркибида юқори ижрога эга футболчилар талайгина.

Бунақа беллашувларда футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги катта аҳамият касб этади. Шуларни ҳисобга олиб, бўлажак ўйинга тайёргарлик кўрдик. Умид қиламанки, футболчиларимиз мухлисларни хурсанд қилиш учун бор кучларини ишга солишади. Улардан майдонда эркин ҳаракат қилиши талаб этилади.

Жамоамизда йўқотишлар йўқ. Ҳамма футболчиларимиз ўйинга шай. Ҳужумчимиз Драган Черан Фарғонада бўлган ўйинда майдонга тушмади. Унда кичик жароҳат бор эди. Биз таваккал қилишни ҳоҳламадик. Аммо у бугун машғулотларимизга қўшилди ва эртага бўладиган ўйинда жамоамизга ёрдам беради.

Дониёр Нарзуллаев ҳозир Тошкентда, шифокорлар назоратида бўлиб турибди. Унинг аҳволи анча яхши. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у тезроқ сафга қайтиб жамоадошларимга ёрдам берай деяпти. Умид қиламизки, футболчимиз яқин кунларда машғулотларимизга қўшилади.

Бобир Абдухолиқов: - Эртага бизни қизиқарли учрашув кутиб турибди. Рақиб қандай кучга эга эканлигини унчалик аҳамияти йўқ. Аммо рақибимизни ҳурмат қиламиз. Эртага мухлисларимизни хурсанд қилиш мақсадида, ғалаба учун майдонга тушамиз. Ғалаба қозониш учун боримизни берамиз. Камчилик ҳар жамоада ҳам бўлади, биз ҳам рақибни яхши ўргандик. Эртага рақибни хато ва камчиликларидан фойдаланишга уринамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!