«Навбаҳор» бугун Қирғизистон клуби билан ўйнайди

Шунинг натижаси ўлароқ, 2017 йилнинг 13-14 декабрь кунлари Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатимизга ташриф буюрди. Мазкур ташриф давомида Сооронбай Жээнбеков Юртбошимизга Қирғизистоннинг нуфузли “Данакер” орденини топширди.

Жорий йилнинг 3 сентябрь куни эса мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга ташриф буюриб, Чўлпон ота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммитида нутқ сўзлади. Шунингдек, юртимизда забардаст қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда.

Қисқаси, Қирғизистон ва Ўзбекистон мамлакатлари ўртасида кўплаб соҳалар, жумладан, спорт соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 8 июнь куни Фарғонанинг “Нефтчи” клуби сафарда Қирғизистоннинг “Нефтчи” (Қўчқор-Ота) жамоасига қарши халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиб, унда фарғоналиклар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ҳам мазкур жамоа билан бугун халқаро ўртоқлик баҳси ўтказади. Қўчқор-Отанинг “Нефтчи” клуби айни пайтда Қирғизистон топ-лигаси (биздаги Суперлига)да 37 очко тўплаган ҳолда, 3-ўринда бормоқда. “Нефтчи”дан олдинги поғонани эгаллаб турган “Дордой-Динамо” ва “Абдиш-Ота” клублари ҳисобида эса 38 очко бор.

Демак, “Навбаҳор”нинг иккинчи ўртоқлик учрашувидаги рақиби Қирғизистоннинг кучли жамоаларидан бири. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, "Нефтчи" таркибида 3 нафар ҳамюртимиз - дарвозабон Даврон Жўрақулов, ҳимоячи Мақсуджон Ҳайитов ва ҳужумчи Отабек Ҳайдаров тўп суришади. Мақсуджон Ҳайитовнинг наманганлик эканлигини ҳам қайд этиш жоиз. Бундан ташқари, қўчқор-оталиклар сафида яна 2 нафар легионер - россиялик ҳимоячи Манас Жутанов ва украиналик ярим ҳимоячи Олександр Игнатенко ўйнашади. “Навбаҳор” – “Нефтчи” (Қўчқор-Ота) халқаро ўртоқлик баҳси бугун “Марказий” ўйингоҳда соат 19:00да бошланади.