"Навбаҳор" ўртоқлик ўйинида Биринчи лига клубини мағлуб этди

"Навбаҳор" жамоаси Наманганда ташкил этилган йиғинни якунланди. Йиғин сўнггида футболчилар биринчи лига вакили “Ёзёвон Лочинлари” жамоаси билан назорат ўйинида куч синашишди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Учрашувнинг биринчи бўлимида наманганлик футболчилар ҳисобни очиш учун бир қатор имкониятларга эга бўлишди. Ўз навбатида меҳмонларда ҳам гол уриш учун яхшигина имкониятлар юзага келди.

Шундай бўлсада, мухлислар 33-дақиқага келибгина, дастлабки голга гувоҳ бўлишди. Ойбек Қиличев белгиланган жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. Голдан кейин ҳам жамоамиз ҳисобни ўзгартириш учун имкониятларга эга бўлишсада, танаффусга қадар ҳисоб ўзгаришсиз қолди.

Танаффусдан кейин "Навбаҳор" футболчилари устунликни ўз қўлларида сақлаб туришди. Бу ҳол учрашувни йирик ҳисобда якун топишига замин яратди. Аввалига 56-дақиқада Неманья Йованович бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаб ҳисобни 2:0 кўринишига келтириб қўйди.

Ўйиннинг 82-дақиқасида Дониёр Усмонов чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди ва ўткир бурчак остидан аниқ зарба йўллаб, учинчи голга муаллифлик қилди. Айнан шу ҳисоб ҳакамнинг финал хуштаги чалингунга қадар ўзгаришсиз қолди.

Назорат ўйини

"Навбаҳор" - "Ёзёвон-Лочинлари"  3:0

Голлар: Ойбек Қиличев(33), Неманья Йованович(56), Дониёр Усмонов(82)
"Навбаҳор": Асилбек Аманов, Аббос Отахонов, Жаҳонгир Меҳмонов, Ғиёс Комилов, Мирзоҳид Ғофуров, Аббос Махсталиев, Дилшод Жабборов, Аъзам Алиев, Азизбек Турғунбоев, Ойбек Қиличев, Неманья Йованович. 

Захирадан майдонга тушганлар: Дилшод Ҳамроев, Дониёр Усмонов, Остон Ўрунов, Рўзимбой Аҳмедов, Илҳом Бойдедаев, Равшан Хурсанов, Саиджон Абдужабборов.

"Навбаҳор" жамоаси аъзолари эртага Тошкент сари йўлга отланишади. Кечки пайт футболчиларимиз енгил машғулот ўтказишади. 31 июль куни эса мураббий ва футболчилартиббий кўрикдан ўтишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!