“Навбаҳор” ўртоқлик ўйинида “УзДонгЖу”ни мағлуб этди

Бундан бир неча дақиқа олдин “Навбаҳор” ва “ЎзДонгЖу” жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви якунига етди. Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда ўтказилган ўйинда “лочинлар” 4:1 ҳисобида ғалабага эришишди.

Учрашувнинг биринчи бўлимда “Навбаҳор” ҳужумкор руҳда тўп суриб, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Шундай бўлсада, ҳисобни очилишини мухлислар ярим соат кутишга мажбур бўлишди. 31-дақиқада Мирзоҳид Ғофуров ташкил этилган комбинацияни гол билан якунлади.

Ғофуров чамаси 17 метрлардан аниқ зарба йўллади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Равшан Хурсанов иккинчи гол муаллифига айланди. Хурсанов Азизбек Турғунбоевнинг бурчакдан узатган тўпини боши билан дарвозага йўллади – 2:0. Меҳмонлар ҳам вақти-вақти билан хавфли ҳужумлар уюштиришга уриниб кўришган бўлсада, Аманов қўриқлаётган дарвозага жиддий тарзда хавф сола билишмади.

Иккинчи бўлимда “Навбаҳор” таркибида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Биринчи даврани жароҳат туфайли тўлиқ ўтказа олмаган ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов жамоа ҳужум чизиғини кучайтириб, ҳисобни йирик кўриниш ҳосил қилишини таъминлади. Аҳмедов аввалига Азизбек Турғунбоевнинг бурчакдан узатиб берган тўпини боши билан дарвозага йўллаб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтириб қўйди. 62-дақиқада эса яна Турғунбоевнинг тўп оширишини Рўзимбой голга айлантирди. Бу сафар Азизбек чап қанотдан тўпни жарима майдончасига етказиб берганди.

Учрашув якунланиши арафасида меҳмонлар футболчиси Хондамир Йўлдошев ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Баҳс 4:1 ҳисобида якун топди.

Легионерлар Дарко Станоевич ва Неманья Йовановичлар ўйиндан олдин махсус машқларни бажаришгани сабабли учрашувда иштирок этишмади. Махсус машғулотда легионерлардан ташқари ёш футболчилар Исроил Обиджонов, Аҳмад Мамадалиев, Илҳом Алибоев ҳамда жамоа сафида кўрикда бўлиб турган Аюбхон Гаппаровлар ҳам иштирок этишганлигини қўшимча қилиш жоиз.

“Навбаҳор” эртага Наманганда ташкил этилган дастлабки йиғинни якунлайди. Тайёргарликнинг иккинчи босқичи Тошкентда давом эттирилади.

“Навбаҳор” – “ЎзДонгЖу” – 4:1 (2:0).

14 июль. Наманган. “Марказий” ўйингоҳ. 2317 томошабин.

Ҳакамлар: А.Ражаббаев, М.Нехочин, Р.Одилов, А.Жаббаров.

“Навбаҳор”: 30. Асилбек Аманов, 4. Дониёр Усмонов, 5. Ғиёс Комилов, 8. Равшан Хурсанов, 9. Дилшод Жабборов, 10. Аббос Махситалиев, 19. Мирзоҳид Ғофуров, 21. Аъзам Алиев, 32. Жаҳонгир Меҳмонов, 33. Мурод Ражабов, 77. Азизбек Турғунбоев.

Захирадан майдонга тушганлар: 1. Мирзоҳид Маматхонов (46), 7. Ойбек Қиличев (46), 11. Сардор Расулов (64), 17. Илҳом Бойдедаев (46), 20. Алишер Мирзаев (46), 22. Рўзимбой Аҳмедов (46).

“ЎзДонгЖу”: 33. Илёс Исмоилов, 25. Асрор Раҳмонов, 30. Азиз Қаюмов, 5. Дилшод Юсуфжонов, 2. Артур Маматказин, 10. Салоҳиддин Салоҳиддинов, 8. Суҳроб Нўъмонов, 9. Асилбек Азизов, 77. Озод Комилов, 11. Сирож Еттибоев, 19. Ферузбек Салоҳиддинов.

Захирадан майдонга тушганлар: 1. Соли Убайдуллаев, 27. Азиз Маҳмудов, 14. Абдураҳмоно Комилов, 3. Иброҳим Мамадалиев, 7. Шояд Муллажонов, 15. Хондамир Йўлдошев, 29. Зиёнат Икромжонов, 4. Жавоҳир Исомиддинов.

Голлар: М.Ғофуров (31), Р.Хурсанов (34), Р.Аҳмедов (53,62) – Х.Йўлдошев (87).

Огоҳлантиришлар: И.Бойдедев (69), А.Махситалиев (71) - С.Еттибоев (37).