"Навбаҳор"даги тожик ўғлонининг сиз билган ва билмаган қирралари

Жорий мавсумда миллий биринчилигимизда турли юртдан келган бир қанча легионер футболчилар тўп суришмоқда. Уларнинг ораларида мамлакатимизга биринчи бор келиб ўйнаётган футболчилар ҳам бор. Масалан, «Навбаҳор» сафига мавсумнинг иккинчи ярмида тожикистонлик Амирбек Жўрабоев келди. Тан олиш керакки, бошида Жўрабоевни ҳам ўртамиёна легионерлардан бири деб ўйлагандик. Қачонки, унинг ўйинини кўрганимиздан кейин футболчи тўғрисидаги фикрларимиз ўзгарди. Айтиш жоизки, тожикистонлик легионер майдонга тушганда ўзини чинакам жангчидек тутади ва бор имкониятини ишга солиб, бутун кучини айнан майдонда қолдириб чиқиб кетади. Қолаверса, унинг ўйинини «Навбаҳор»нинг услубига ҳам мос тушганлигини айтиш керак. Бугунги кунда эса Амир Жўрабоев наманганликларнинг суюкли ўйинчиларидан бирига айланди. Рости, бундай легионер билан мулоқот қилиш ҳам ўзига яраша завқли кечди.

Бишкекда қўлдан чиқарилган ғалаба хусусида

Амир Жўрабоев Тожикистон миллий терма жамоасининг муҳим фигураларидан бири ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, мамлакат бош жамоасининг етакчиларидан. Унинг асосий таркибдаги жойи нақд десак ҳам бўлаверади. Айни чоғда Тожикистон терма жамоаси жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичида иштирок этяпти ва яқинда Бишкекда Қирғизистон билан дуранг ўйнаб қайтди. Аслида эса тожикистонликлар ғалаба билан қайтишга жуда яқин тургандилар. Бироқ охирги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол туфайли ўйин дуранг билан тугади. Дастлаб Амирбек Жўрабоев ушбу учрашув иштирокчиси сифатида фикрлари билан ўртоқлашди.

- Албатта, биз Қирғизистонга ғалаба қозониш мақсадида йўл олгандик. Режамизда бошқа натижа йўқ эди. Чунки биз кутилмаганда Мьянмага ютқазиб қўйгандик. Тўғри, бу барчамизнинг хатомиз бўлган. Афтидан, ҳисоб ўзимизни қониқтириб турган паллада бироз сусткашликка берилиб кетгандик шекилли, натижа якунда шундай кўриниш олди. Ўйин чоғидаги муҳитга тўхталадиган бўлсам, стадион деярли ишқибозлар билан тўлганди. Футболчилар учун бундай шароитда ўйнаш жуда ёқимли. Ўз навбатида ўйин жанговор руҳда кечди. Йигитлар охиригача шиддат билан курашишди. Бахтга қарши ўзимизни қониқтирадиган ҳисобни сақлаб қола олмаганимиз чакки бўлди.

Тошевга берилган таъриф

Шу ўринда айтиш керакки, Жўрабоевга ҳам Тожикистон миллий термасида ҳамюртимиз Усмон Тошев устозлик қилмоқда. Легионер ўйинчидан эса ўзимизнинг мураббий қандай эканлиги, жамоа ўйинига қанақа ўзгаришларни сингдира олганлиги ҳақидаги фикрларини эшитиш ҳам ёқимли туюлди.  

- Усмон Тошев ҳақида фақат ижобий фикрларни билдиришим мумкин холос. У – жуда кучли мутахассис. Шахсан менга Тошевнинг ёрдами беқиёс даража бўлган дея оламан. Усмон Тошевни терма жамоа устози этиб тайинланмасдан олдин ҳам билардим. Энди эса бош жамоада биргаликда ишлаяпмиз. У нафақат мураббий, балки самимий инсон сифатида ҳам жамоадагиларга ёқади. Тошев томонидан ўтказиладиган машғулотлар жуда қизиқарли. Бундай шароитда ишлаш ҳар қандай футболчига маъқул келади. Ўйлайманки, Усмон Тошев терма жамоа ўйинини шакллантиришга улгурди. Агар термамиз иштирокидаги ўйинни кузатган бўлсангиз, бизнинг қисқа тўп узатишлар билан ўйнашимизни илғаган бўлишингиз тайин. Умуман олганда, Тошев ўз ишининг ҳақиқий мутахассисидир. У нафақат менга, балки термадаги бошқа шерикларимга ҳам ёқадиган мураббийдир.

жўрабоев

Футболга кириб келиши ва ЦСКАдаги фаолияти

Юқорида айтганимиздек, Жўрабоев илк бор Ўзбекистон чемпионатида тўп сурмоқда ва ҳали бунга кўп ҳам бўлгани йўқ. Кўпчилик ишқибозларимиз эса Жўрабоев ҳақида ҳозирча етарли маълумотларга эга эмаслар. Шу нуқтаи назардан қараганда, Амирбекдан ўзи ҳақида ҳам батафсил маълумотлар беришини сўрадик.

- Ўзим ҳақимда нима десам экан? Одатда, одам ўзи ҳақида гапиришга қийналади. Жумладан менда ҳам шундай бўлади. Душанбеда туғилганман. Биринчи бор мени футбол мактабига отам етаклаб олиб борган. Ўшанда отам мендан кейинги укамни ҳам футбол тўгарагига олиб борганди. Агар хотирам панд бермаётган бўлса, ўшанда биз мос равишда 8 ва 7 ёшдаги болакайлар эдик. Биз шундай қилиб, Республика болалар ва ўсмирлар футбол мактабида таҳсил  олишга киришганмиз. 2011 йили мен Москванинг ЦСКА клубига боргандим. Ўшанда кўрикдан муваффақитли ўтганман ва мени жамоада олиб қолишган. У ерда 2,5 йил қолиб кетдим ва футбол борасидаги билим ва тажрибаларимни оширдим. Шартномам ниҳоясига етганидан кейин уни узайтиришнинг иложи бўлмади ва ортга қайтдим. Тожикистонга келганимдан сўнг «Ваҳдат» учун тўп суришга киришдим. Клубдаги дебют мавсумимдаёқ кумуш медалга эга чиқдим. Шундан кейин Белоруссиядан таклиф бўлди. Мени Солигорск шаҳрининг «Шахтёр» клубига чақиришди. У ерда ҳам бир йил тўп сурдим ва яна Тожикистонга қайтиб келдим. Бу сафар Душанбенинг «Истиқлол» жамоаси билан тақдиримни боғлашга қарор қилдим. «Истиқлол» таркибида уч йил қолиб кетдим. Шу вақт оралиғида уч бор Тожикистон чемпионига айландим, ОФК Кубоги финалига етиб боришга эришдик. Энди эса Намангандаман.

«Навбаҳор»га ўтишида ҳам Тошевнинг ҳиссаси бўлган

Шу билан бирга Амирбек Жўрабоевнинг «Навбаҳор»га қандай қилиб келиб қолгани ҳам футбол ишқибозларига ва айниқса, унинг персонал мухлисларига қизиқ туюлиши табиий. Бу ҳақида ҳам футболчи гапириб берди.

- Жорий йил ёзида Ҳиндистонга борган пайтимизда менга «Навбаҳор» томонидан қизиқиш билдирилди. Шундай қилиб, таклифни қабул қилдим ва энди ўзингиз кўриб турганингиздек, Ўзбекистон Суперлигасида фаолиятимни давом эттирмоқдаман. Ўшанда миллий терма жамоа билан Ҳиндистондаги мини-турнирда иштирок этишга боргандик. Усмон Тошев билан бу масалани гаплашиб олганимда у менга Ўзбекистонда ўйнаш фойдали бўлишини айтди. Усмон Қудратовичнинг ўзи менга «Навбаҳор»дан қизиқиш бўлаётганини етказганини алоҳида таъкидлашим жоиз. Ҳиндистондан қайтиб келганимиздан сўнг бу масалани ижобий ҳал этишда у киши менга ёрдам берди. Шунингдек, Бахтиёр Бобоевнинг «Навбаҳор»га кўчиб ўтишимда роли катта бўлганлигини айтиб ўтишим жоиз. Терма жамоа ихтиёридан бўшаганимдан сўнг тўппа-тўғри Наманганга келдим. Биз ўшанда клуб вице-президенти билан ҳаммасини бафуржа маслаҳатлашиб олдик ва шартномага имзо чекдим.

жўрабоев2  

Жўрабоевнинг этини жимирлатган ўйин

Тожикистонлик легионерга Наманган шаҳри ва «Навбаҳор»нинг мухлислари жуда ёққанлигини алоҳида таъкидламоқда. Қуйида унинг бу хусусида билдирган фикрлари орқали ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин.

- Ҳа, Наманганга келган чоғимдаёқ бу шаҳар менда илиқ таассурот қолдирди. Шаҳардаги истироҳат боғи билан аквапарк менга жуда ёқди. Умуман айтганда, Наманганни футбол шаҳри дея эътироф қилиш мумкин. Чунки бу ерда маҳаллий клуб иштирокидаги ўйинларни ҳамма севиб кузатади. Назаримда, Наманганда ҳамма «Навбаҳор»га мухлислик қилади. Айниқса, уй ўйинлари чоғидаги муҳитни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Ҳар бир уй ўйини чоғида стадионга 15-16 минг ишқибоз ташриф буюради. Ҳар бир мана шундай учрашув чоғида ажойиб ажиотаж юзага келади. Гарчи бу ерга келмасимдан олдин наманганликларнинг футболни ёқтиришлари ҳақида эшитган бўлсам-да, илк бор ўзим барчасига гувоҳ бўлган чоғимда қалбимдан сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган ҳиссиётлар ўтди. Қолаверса, менга Намангандан фарқли равишда бошқа шаҳарларда ўйинлар чоғида стадион ишқибозлар билан охиригача тўлмаслигини ҳам айтишганди. Бунга энди ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Демак, ҳаммаси рост. Чунки сафарга чиққан пайтларимизда ареналар худди Намангандаги каби мухлислар билан тўлиб-тошмаяпти. «Пахтакор»ни ўз майдонимизда қабул қилган пайтдаги муҳит менга ҳаммасидан кўра ёқди. Ишонсангиз, томошабинларнинг шовқин-сурони ва маҳаллий клубни зўр бериб қўллаб-қувватлашларидан этим жимирлаб кетди. Умуман айтганда, Наманган – аъло даражадаги шаҳар ва бу ерлик ишқибозлар энг яхшилари, дея бемалол айта оламан. Энг асосийси, улар ҳаддан ташқари талабчанлар. Ўз навбатида биз футболчилар мана шундай жонкуяр ишқибозларимизни қаноатлантирадиган даражада ўйин кўрсатишга интиляпмиз.

Жўрабоев Канчельскисни футболнинг ҳақиқий афсонаси деб атади

Андрей Канчельскис билан бирга ишлаш ва унинг қўли остида ўйнаш бахтига муяссар бўлаётган Амирбек Жўрабоев ушбу устози ҳақида гапирар экан, унга юқори баҳо берди.

- Клуб бош мураббийи Андрей Канчельскис ҳақида ҳам фақат ижобий гапларни айта оламан. У – ўта кучли шахс, футболнинг ҳақиқий афсонаси. Чунки Канчельскис ўйинчилик даврида жаҳондаги энг зўр клублар сафида тўп сурган. Мураббий ролида ҳам бу инсон қўл остидагиларда ижобий таассурот қолдира олади. Мен уни жуда кучли мутахассис деб ҳисоблайман. Жамоада барча йигитларнинг бош мураббий билан муносабати аъло даражада эканлигини алоҳида таъкидлашим жоиз. Устозимиз шогирдлари билан ҳазиллашишни ёқтиради. Уларга худди катта ака сингари меҳрибонлик кўрсатади. Албатта, машғулот чоғида Канчельскис ўта жиддий кишига айланади. Ахир у бош мураббий сифатида жамоа натижалари учун жавобгардир. Ўз навбатида устозимиз буни теран ҳис қилган ҳолда ишлайди. Машғулотлар тугаганидан кейин эса Канчельскис яна биз билан ҳазиллашишга тушади.

жўрабоев3

Бирга ишлаган мураббийлар орасида энг яхшиларини айтди

Бундан ташқари, тожикистонлик легионер фаолияти давомида бир қатор клубларда ўйнаган ҳолда турли мураббийлар билан ҳам ишлаган. Шу сабабли унда ўзи учун қайси мураббийларни алоҳида ажратиб кўрсата олиши ҳақида сўраганимизда шундай деди:

- Фаолиятим давомида кўплаб мураббийлар билан ишлашимга тўғри келди. Уларнинг орасида кимни энг яхшиси деб ҳисоблайман? Очиғи, бундай саволга дабдурустдан жавоб қайтаришим амримаҳол. Чунки мени шуғуллантирган мутахассислар орасида алоҳида бир кишини ажратиб кўрсатадиган бўлсам, қолганларга нисбатан адолатсизлик қилган бўламан. Бошқаларга ҳурматимни сақлаган ҳолда барибир бу саволингизни жавобсиз қолдирмаслигим керак. Усмон Қудратович Тошев, Андрей Канчельскис ҳамда Муҳсин Муҳаммадиевни алоҳида кўрсатишим мумкин. Шунингдек, Ҳаким Фузайловни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Белоруссияда ўйнаб юрган кезларимда Сергей Боровский менда жуда яхши таассурот қолдира олган. Юқорида номларини санаб ўтган мураббийларнинг бари ўз ишини жуда яхши билишади, дея баралла айтишим мумкин.

«Навбаҳор»даги кейинги тақдири ҳақида гапирди

Хўш, Амирбек Жўрабоевнинг кейинги режалари қандай? Ҳар ҳолда мавсум ҳам тугаяпти ва табиийки, қишки танаффус яқин. «Навбаҳор»да қоладими ёки кетадими?

- Янги режалар ҳақида аниқ бир нарса дейишим амримаҳол. Чунки чемпионатнинг охирги учрашувларини муносиб тарзда ўтказишимиз керак. Биз учун қолган ўйинларнинг аҳамияти жуда муҳим. Ахир раҳбарият томонидан қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қилишимиз керак. Мавсум тугаганидан кейингина ўртадаги шартномани узайтириш масаласини муҳокама қилиш мумкин. Билсангиз керак, «Навбаҳор» билан бир йилга мўлжалланган битим тузганман. Агар ҳаммаси яхши кечиб, менга ўртадаги келишувни узайтиришни таклиф қилсалар, ўйланиб ўтиришимга ҳожат бўлмайди. Чунки Наманганни, маҳаллий клубни ва шу ердаги одамларни жуда ёқтириб қолдим.

жўрабоев5

«Навбаҳор»даги яқин дўсти

Амирбек Жўрабоев клубида ҳамма билан яхши мунобсатда. Шунга қарамасдан, кўпроқ ким билан мулоқот қилишига ҳам қизиқиб кўрдик.

- Албатта, жамоада ҳар ким билан иложи борича яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиляпман. Ўйлайманки, ҳамма билан муносабатим яхши йўлга қўйилган. Алоҳида, ўз сирларимни ишониб гапириб берадиган яқин дўстни ҳали орттира олганимча йўқ. Лекин барибир ҳамма билан, айниқса маҳаллий ўйинчи – Азиз Турғунбоев билан тез-тез гаплашиб тураман. Терма жамоа ихтиёрига жўнаб кетган пайтларимда у билан телефон орқали хабарлашиб туришни одат қилганман, - деди Жўрабоев.

Ёшлигида қайси тожикистонлик футболчиларга ҳавас қилган?

Тожикистонлик бўлгани учун ундан ўз мамлакатидаги футбол шахслари орасида энг таниқлилари ва бу борада кимларни алоҳида кўрсата олиши ҳақида сўраганимизда қуйидагича жавоб қайтарди.

- 90-йиллар бошидаги буюк «Помир»ни алоҳида айтиб ўтмасам бўлмайди. Ўша жамоада жуда зўр футболчилар тўп суришган. Жумладан, Муҳсин Муҳаммадиев, Ҳаким Фузайлов ва Рашид Раҳимов нафақат менинг, балки бутун тожик ишқибозларининг севимли футболчилари бўлишган. Шу билан бирга Олег Ширинбековни айтишим керак. Тўғри, улар иштирокидаги ўйинларни бевосита стадионда кузатиш имконига эга бўлмаганман. Аммо турли роликлар ва видеоёзувларни томоша қилиб, «Помир» таркибидаги ўша юлдузларнинг ўйинидан ҳайратга тушганим рост. Қолаверса, отам менга ўша футболчилар ҳақида кўп нарсаларни гапириб берган. Айнан шу ижрочилар тожик футболининг шуҳратини ёйишда муҳим рол ўйнаганлар.

Муҳаммадиевдан миннатдорлигини алоҳида маълум қилди

Ҳозирда Муҳаммадиев ҳам Ўзбекистон чемпионатида «Бухоро» клубини бошқаряпти. Амирбек Жўрабоев эса ушбу мутахассисга алоҳида тўхталар экан, уни ҳам мақтаб ўтди.

- Муҳсин Муҳаммадиевдан жуда миннатдор эканлигимни алоҳида айтишим жоиз. Негаки, айнан у 2014 йили мени биринчи бор миллий терма жамоага чорлаган. Ўшанда Муҳаммадиев параллел равишда «Истиқлол»нинг ҳам устози ҳисобланарди. Мен уни ўз соҳасининг етук мутахассиси деб ҳисоблайман. Тўғри, «Бухоро»да Муҳаммадиевнинг ишлари силлиқ кечмаяпти. Агар жамоа раҳбарияти бундан кейин ҳам унга ишонч билдирса, ўйлайманки Муҳсин Муслимович ҳаммасини изига тушира олади. Чунки мураббийга бир мавсумда ўйин борасидаги қарашларини ва фалсафасини қўл остидагиларга сингдириши осон кечмайди. Бунинг учун вақт керак. Айтмоқчиманки, Муҳсин Муҳаммадиевга «Бухоро» раҳбарияти ишонч билдирса, у вазиятни ижобий томонга ўзгартира олади. Мен бунга ишонаман. Чунки ўзаро ҳамкорлигимиз туфайли олинган тажрибамдан келиб чиққан ҳолда Муҳаммадиевни яхши мураббий деб ҳисоблайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Muhammad Rahmatillaev
28/11/2019 10:09
Яхши ўйинчи агар Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб турса янада ўсади.
&
Zulfiqarov Husanboy
28/11/2019 10:00
Biz Jo'raboyevni ketishini istamaymiz