Ads

Аввал давралар оралиғида "Навбаҳор" таркибида бир қатор ўзгаришлар рўй бериши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Бугун жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов биринчи даврада “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилган етти нафар футболчи билан хайрлашишга қарор қилганлигини билдирди. Бу ҳадқа клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, Акмал Ортиқов, Нодир Ашурматов, Алишер Саматов, Тоҳир Шамситдинов, Ҳасанбой Эргашев, Мансур Саидов ва Тимур Толипов "Навбаҳор"ни расман тарк этишди. Юқорида номлари қайд этилган футболчиларнинг айримлари чемпионатнинг дастлабки қисмида билдирилган ишончни оқлашмаган бўлса баъзилари жамоадан кетишни ўзлари ихтиёр этишди. Шу сабабли Мўминжонов уларга жавоб беришга қарор қилди.

Айни пайтда бош мураббий кўз остига олиб қўйган футболчилар билан музокаралар олиб бораётганлигини ҳам маълум қилди. Тез орада таркибга қўшилиши мумкин бўлган янги футболчилар ҳақида ҳам маълумот берамиз.