Ads

Кеча Наманган футбол ассоциацияси вице-президенти Шамшод Сариқоқ "Навбаҳор" жамоасининг бир гуруҳ мухлислари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда кўпчиликни қизиқтираётган бир қатор масалаларга ойдинлик киритиб олинди. Жумладан, жамоа билан кимлар шартнома қилгани ва кимлар жамоани расман тарк этганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

"Навбаҳор"ни бугунга қадар жами уч нафар легионер футболчи расман тарк этиб улгурди. Мирзоҳид Ғофуров, Жаҳонгир Меҳмонов ҳамда Игор Голбанлар жамоа билан шартномаларини узайтиришди. Азиз Турғунбоев масаласига келадиган бўлсак, унинг жамоа билан 2020-йилга қадар шартномаси мавжуд. Остон Ўрунов билан хориж клубларидан яхши таклиф бўлсагина жамоадан кетиши келишиб олинди. Аъзам Алиев билан жамоа ўртасида шартнома мавжуд. Аммо, унинг ўзи кетишни истаса биз бунга тўсқинлик қила олмаймиз. Санат Шихов билан оғзаки келишувга эришгандик. Аммо, маълум бир сабабларга кўра Шихов янги мавсумни бошқа жамоа сафида бошлайдиган бўлди. Янги мавсумда жамоамиз таркиби кескин кучайтирилиши бор гап. Керак бўлса, ҳар бир позицияга иккитадан кучли футболчи бўлиши лозим. Вилоят ҳокимимиз Хайрулла Ҳайитбоевичнинг шахсан ўзлари бунга бош-қош бўлмоқдалар. У киши ҳар кун уч, тўрт бор футболдаги ишлар ҳақида ҳисоботларни сўраб турадилар. Хайрулла Ҳайитбоевич келаси мавсумда жамоа олдига фақат ва фақат чемпионликни мақсад қилиб қўйдилар. Бундан бошқаси энди бизни қониқтирмайди. Шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззаков билан ҳам тез-тез учрашиб, маслаҳатлашиб турибмиз. Ҳозир барчамизнинг фикру ҳаёлимиз «Навбаҳор»ни чемпион қилишга қаратилган", - дейди Шамшод Эргашович ўз нутқи мобайнида.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, айни дамда Ўзбекистон чемпионатида мавсум якунланиб, танаффус юзага келган бўлсада, «Навбаҳор» расмийлари таътилга чиқмаган ҳолда жамоа келажаги учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишмоқда. Андрей Канчельскис танлаб кетган футболчилар билан музокаралар бошлаб юборилган. Катта эҳтимол билан уларнинг кўпчилиги «Навбаҳор» билан битим тузади. Ҳужум чизиғига эса Канчельскиснинг ўзи икки нафар хорижлик футболчини олиб келиши кутилмоқда. Бу ҳақида унинг ўзи ҳам айтиб ўтган.

Стадионда таъмирлаш ишлари айни қизиган паллага кирган. Режага кўра стадион апрел ойи бошларига фойдаланишга тайёр ҳолга келиши кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Aza Arvelazde
27/12/2018 09:52
omad navbahorga, legionerniyam yaxshisidan olish kerak, keyin xaligi trenerniyam alishtirish kerakda