“Нефтчи”нинг муаммолари, режалари ва ўзгаришлар ҳақида ёхуд Баҳром Ҳайдаровдан жиддий муносабат

Суперлигада яққол аутсайдерга айланиб, ҳали бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаётган “Нефтчи” жамоаси мавсумнинг дастлабки қисмида йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ёзги тайёргарликни давом эттирмоқда. Маълумки, чемпионат бошланганидан сўнг то шу кунга қадар клубда ҳар доимгидек бир қатор ўзгаришлар юз берди. Мураббийлар алмашди, раҳбари ҳам ишдан кетди. Айни пайтда эса Баҳром Ҳайдаров клубда бош мураббий сифатида фаолият олиб боряпти. Айтиш мумкинки, Ҳайдаров ва “Нефтчи” учун мавсумнинг қолган қисми жуда муҳим ҳисобланади. Чунки уларнинг йўқотадиган очколари қолмади. Аммо мураббий жамоасининг Суперлигада қолишига ишонмоқда. Биз билан мулоқот чоғида муваффақиятсизликнинг сабаблари, тайёргарлик, ўзгаришлар ҳақида гапирди.

“Нефтчи”нинг муваффақиятсиз старти ҳақида

- Йил бошида бизда ҳаммаси жойида эди, яхши ҳомийларимиз бор эди. Ўша пайтда Абдумалик Ҳакимов барча ишни бошқарганди. У ўзига берилган имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилди. Мен Абдумалик Ҳакимовга ҳам, Сергей Ковшовга ҳам ёрдам бериб юргандим. Ҳозирги натижаларга эса барчамиз бирдек айбдормиз. Муваффақиятсизликларга учраганимизда айбни футболчиларимизнинг савиясига боғладик. Лекин аслида бундай эмасди. Биз мураббиймиз ва ўйинчиларни ўзимиз танлаганмиз. Шунинг учун мағлубиятларга учраганимизда бунинг сабабини футболчиларнинг савиясига тўнкашимиз нотўғри. Айбни фақат ўзимиздан қидиришимиз керак. Ҳар доим вазиятга икки томонлама қараш керак. Масалан, биз ишонган футболчилар ҳам кутилган ўйинни кўрсата олишмади. Натижа яхши бўлмаяптими, демак ҳамма айбни аввало ўзидан қидириши керак. Агар мураббий футболчига ёки футболчи мураббийга айбни ағдарса, унда узоққа бора олмаймиз. Кўпчилик мутахассислар ва мухлисларнинг “Нефтчи”ни яхши шаклланганлигини айтишяпти. Аммо биз ҳужумларимизни якунига етказа олмаяпмиз. Шунинг учун кўпчилик томонидан яхши ҳужумчи олмаганлигимиз ҳақида танқидлар бўлди. Бизда Сушкин, Бобожонов сингари ҳужумчилар бор эди ва уларга ишонгандик. Бироқ улар мавсум бошланишида жароҳат олишди. Тўғри, бизда уларнинг ўрнини боса оладиган ўйинчилар бўлиши керак. Ушбу ҳужумчиларимизнинг ўрнида биз ўзимизнинг иқтидорли ёшларимизга ишонч билдирдик. Аммо уларга тажриба етишмади. Айнан баъзи учрашувларда жамоамизга тажриба камлик қилиб қолди. Агар ўйинларимизни таҳлил қилсангиз, уйда ва сафардаги беллашувларда рақибларимиз билан тенгма-тенг ўйнадик. Шунчаки, ўзимиз имкониятлардан фойдалана олмадик. Натижада бошқалар учун “Нефтчи” кучсиз жамоадек кўринди. Лекин олдимизда ҳали 17 та ўйин бор. Спортда ҳар доим фақат ғалаба учун курашилади.

Селекция тўғрисида

- Иккинчи даврага ишонч билан тайёргарлик кўряпмиз. Қачондир ҳар бир футболчи ҳам ўз фаолиятини бошлаган. Бизда эса келажаги порлоқ бўлган ўйинчилар кўп. Аслида ҳозирги футболчилар билан ёмон ўйин кўрсатмаяпмиз. Мухлислар ёшларимизни асосан ўйин кунлари кўришади. Биз эса улар билан ҳар куни биргамиз ва кимнинг қандай имкониятга эга эканлигини яхши биламиз. Йигитларимизнинг кундан-кунга ўсаётганини кўряпмиз. Айни пайтда “Локомотив”, “Қўқон-1912”, АГМК каби жамоалар бир қатор футболчиларимизни ўз сафларида кўришни хоҳлашяпти. Айтмоқчиманки, бизда Суперлигага мос ўйинчилар ўйнашяпти. Фақат бизга айрим тажрибали футболчилар етишмаяпти. Мураббий четдан туриб гапиргани билан майдоннинг ичида ҳам футболчиларга мураббий бўладиган ўйинчи бўлиши керак. Мен айни пайтда шундай ўйинчи топиш билан овораман. 4-5 нафар футболчига таклиф билан чиқдим. Ҳозирча уларнинг номларини айта олмайман. Чунки уларнинг ўз клублари билан шартномалари бор. Масалан, ўз жамоамда кўрмоқчи бўлган футболчилар “Навбаҳор”, “Локомотив”, АГМК, “Насаф” каби клубларда бор.

“Нефтчи”ни тарк этаётган футболчилар

- Алишер Саматов АГМК жамоасида ўйнашни хоҳлади. Биз унга тўсқинлик қилмадик. Унинг позициясида менда ўйинчи бор. Масалан, Жалил Кимсанов унинг жойида ўйнарди. Лекин жароҳати сабабли бизга ёрдам бера олмаётганди. Ҳозир эса анча яхши ҳолатда. Шунингдек, Аваз Агалиев, Суннат Эрматов, Даврон Маматов каби футболчилар ўзлари кетишни хоҳлашди. Эрматов билан Маматов кам ўйин амалиётига эга бўлишганди ва улар бошқа жамоада тўп суриш истагини билдиришди. Барибир улар жамоамизнинг асосий таркибига кира олишмасди. Шунинг учун кетишига рухсат бердим.

Бош мураббийликка тайёрмиди?

- Ҳар бир мураббий катта мақсадларга интилади. Мен бунгача тўрт йил давомида “Нефтчи”нинг ўринбосарлар жамоасида ишладим. Лекин қандай ишлаганим ҳақида ўзимга баҳо бермайман. Лекин кун келиб “Нефтчи”га бош мураббий бўламан деган ниятим бор эди. Масалан, менинг ўрнимда бошқаси бўлганида ҳам шундай ният қилган бўларди, буни яширишнинг кераги йўқ. Шу боис ҳар доим ўзимни бунга тайёрлаб юрардим. Андрей Фёдоров, Мурод Исмоилов бош мураббий бўлиб ишлашганида мен ёшлар жамоасига устозлик қилардим ва мендан натижа талаб қилишмаган. Масалан, бугун ютишимиз керак ёки 3-ўринни эгаллашимиз шарт деган қатъий талабларни қўйишмасди. Фақат менинг олдимга футболчиларни тўғри тарбиялаш вазифасини юклашган. У ердаги тўрт йил мен учун катта мактаб бўлди. “Нефтчи”га бош мураббийликка ўтказишганида бунга тайёр эдим. Чунки менда қўрқув йўқ эди. Ахир ҳар бир мураббий ҳам қачондир фаолиятини бошлаган-ку. Ўринбосарлар жамоасида менга ёрдам бериб юрган Диёр Алижонов ҳам эндиликда асосий жамоада иш бошлади. Биз ҳеч қайси жамоага шунчаки енгилмаймиз. Қолган ҳар бир ўйин биз учун финалдек ўтади. “Нефтчи” Суперлигадан тушиб кетгани йўқ. Ҳали имкониятларимиз бор. Агар жамоанинг Суперлигада қолишига ҳаммамиз ишонсак натижага эришсак бўлади. Мабодо, мураббий сифатида “Нефтчи”ни барибир тушиб кетади дея Суперлигада қолишига ишонмаганимда бу ишга қўл урмасдим. Нимагадир ишоняпманки, шу ерда ишлаяпман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!