Никита Рафалович якуний турнирда иштирок этади

Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги "Sarhadchi" олимпия спорт марказида таэквондо WTF бўйича йилнинг якуний турнирлари ўтказилади.

9-10 декабрь кунлари WTF World Taekwondo Grand Prix Final деб номланган мавсумнинг сўнгги Гран-При мусобақасида олимпия вазн тоифаларида энг кучли 16 спортчи баҳс олиб борса, 12-13 декабрда эркаклар ва аёллар жамоалари ўзаро куч синашадилар.

Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам мазкур нуфузли мусобақада иштирок этади. Таркибда терма жамоа бош мураббийи Акмал Эргашев, халқаро тоифадаги ҳакам Дмитрий Ким, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси менежери Сарвар Шамусаров ва -80 кг вазнда 9-ўринни эгаллаб турган спортчи Никита Рафалович (жамғарган очкоси 208.08 балл) бор.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Мексикада ўтказилган Gran Prix-2015 якуний турнирида +80 кг вазн тоифасида даянга тушган ҳамюртимиз Жасур Бойқўзиев бронза медали билан тақдирланган эди.

Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!