Ноябрь ойида жанг қиладиган боксчиларимиз (Анонс ва таҳлил)

  • 30 октябрь, 2019, 18:03
  • 0
  • Бокс

Хабарингиз бор, ноябрь ойининг бошида уч нафар профессионал боксчимиз навбатдаги жангларини ўтказади. Жумладан, 2 ноябрда Бектемир Мелиқўзиев супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида украиналик тажрибали боксчи Исмаил Силлах га қарши рингга кўтарилса, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов профи рингда дебют қилади.

У 10 ноябрь куни Хитойнинг Фужоу шаҳрида ташкил этиладиган профессионал бокс кечасида, биринчи ўта енгил (-48,99 кг) вазн тоифасида хитойлик Де Бин Жу га қарши жанг олиб боради. Яна бир юртдошимиз ўта енгил (-50,8 кг)да ўз жангларини ўтказадиган, “Кичик Тайсон” номи билан машҳур Олимжон Назаров 3 ноябрь куни Вьетнамнинг Хо Ши Мин шаҳрида ташкил этиладиган бокс кечасида WBO Oriental камари ҳимояси учун таиландлик Чаиват Буадкратокка қарши жанг қилади.

Хуллас, юртдошларимизни жуда муҳим баҳслар кутиб турибди. Бугун, биз ушбу боксчиларимизнинг рақиблари ҳақида маълумот бериш баробарида имкониятлар ҳақида бироз фикр юритдик.

Бектемир Мелиқўзиев - Исмаил Силлах

Исмаил Силлах 1985 йил 9 февралда Украинанинг Мариуполь шаҳрида таваллуд топган. У ҳаваскор боксда бир қатор муваффақиятларни қўлга киритган. Жумладан, 2005 йил жаҳон чемпионатида -75 кг вазн тоифасида кумуш медаль соҳибига айланган. 2006 йил Бокуда ўтган Жаҳон Кубогида бронзани қўлга киритади. 2006 йил Европа чемпионатида -81 кгда ҳам кумуш медалга сазовор бўлади.

Умуман олганда, ҳаваскорда жами, 318 маротаба рингга кўтарилиб, уларнинг 302 тасида ғалаба қозонган. 16 маротаба мағлубиятни тан олади.

У профессионал фаолиятини 2008 йил бошлаган. У супер ўрта (-76,2 кг) ва ярим оғир вазн (-79,4 кг)да фаолият олиб боради. Профи рингдаги дебютини 2008 йил 18 июлда Метт Халворсенга қарши ўтказиб, уни нокаутга учратади.

Профессионал фаолияти мобайнида 33 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг 27 тасида ғалаба қозонган. Уларнинг 21 тасида рақибларини нокаутга учратади. Олти бора мағлубиятга учраган.

Украиналик боксчига ушбу жангда қандай омиллар устунлик бериши мумкин? Албатта, унинг бўй жиҳатидан баландлиги у сал кам икки метр келади. Яъни, 191 см бўйга эга. Бу Бектемирдан 14 см баланд дегани. Қолаверса, унда профи рингда улкан тажриба бор. Жуда кучли боксчилар билан ўзаро тўқнаш келган. Мисол учун, Сергей Ковалёвни айтиб ўтишимиз мумкин. Гарчи, ўша тўқнашувда нокаутга учраган бўлсада, ҳар ҳолда шундай савиядаги рақиблардан ўзига ҳос тажриба олганлиги шубҳасиз.

Лекин, биз Бектемирга ишонамиз. Унинг кучли зарбалари, рақибига нисбатан тезкорлиги, ёшига боғлиқ иштиёқ, ҳар қандай рақибни таслим этишга қодир. Мухлисларнинг “BEK Bully” дан умидлари катта. Ўйлаймизки, юртдошимиз ғалаба қозониб, барчани хурсанд қилади.

 Олға ўзбек ўғлони!

Bektemir (11)_1

Ҳасанбой Дўсматов - Де Бин Жу

У 1998 йил 19 январда Хитойнинг Кунминг шаҳрида таваллуд топган. Айни вақтда 21 ёшда. Бин Жу ҳаваскор боксда деярли катта натижаларга эриша олмаган. У 19 ёшида профессионал боксда дебют қилади. Яъни, 2017 йил 1 июлда ҳамюрти Жан Фу Танга қарши профи рингда дебют қилади ва уни мағлубиятга учратади.

Хитойлик чармқўлқоп устаси шу кунга қадар, профида 5 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг 3 тасида ғалаба қозонади. Икки бор нокаут билан зафар қучади. Бир мағлубият ва бир дуранг қайд этган. У барча жангини хитойликларга қарши ўтказади. Ҳасанбойга қарши жанги фаолиятидаги энг катта таваккал десак муболаға бўлмайди.

maxresdefault (1)_3

Унинг биргина устунлик жиҳати мавжуд. У ҳам бўлса, мезбонлик фактори. Лекин Ҳасанбойни қандай имкониятга эга эканлигини яхши биламиз. Унинг тезкорлиги, ҳаваскор боксдаги тажрибаси мазкур тўқнашувда ўз сўзини айтади.

Қолаверса, унинг нияти жиддий. Чунки, ўз вазн тоифасида профессионал боксда ҳам бутун дунёни забт этишга қаътий бел боғлаган. Яна бир омилга тўхталиб ўтиш лозим. Гарчи, юртдошимиз профи рингда дебют қилсада, ушбу йўналиш унга мутлақо бегона деб бўлмайди. Сабаби, у ярим профессионал, WSB турнирида “Украина атаманлари” ва “Ўзбек йўлбарслари” билан ажойиб натижаларни қайд эта олган. Айнан ушбу омил ҳам унга қўл келади деган умиддамиз. Бутун ўзбек халқи ғалаба истайди.

Омад ёр бўлсин!

photo_2019-10-26_11-40-10

Олим Назаров - Чаиват Буадкраток

Таиландлик ушбу боксчи 1992 йил 1 апрелда Накхон Ратчасима шаҳрида таваллуд топган. Ҳаваскор боксда у қадар юксак натижаларни қайд этган деб айта олмаймиз. Лекин профессионал йўналишда унда улкан тажриба мавжуд. У профи рингдаги дебютини 2010 йил 28 июлда қилади. Ўшанда Чаиват ҳамюрти Сомсанг Сунга қарши рингга кўтарилиб, техник нокаут эвазига ғалаба қозонади.

Ҳозирги кунга қадар, Таиланд вакили 33 та жанг ўтказиб, уларнинг 32 тасида ғалаба қозонади. Уларнинг 20 тасини муддатидан аввал якунлаган. Бир бора эса мағлубият қайд этади. Эътиборлиси, у барча жангларини ўз ватанида ўтказган. Ҳамюртимиз билан бўладиган тўқнашув, унинг фаолиятидаги илк ҳорижда ўтказадиган жанги бўлади.

photo_2019-09-25_18-40-51

Ундаги ягона устунлик WBO Oriental камарини қўлга киритиш йўлидаги мотивация бўлиши мумкин. Лекин ёш борасида ҳам ҳамюртимиздан 6 ёш кичик ҳисобланади. Лекин бу жиҳат нисбий тушунча. Чунки Олимжон Назаровнинг жисмоний ҳолати таҳсинга сазовор. “Кичик Тайсон” ўз устида жуда кўп ишлайди ва доимий тарзда жисмоний ҳолатини идеал даражада сақлаб келади.

Профи рингдаги тажриба борасида ҳам рақибидан устун бўлса устундирки, лекин кам эмас. Қолаверса, юртдошимиз АҚШ рингларида ҳам маҳоратини сайқаллаган. Бироқ, таиландлик чармқўлқоп устаси ҳам ўз-ўзидан 31 та ғалабани қўлга киритмаган бўлса керак. Шундай экан у ҳам оддий рақиб эмас.

Шундай бўлсада, Олим Назаровнинг ушбу қарама-қаршиликда имкониятини юқори баҳолаган бўлардик. Ўйлаймизки, у ўз унвонини муносиб ҳимоя қилади.

Биз сен билан Олимжон!

nazarov_wbo

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!