Обид Жўрабоев: Футболсиз анча зерикиб қолдим

“Навбаҳор” клуби матбуот хизмати жамоанинг  тажрибали ҳимоячиси Обид Жўрабоев билан суҳбат уюштирди.  

- Карантин даврини уйда қандай ўтказяпсиз? Зерикмаяпсизми? Футболни соғиндингизми?

- Карантин даврини барча спортчилар каби оила даврасида, болаларим билан ўтказяпман. Шунингдек, айрим уй ишларини ҳам бажаряпман. Футболчилар фаолиятлари асосан машғулотлар, ўйинлар билан боғлиқ бўлганлиги, сафар баҳсларига боришлари сабабли, ўз уйларида кам бўлишади.

Айни пайтда оилам меҳрини ҳам ҳис қиляпман.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, болалигимдан миллионлар ўйинига меҳр қўйганим учунми, футболсиз анча зерикиб қолдим ва миллионлар ўйинини роса соғиндим. Тўғрисини айтсам, футболсиз ниманидир йўқотиб қўйгандек бўларкан, одам.   

- Сизнингча, карантин футболчиларнинг жисмоний ҳолатларига салбий таъсир кўрсатмайдими?

- Албатта, таъсир кўрсатади. Боиси, эндигина миллий чемпионатимизнинг 3та тур баҳслари ўтганидан сўнг, карантин эълон қилинди. Ушбу ҳолатнинг эса салбий таъсир кўрсатиши аниқ.     

Уйда якка тартибда шуғулланиш билан, жамоавий машғулотлар ўтказишнинг анча катта фарқи бор.

- Карантин якунланганидан сўнг, Худо хоҳласа, Суперлига баҳслари давом эттирилади ҳамда барча жамоалар бир хил вазиятда бўлишади. Сизнингча, бу ҳолат миллий чемпионатимизда сенсациялар юзага келишига олиб келиши мумкинми?

- Барча ўйинчилар каби мен ҳам юртимиз коронавирус хасталиги балосидан тезроқ қутулиб, Суперлига ўйинлари бошланишини сабрсизлик билан кутяпман.

Ҳамма футболни соғинган ва жамоалар ўз олдига қўйилган мақсадни амалга ошириш учун интилади.

Сенсация борасида тўхталадиган бўлсам, футболда ҳамма нарса юз  бериши эҳтимолдан холи эмас. Буни эса вақт кўрсатади.

- “Навбаҳор” таркибидаги энг тажрибали футболчисиз. Сизнингча, тажриба футболда нечоғлик муҳим роль ўйнайди?

- Миллионлар ўйинида руҳий ҳамда жисмоний тажрибанинг ўрни катта, албатта. Айнан тажриба ҳисобига ҳозир ҳам тўп суришга муваффақ бўляпман. Мен учун футболда тажрибанинг ўрни катта.      

Навбаҳор Андижон расми 3

 - Тажрибали футболчи сифатида жамоадаги ёш ўйинчиларга ўз маслаҳатларингизни бериб турасизми?

- Қўлимдан келганича, тажрибам билан ўртоқлашиб, ўз маслаҳатларимни бериб тураман. Фурсати келганида, айтиш жоизки, ҳозирги ёш футболчиларнинг кўпчилиги юлдузлик “касали”га эрта чалинишмоқда.

Шунинг учун ёшларга кўпроқ ўз устиларида ишлашлари, меҳнат қилишлари ва кибрга берилмасликларини таъкидлайман.

    - Жорий мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Жамоанинг ушбу имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Мазкур мақсадни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Жамоамизнинг айни пайтдаги таркиби эса бунга қодир.

Суперлигада чемпионлик унвонига эришиш, шунингдек, Ўзбекистон кубогини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон кубоги финалининг Наманганда, ўзимиз учун қадрдон майдонда ўтказилиши бизга қўшимча куч-қувват бағишлайди ҳамда фидоий ва жонкуяр мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари остида биллур совринни қўлга киритамиз, деган умиддаман.

Ҳимоячи сифатида “Дарвозабон – ярим жамоа” деган гапга қандай изоҳ берасиз?

- Мазкур гапга юз фоиз қўшиламан. Дарвозабон майдонни тўлиқ кўра олади ҳамда мабодо биз – ҳимоячилар ҳужумни бартараф этолмасак, у сўнгги қалқон сифатида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлашга интилади.

Посбон ишончли ва тажрибали бўлса, қийин вазиятларда жамоанинг жонига оро кирса, нафақат ҳимоячилар, балки барча жамоа аъзолари майдонда хотиржам ҳолда, ўйнашади.

Шунинг учун ҳам “дарвозабон – ярим жамоа” дейишади.

Навбаҳор Насаф 3

Сиз билан муборак Рамазон ойида суҳбатлашяпмиз. Мухлисларга ушбу муқаддас ойда қандай тилакларингиз бор?

- Барча ҳамюртларимиз, шунингдек, “Навбаҳор”нинг садоқатли ҳамда жонкуяр мухлисларига ушбу улуғ ойда Аллоҳдан куч-қувват, соғлик-саломатлик тилаб қоламан. Тутган рўзалари ва ибодатлари, шунингдек, қилган эҳсонларини Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин, илоҳим! Дуолари ижобат бўлсин. Асосийси касал бўлишмасин ҳамда коронавирусдан эҳтиёт бўлган ҳолда, уйда қолишсин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)