ЎФФ президенти ФИФА таклифига кўра Англияга жўнаб кетди

 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов ва Ижроия қўмитасининг аъзоси Бобур Шодиев ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг таклифига кўра расмий ташриф билан Англияга учиб кетди.

23 октябрь куни Лондонда ФИФАнинг йил якунларига бағишланган анъанавий гала-оқшоми бўлиб ўтади. “The Best FIFA Football Awards 2017” деб номланган ушбу тантанали кечада ЎФФ делегацияси ҳам иштирок этади.

Мазкур тадбир арафасида Умид Аҳмаджонов ва Бобур Шодиев дунёнинг бир қатор футбол федерацияларининг раҳбарлари ва делегацияси аъзолари билан учрашиб, ўзаро фикр алмашишни режалаштирган. Шу жумладан, Англия Футбол Уюшмасининг президенти Грег Кларк билан ҳам учрашув ташриф дастуридан ўрин олган.

ФИФАнниг йил якунларига бағишланган тантанасида сайёрамизнинг энг яхши футболчилари ва мураббийларига футбол оламининг дунё миқёсидаги энг нуфузли совринлари топширилади. “The Best FIFA Football Awards” деб номланган мазкур тадбир 2016 йилда собиқ “Ballon d’OR” (“Олтин тўп”) мукофотининг ўрнига таъсис қилинган эди.

Бу йилги тадбир Лондоннинг муҳташам “Блумсбёри” саройида бўлиб ўтади. Тадбирни дунёга машҳур бошловчилар Идрис Эльба ва Лайло-Анна Лилар олиб боради. Собиқ ва бугунги кун футболчилари – Роберто Ди Маттео, Жей-жей Окоча, Алекс Скотт, Андрей Шевченко ва Питер Шилтон каби юлдузлар тадбирнинг элчилари сифатида иштирок этадилар.

Душанба оқшомида бўлиб ўтадиган ушбу тантанадаги дунёнинг энг яхши эркак футболчиси ва аёл футболчиси, шунингдек, энг яхши эркаклар жамоасининг мураббийи, энг яхши аёллар жамоасининг мураббийи каби номинацияларда ғолиблар тақдирланади. Ғолиблар ФИФАга аъзо мамлакатларнинг мураббийлари, футболчилари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг овозлари асосида аниқланади. Айнан шу тўрт мукофот кечанинг бош мукофотлари саналади.

Умуман олганда эса ФИФА гала-оқшомида 8 та номинацияда ғолиб тақдирланиб, 11 кишидан иборат дунёнинг рамзий терма жамоаси ҳам аниқланади.

ФИФАнинг “The Best Football Awards 2017” маросими “УзРепорт ТВ” ва “Футбол ТВ” телеканаллари орқали, шунингдек, ФИФА расмий сайти ва ФИФАнинг “Youtube”даги расмий канали орқали намойиш этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!