Оғир атлетика федерацияси раҳбари Руслан Нурудиновнинг допинг туфайли четлатилишига изоҳ берди

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов Лондон-2012 Олимпиадасида иштирок этиб, -105 кг вазн тоифасида тўртинчи ўринни олган Руслан Нурудиновнинг допинг тести учун намунаси қайта таҳлил қилинганида ижобий натижа бергани юзасидан изоҳ берди.

- Бу – спортда учраб турадиган ҳолат. Спортчини қанчалик асрамайлик, овқатланиши-ю, турмуш тарзига қанчалик эътибор қаратмайлик, барибир бундай ҳоллар кузатилиб туради. Нега ундай деяпман? Чунки Руслан Нурудинов бу йилнинг ўзида 6 маротаба допинг текширувидан ўтди, уларнинг барчасида натижа «тоза» чиқди. Бошқа спортчиларимиз ҳам шу жумладан, – деди Маҳмудов Kun.uz билан суҳбатда.

Мутасаддининг маълум қилишича, 6 йил олдинги мусобақада Нурудиновнинг қонида тестостерон миқдори меъёридан ортиқ бўлгани аниқланган. Киши муайян озиқ-овқатларни истеъмол қилганда ҳам унинг танасида эркаклик гормони саналувчи модда миқдори ортиши кузатилади, бу эса допинг тести ижобий натижа беришига олиб келиши мумкин.

- Табиийки, тестостерон миқдори паст одамдан спортчи чиқмайди. Бизга келган хатда Нуриддиновда бу гормон белгиланганидан қанчага кўп чиққани айтилмаган, фақат меъёрдан ошиқлиги аниқланди, дейилган. Халқаро Антидопинг Агентлиги белгилаган тартибга асосан, допинг текшируви учун олинадиган таҳлил намуналари 10 йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин, – деди Шаҳрилло Маҳмудов.

Маҳмудовнинг айтишича, уларга йўлланган хатда Нурудинов қанча муддатга мусобақалардан четлатилганига ҳам аниқлик киритилмаган. Бу муддатнинг ойдинлашиши учун 3-6 ой вақт талаб этилади. Ана шундан сўнг, бир ёки икки йиллик дисквалификация қўлланиши мумкин.

- Агар тестостерон миқдорининг юқори чиққани билан боғлиқ вазиятни ижобий асослай олсак - унинг оилали экани, уролог-мутахассис хулосаси ва бошқа шу каби фактлар ёрдамида - четлатиш муддати қисқароқ бўлишига эришишимиз мумкин. Бу арбитраж суди орқали ҳал бўлади. Лекин барибир дисквалификациядан қочиб бўлмайди, допинг аниқланган вазиятда шу пайтгача четлатиш бўлмаган ҳоллар рўй бермаган ва бундан кейин ҳам бўлмаса керак.

Қоидалардан келиб чиқиб, ҳозирги вазиятда четлатиш муддати максимал 2 йил, камида 6 ойни ташкил қилишини айтишим мумкин, – деди Маҳмудов.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, оғир атлетикада спортчининг оптимал ёши сифатида 23-27 ёшлар орасини кўрсатиш мумкин. 30 ёшга бориб, аксарият тош кўтарувчилар ўсишдан тўхтайди ва фақат ўша ёшга қадар чиқа олган даражасини ушлаб қолиши мумкин. Маълумот учун, Руслан ўтган ойда 27 ёшини қарши олди.

Эслатиб ўтамиз, Нурудиновнинг спортдаги асосий ютуқлари Лондон Олимпиадасидан кейинги даврга тўғри келади. У 2013 йилда жаҳон чемпионлигига эришган, ҳозирга қадар икки маротаба Осиё чемпиони бўлган. 2014 йилда жароҳат олиб, бир йилдан ошиқроқ вақт мусобақаларда қатнаша олмаган, сўнг 2016 йили Риода олимпия ўйинлари рекордини ўрнатган ҳолда олтин медалга сазовор бўлган эди. Руслан 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида ҳам турнир рекордини янгилаб, тенгсиз бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!