Оғир атлетика. Париж-2024 Олимпиадасида эркаклар ўртасида қайси спортчиларнинг имкониятлари юқори?

Халқаро Оғир атлетика федерацияси расмий сайтида яқинлашиб келаётган Париж-2024 Олимпия ўйинларининг оғир атлетика мусобақаларида эркаклар ўртасида ғолиблик учун асосий даъвогарлар бўйича таҳлилий мақола эълон қилинди. Қуйида ушбу мақола билан танишиб чиқишингиз мумкин:

Дунёнинг энг машҳур оғир атлетикачиларидан бири грузиялик Лаша Талахадзе ва хитойлик Ши Чжиюн Париждаги ўйинларда уч карра Олимпиада чемпиони деган шарафли номга эга бўлишлари мумкин. Болгариялик Карлос Насар эса келажак авлод учун асосий эътибор марказида бўлади. Ўзининг сўнгги натижаларига кўра, 20 ёшли Насар Олимпия ўйинларидаги дебютида олтин медални қўлга киритиш ва жаҳон рекордларини ўрнатишга қодир.

Туркиялик Наим Сулаймонўғли ва Ҳалил Мутлу, Ягона Жамоа (Совет Иттифоқи) ва Греция учун курашган грузиялик Кахи Кахиашвили ва грециялик Пйррос Димас уч карра Олимпия чемпиони бўлган ягона спортчилардир. Улар 1988-2004-йиллар орасида ушбу натижаларни қайд этишган.
Оғирлиги 100 кг дан ортиқ бўлган вазн тоифасидаги ҳеч бир спортчи буни уддалай олмаган. Европаликлардан бошқа ҳеч ким буни амалга оширолмаган. 26 йилдан бери халқаро миқёсда супачага кўтарилиб келаётган Талахадзе ва Ши Чжиюн бу борада биринчи бўлишлари мумкин. Иккала спортчи ҳам 1993-йил октябр ойида туғилган ва Париж Олимпиядасидан кейин уларнинг бири ёки иккаласи ҳам нафақага чиқиши мумкин.

Грузиялик Талахадзенинг тиззаларида муаммолар бор эди. У ўтган йилнинг 10-августигача 328 кун мусобақаларда иштирок этолмади. У сентябр ойида Саудия Арабистонида еттинчи жаҳон чемпионлигини қўлга киритганида, унинг тўртта рақиби умумий ҳисобда 450 кг ёки ундан кўпроқ натижани қайд этишганди.
“Бошқалар Лашага яқинлашиб қолмоқда. Унинг бугун кўрсатган стандарти етарли бўлмайди, - деди ўша пайтда Грузия бош мураббийи Гиорги Асанидзе. Талахадзе эса ўшандан бери мусобақарда иштирок этмади.
Талахадзе 10 кг гача кўп натижа билан рейтингда етакчилик қилмоқда ва узоқ муддатли танаффусдан кейин ҳам олтин учун асосий номзод бўлиб қолмоқда. Рейтингда Баҳрайн вакили Гор Минасян иккинчи, унинг Арманистондаги собиқ жамоадоши Вараздат Лалян эса учинчи ўринда бормоқда.

Кузатилиши керак бўлган спортчи яна бир супероғир вазн тоифаси ироқлик 19 ёшли Али Аммар Юсур ҳисобланади. Юсур ўтган йили ёшлар ўртасида жаҳон рекордини ўрнатган ва ҳозирданоқ Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиш учун асосий номзод эканлигини кўрсатмоқда. У жорий йил сентябр ойида Испаниянинг Леон шаҳрида бўладиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиблик учун биринчи рақамли спортчидир.

Ши 2021-йилги Хитой миллий ўйинларида белидан жароҳат олиб, 862 кун мусобақаларда қатнашмади. Ўтган йилнинг декабр ойида Қатар Гран-присида яна супачага қайтди. Бироқ у оғриқ ҳис қилди ва охирги икки уринишини рад этишга мажбур бўлди.

У Таиландда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 73 килограмм вазн тоифасидаги рейтингда жами 356 килограмм натижа кўрсатиб, жамоадоши Раҳмат Эрвинни ортда қолдирган ва сенсацияга сабаб бўлган индонезиялик Ризки Жуниансяни ортда қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилди.

“Мен Парижда яхши уринишларни амалга ошира оламан ва мен учун якуний натижа энг муҳими эмас. Асосийси Олимпиадада иштирок этишни ва бундан завқланишни ҳоҳлайман”.
Ши Риода -69 кг, Токиода -73 кг вазнда ғалаба қозонган. Унинг Токиодаги жами 364 килограмлик натижаси Жуниансянинг Жаҳон Кубогидаги сўнгги натижасига қадар жаҳон рекорди ҳисобланар эди. Саралаш пайтида жароҳати билан боғлиқ муаммоларга дуч келган Ши ва Жунианся ўртасидаги баҳс Парижда олтин медал учун энг кучли кураш бўлиши мумкин. 
Хитойлик спортчилар -61 кг ва -102 кг вазн тоифаларида фаворит ҳисобланади. Бу вазнларда Ли Фабин ва Лиу Хуанхуа Чин юрти шарафини ҳимоя қилади. Эътиборлисис, уларнинг иккаласи ҳам жаҳон рекорди соҳиблари ҳисобланади. Лиу 2018-йил ноябр ойида дастурга киритилганидан бери -102 кг вазнда жаҳон стандартларини қайд этган ягона спортчидир. 

Лиу рейтингни энг юқори поғонада якунлади ва аллақачон ғолиблик учун асосий даъвогар эканлигини кўрсатди. Ўтган йилнинг октябр ойида Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида вазни 102 кг дан кам бўлишига қарамай -109 кг вазн тоифасида 418 кг натижа билан олтин медални қўлга киритган. Бу унинг ҳозирги жаҳон рекордидан 5 кг кўпдир.

Лиудан пастроқда жойлашган спортчилар Парижда медаллар учун энг кучли баҳсларни тақдим этишлари мумкин. Ушбу вазнда 6 нафар полвон шоҳсупага кўтарилиш учун реал имкониятга эга. Булар -96 ва -109 килограмм вазн тоифасида Токио-2020 Олимпиадаси чемпионлари Месо Хассона ва Акбар Жўраев, арманистонлик Гарик Карапетян, беларуслик мустақил нейтрал спортчи Яуҳени Тсихансу, кореялик Жанг Еонхак ва баҳрайнлик Лесман Паредес. Ли Фабин Токиода -61 кг вазнда ғалаба қозонди ва рейтингда 20 ёшли америкалик Хемптон Моррисдан 11 кг ўзиб кетди. Ли Пукетдаги жаҳон чемпионатида силтаб кўтариш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди, Моррис эса силтаб кўтариш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Бу америкаликлар томонидан 55 йил ичида ўрнатилган биринчи жаҳон рекорди эди. Қайд этиш лозимки, АҚШ спортчилари оғир атлетика бўйича эркаклар ўртасида Олимпия ўйинларида 1960-йилдан буён олтин медални ва 1984-йилдан буён биронта медални қўлга кирита олишмаяпти.

Бошқа даъвогарлар – италиялик Серхио Массидда ва индонезиялик Эко Юли Иравандир. Моррис икки ёш тоифасида ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган бўлса, Ираван шу ой 35 ёшга тўлади. У кетма-кет бешта Олимпия ўйинларида медал қўлга киритган тарихдаги биринчи оғир атлетикачи бўлишга умид қилмоқда. Ираван Пекинда -56 кг билан учинчи, Лондонда -62 кг билан учинчи, Риода -62 кг билан иккинчи ва Токиода -61 кг билан иккинчи ўринларни эгаллаган. 

Насар -89 кг вазнда Париждаги энг ёш олтин медал соҳибига айланиши кутилмоқда. 2018-йилда Токио ўйинларига саралаш бошланганда Насар 14 ёшда эди – ўшанда у иштирок этиш учун жуда ёш эди. 2021-йилда 17 ёшида ўзининг биринчи катта жаҳон рекордини ўрнатган, шу билан бирга у ёшлар ва ўсмирлар ўртасида 15 та жаҳон рекордини ҳам ўрнатган. Париж Олимпиадасига саралаш даврида Насар ўсмирлар ўртасида яна бешта жаҳон рекордини ўрнатди. Май ойида бўлиб ўтган Болгария миллий чемпионатида 20 ёшли Насар -89 кг вазн тоифасида иштирок этди ва силтаб кўтаришда жаҳон рекордини янгилади. Афтидан ушбу спортчини ҳеч нарса тўхтата олмайдиганга ўхшайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!