Олег Зотеевга хориждан таклифлар бор
Ads

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Локомотив” клубининг ҳимоячиси Олег Зотеев жорий мавсумни барқарор ўтказа олган футболчилардан бири бўлди. У ҳаттоки, терма жамоа устози Эктор Купернинг ҳам ишончига кириб бораётгани учун доимий равишда йиғинларга чақирилмоқда. Бунинг устига футболчи “Локомотив”нинг чемпионликни қўлга киритишида ҳам катта ҳиссасини қўшди.

Таъкидлаш жоизки, Зотеев ушбу чемпионатда “Локо” таркибида 28 та ўйин майдонга тушди битта голга муаллифлик қилди. Чап қанот ҳимоясида тўп сурган Олег доимий равишда жамоасининг ҳужум чизиғи билан боғловчилик вазифасини бажариб келди. Ҳозирда таътилда бўлиб турган ўйинчининг “Локомотив” билан тузган шартномаси ниҳоясига етиб боряпти. Яқин орада эркин агентга айланадиган футболчига бошқа клублардан таклифлар келиб тушмоқда. Ўзининг айтишича, янги мавсумни бирор-бир хориж чемпионатида легионер сифатида ўтказиш нияти бор. Айни пайтда эса унга Эрон ҳамда Россия биринчи дивизионидан аниқ таклиф бор. Бироқ Олег Зотеев ҳозирдан хулоса чиқаришга шошилмаяпти. Ўзининг айтишича, Осиё Кубогидан сўнг кейинги фаолияти борасида аниқ тўхтамга келмоқчи. Унгача эса футболчи бор эътиборини миллий терма жамоага қаратмоқчи. Аммо кейинги фаолиятини хорижда давом эттириш истаги юқори.