Ўлим таҳдиди, келишилган ўйинлар ва ҳакамлик ҳақида Диёр Имомхўжаев билан интервью
SPORTS.uz эксклюзив интервьюларни тақдим этишда давом этади. "Дангал" лойиҳасида меҳмон бўлган Ўзбекистон профессионал футбол лигаси раҳбари - Диёр Имомхўжаев мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди.
Ўлим билан таҳдид қиладиганлар кўпми?
- Тўғриси, буни нормал қабул қиламан. ПФЛ раҳбари сифатида иш бошлаганимдан буён, бундай хатларни тез-тез қабул қилишни бошладим. Аслида бу одатий ҳолат, бироқ бир йигит қизим билан тушган суратимни тагига ўлим билан таҳдид қилиб изоҳ қолдиргани жуда алам қилди. Барчамизни ўз шахсий ҳаётимиз ва муқаддас нарсаларимиз бор. Мухлислар жаҳли чиққанда ортиқча гапириб юбориши мумкин. Шунга қарамай, адекват инсонлар ҳам кўп. Улар мен билан ҳаётда танишгач, фикри ўзгаради. Негатив билан негативнинг фарқи катта. Баъзи ака ва укаларимиз бор. Улар камчиликларимизни жуда чиройли қилиб тушунтириб беришади. Биз эса, бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, муаммони бартараф этамиз. Афсуски, баъзи инсонларни очиқчасига менга нисбатан адовати мавжуд. Бу соҳа шунақаки, унда тўғри ишлаб, кимнингдир "думини" босишга тўғри келади. Уларни ҳам ака-ука, қариндошлари бор. Аслида, барчамиз кимнидир ҳаётидаги ёмон образдаги инсонлармиз. Шу боис, буни тўғри қабул қиламан.
Субъектив лойиҳасида тотализаторни юртимизда қонуний қилиш учун биринчилардан бўлиб қўлини кўтариб чиққан инсон сифатида айнан сизни эътироф этишди. Бунга қандай реакция билдирдингиз?
- Аслида, бу шоу. Бундай форматдаги кўрсатувларни авваллари Хайрулла Нуриддинов муаллифи бўлар эди. Мен бу йўналишни ичига кириб-чиққан инсонман. Керак бўлса, яна қайта киришим мумкин. Биринчи навбатда, мавзуни яхшилаб тушуниб олиш зарур. Kun.uz билан алоқаларим жуда яхши. Агар, мен билан учрашганида, албатта ҳаммасини ётиғи билан тушунтирган бўлар эдим. Лойиҳани ҳурмат қиламан. Унинг мақсади одамларни ёмон йўлдан қайтариш, аммо мақсад ва йўналиш мутаносиб бўлиши керак. Мен ҳеч қачон инсонларни фикрига қараб иш кўрмаганман. Акс ҳолда, ҳеч нарса қилмаслигимга тўғри келади.
Секейра ва Хюистранинг матбуот анжуманида билдирган фикрлари ўзбек футболи репутациясига салбий таъсир кўрсатмадими?
- Айтгани билан бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ким кутган эди, Секейра келиб, бир йилда "Локомотив" тики-така услубини тўлиқ ўзлаштиради, деб? Шахсан мен буни кутмаган эдим. Мисол учун, Хави келиб, "Ал-Саад"ни "Барселона" сингари тўп назоратини қўлга олишга қодир жамоага айлантирди. Аслини олганда, 100 фоиз ишни у амалга оширгани йўқ. Бу ғалабанинг ортида 2006 йилда Қатарда очилган футбол академияларининг хизмати ётади. Хорижлик мураббийлар қўл остида, янги авлод футбол оламига кириб келди. Хави қурган жамоанинг ғиштлари айнан ўша академия тарбияланувчилари саналади. "Локомотив" устози эса, "лой" ғиштдан Хави қурган бинони тиклай олмайди. Бунинг учун йиллар керак бўлади. Ўша интервьюга қадар Секейрани қаттиқ ҳурмат қилганман. Натижа бўлмагач, у бор аламини шу нарсадан олди. "Пахтакор" бош мураббийини фикрларига қўшиламан, бироқ ҳақорат қилмаслик керак. Нима бўлганда ҳам, йилдан-йилга сифатли чимга эга стадионларимиз сони ортиб бормоқда.
Секейранинг услуби Эктор Куперни эслатиб юбораётгандек туюлмоқда. Сизни бу борадаги фикрингиз қандай?
- Ҳозирча бирор нарса дейиш мушкул. Менимча, у эндигина ўзбек футболи билан танишди. Услуби ва тактик танловига келаси йилдаги ўйинлардан келиб чиқиб фикр билдиришимиз мумкин. Сречко Кантанецнинг тайинланишини яхши танлов бўлди. У Осиёда ишлаган ва ўртамиёна жамоалар билан кучли термаларга қарши ижобий натижалар қайд этган. Мен ўзимизни футболчиларни Ироқникидан кучли, деб ҳисоблайман. Бизга тўғри йўналиш керак. Кўп ўйинларни жонли томоша қиламан. Болалар футболи ва Хави ҳақида бежизга фикр билдирмадим. Яқинда, регламентга ўз шогирдини сўкиш мумкинмаслиги борасидаги бандни ҳам қўшиб қўймоқчимиз. Ўзи мураббийларни ўқитишдан аввал, уларни тарбиялаш керак. Бугунги футболимиз етакчиларининг асосий ютуғи уларда кучли мураббийлар билан ишлагани. Афсуски, ҳамма ҳам бундай устозлар билан ишлаш бахтига муяссар бўлмаган. Иккита мураббийдан хафа бўлдим. Биттаси Ислом Исмоилов, иккинчиси "Нефтчи"ни (U-18) ёшдаги жамоаси "тренери". Мен "Турон"нинг собиқ мураббийи қилган ишни кўриб ҳайрон қолдим. (U-21) мусобақасидаги ўйин. Яйпанликлар сафига (U-18)дан бир футболчи чақирув олган экан. Ёш бола ўзидан каттароқ акалари билан тўп сургани учун ўйин пайтида кўп ҳаяжонланди. Ислом эса, ҳар бир омадсизликни ҳақоратли сўзлар билан кутиб олди. "Бу қаттан келиб қолган", "Кўзимга кўринма", деб бақирганини барча эшитди. Ўз мураббийидан бундай гапларни эшитгач, у қандай футболчи бўлиши мумкин? "Синди" у! Мен мураббий шогирдларини койимасин демайман, шунчаки бу ишни ўз жойида қилишни ҳам билиш керак.
Ўзбекистон (U-14), (U-16) чемпионатларини SPORTS.uz трансляция қилди. Ўша учрашувларни кузатгач, ёш болаларнинг экипировкаси жуда аянчли аҳволда эканлиги маълум бўлди. Сиз, клубларга давлат бир йилда неча пул ажратишидан хабардор инсон сифатида айтингчи, наҳотки жамоалар ўз академиясидаги ёш футболчиларни либос билан таъминлай олмайди?
- Пул бор, шунчаки инсоф йўқ. Аслида, инсон ўз фарзандларини ўзи емаса ҳам едириб, киймаса ҳам кийдириб катта қилади. Академиядаги ёш футболчилар ҳам клубларнинг фарзандларидек бир гап. Ўз оила аъзосига бефарқ бўлган клуб эртага қандай қилиб яхши кадрларни етишиб чиқишини кутиши мумкин? "Реал" ва "Барселона" академияларидаги болалар жамоа логоси туширилган либосларни кийиб тўп суради ва ўзини шу клубнинг бир бўлагидек ҳис қилади. Аслида, ўз ёшлар жамоасини тўлиқ кийинтириш учун сарфланадиган пуллар давлат ажратаётган пулнинг жуда кичик қисмини ташкил этади. 200 миллион сўмни ўз фарзандларидан аяйдиган клубларга инсоф тилаб қоламиз.
Интервьюни тўлиқ томоша қилинг
Фикрлар