Олимпиадага бир йил қолди
Хабарингиз бор, 2020 йилнинг 24 июль куни Токиода ёзги олимпиада ўйинлари тантанали равишда очилади. Бутун дунё нигоҳи қаратиладиган мусобақага роппа-роса бир йил вақт қолди. Шу боис биз мусобақа ва олимпиада дастуридан ўрин олган футбол борасида тўхталиб ўтамиз.
Ёзги олимпиада ўйинлари дунёда энг оммалашган мусобақадир. Ҳар 4 йилда бир марта бўлиб ўтадиган ёзги олимпиадага илк маротаба 1896 йили Грециянинг Афина шаҳри мезбонлик қилган. 14 мамлакатдан 241 атлет 9 спорт турида 43 та комплект медаллар учун курашишган. Эътиборлиси, спортчиларнинг барчаси эркаклар бўлган. Олимпиада ўйинлари энг кўп Лондон шаҳрида 4 бор (1908, 1944, 1948, 2012) ўтказилган. Мустақил Ўзбекистон делегацияси ёзги олимпиада ўйинларида алоҳида жамоа бўлиб қатнаша бошлаганидан буён бир қатор юртдошларимиз чемпионга айланганини яхши биламиз. Лина Черязова, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Артур Таймазов, Александр Доктурашвили, Руслан Нуритдинов, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаров олтин медаль соҳиби бўлишган.
Футбол 1900 йилдан бошлаб олимпия ўйинлари дастуридан мунтазам ўрин олган. Чемпионликни энг кўп 3 мартадан Буюк Британия (1900, 1908, 1912) ва Венгрия (1952, 1964, 1968) терма жамоалари тантана қилишган. Тўпурарлик борасида венгриялик ҳужумчи Анталь Дунаи ва даниялик хужумчи Софус Нильсен етакчилик қилишмоқда. Бу икки футболчи ҳисобида 13 тадан гол бор. 2016 йили Риода мезбон Бразилия термаси финалда пенальтилар сериясида Германия футболчиларини мағлуб этиб, амалдаги чемпион ҳисобланади. Аёллар ўртасида олимпия ўйинларида футбол бўйича ғолиб ва совриндорлар 1996 йилдан буён аниқланиб келади. 2016 йили Германия футболчи қизлари финалда Швеция термасини енгиб, олтин медаллар билан тақдирланишган. Келаси йили 24 июлдан 9 августгача Япониянинг Токио шаҳрида XXXII ёзги олимпиада ўйинларида 205 мамлакатдан спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. Футбол бўйича совринлар учун 16 эркаклар ва 12 аёллар терма жамоалари баҳс олиб боришади. Афсуски, Ўзбекистон футболда ҳозирга қадар олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олмаган. Жаҳон чемпионати армони каби, олимпиадага бориш ҳам доимо муаммо бўлиб келган. Осиёдан олимпия ўйинларига йўлланмалар соҳиблари келгуси йил январида Таиландда ўтказиладиган ёшлар ўртасида U-23 қитъа чемпионатида аниқланади. Ушбу турнирда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Любинко Друлович шогирдларига омад ёр бўлишини тилаймиз.
Фикрлар