Омон Ғофуров: Ҳозирги Про-Лига аввалги Олий Лига савиясига тенг

Хабарингиз бор янги мавсумда Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси юқори ва қуйи дивизион чемпионатларини Суперлига ва Про-Лига кўринишида ўтказади. Шу боис ҳар иккала лига жамоаларига ҳам бу борада янгича ва қатъий талаблар қўйилди.

Таъкидлаш лозимки янги мавсум Суперлига иштирокчилари сони 12тагача камайтирилгач, ЎзПФЛ қўйилган талаблар бўйича текширувлар ўтказди ва унда клубларга қўйилган талаблар бажарилиши ўрганилди. Ушбу текширувлардан сўнг, Суперлига талабларига Самарқанднинг "Динамо" ҳамда Муборакнинг "Машъал" жамоалари тўғри келмаслиги маълум бўлган. Шу боис энди ушбу икки клуб янги мавсумда ўз омадини Про-Лигада синаб кўради.

Ушбу ўзгаришлар ва ислоҳотлар Ўзбекистонда футболни оммалаштириш, клублар имижи ва нуфузини ошириш учун қилинаётгани, бу ислоҳотлар албатта, ўз мевасини бериши борасида ЎзПФЛ Бош директори Омон Ғофуров ташкилот расмий сайтига қуйидагиларни маълум қилди.

“Клуб инфратузилмаси – клубларимиз учун энг муҳим масаладир. Бу борада камчиликлар кўп. Клуб инфратузилмасини ривожлантириш, клублар фаолиятини профессионал мақомга олиб чиқиш учун шу каби ўзгаришлар қилиш зарур. Биз талабларни ишлаб чиқиб, уларни клублардан талаб қилаётганимизда уларнинг номига, обрўсига қараётганимиз йўқ. Биз шунчаки, уларнинг профессионал клуб номига мос келишини истаймиз. Бу масалалар борасида фикрлар кўп. Агар қайсидир клуб талабларга мос келмаган, талабларни бажариш учун ҳаракат қилмаган бўлса, бу айнан клубнинг ўз айби ва муаммосидир. Биз клубларга талабларни бажариши ва камчиликларни ҳал қилиш учун маълум вақт берган эдик. Аммо, белгиланган муддатга талаблар бажарилмади. Шу боис, бу борада муаммо бизда эмас, клубларнинг ўзида”, - деди Омон Ғофуров.

“Биз клубларни ўрганиб чиқдик. Хеч қайси клубни камситиш ниятида эмамсиз. Мақсадимиз иккала лигани ажратиш эмас, балки ҳар бир лигада кучли, савия жиҳатдан бир бирига мос клублар иштирок этишини ташкил қилиш. Ҳозирда, футбол жамоатчилиги бу ўзгаришларни сал нотўғри талқин қилаётгандек. Биз Лигаларни кучайтиришни истаймиз. Про-Лига аввалги Олий Лига мақомига мос бўлишини истаймиз ва ОАВ, футбол жамоатчилиги ҳам буни шундай талқин қилишини истаймиз. Суперлигани эса, янги ташкил қилинган, жаҳон андозаларига мос тарзда, юқори савияда ташкил этиладиган, футбол инфратузилмаси жиҳатидан барча талабларга мос, кучли жамоалар тўп сурадиган лига сифатида талқин қилинишини истаймиз”.

“Умуман, Про-Лига савиясини мухлислар ҳам, ОАВ ҳам нотўғри талқин қилаётгандек. Про-Лига савияси аввалги Олий Лига савиясига тенг. Қанчалик учрашувлар курашларга бой, қизиқарли ва чиройли кечса, шунчалик мухлислар ҳам стадионларга қайтади. Асосий мақсадимиз ҳам шу. Қолаверса, клублар ҳам ўз олдиларига катта мақсад қўйса, лигаларда рақобат кучайса, бу футбол савияси учун, футбол имижи учун албатта катта ютуқ. Агар клублар рақобатбардош тизим ва инфратузилма ярата олишса, айтишим мумкинки, бу лигалар ривожи, умуман, футбол ривожи учун катта қадамдир”.

“Яна истардикми, обьектив сабабларга кўра, Про-Лигада иштирок этадиган клублар, ушбу мавсум учун катта режа ва мақсадлар тузишини, бу билан эса, лига савияси, имижи ва обрўси учун улар катта фойда келтиришсин. Яна, мухлислар қайси жамоа қайси лигада иштирок этишидан қатъий назар, ўз клублари учун мухлислик қилишда давом этишса, бу клублар учун катта стимул. Мухлислар учун клублар ҳам бор кучи билан ўйнаб, уларнинг ишончини оқлаш учун ҳаракат қилишади”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!