Ортда қолган 10 йилликнинг стратегик ва энг омадсиз трансферлари (“топ-10”)

Сўнгги пайтларда Погба, Гризманн ва Фелиш сингари футболчиларнинг омадсиз трансферга айлангани ҳақида турли-туман фикрлар пайдо бўлмоқда. Тўғри, балки бу йигитлар ўз имкониятларини намойиш эта олмагандир, бироқ уларни ҳали-ҳамон трансферга қўйиш ва бунинг ортидан яхшигина пул ишлаб олиш мумкин. Боз устига, улар юқори классдаги футболчилар бўлгани боис, катта ўйинларда ўзини кўрсатиши мумкин. Неймар борасида ҳам шундай фикр билдирса бўлади. Бразилиялик футболчи бир неча йиллар давомида ўз трансферини оқламагандек туюлди, бироқ ўтган мавсумда у ЕЧЛ финалига чиқди.

Ортда қолган йиллар давомида голлар киритди ва Париж клуби имижини яхшигина кўтариб берди. Бу трансферлар ҳам қайсидир маънода кутилган натижани бергани йўқ, бироқ бугун биз стратегик жиҳатдан қўпол хатога айланган трансферларни ёдга оламиз.

Кепа Аррисабалага - «Атлетик Бильбао»дан «Челси»га

ad12

Кепани сотиб олиш чоғида, «Челси» нимагадир дарвозабоннинг ўйин манерасини ўрганмади. Ҳимояда анча таваккалига тўп сурувчи Лондон клуби 80 миллион евро эвазига испаниялик посбонни сотиб олди. Айни дамда, Аррисабалага футбол оламидаги энг қиммат дарвозабон саналади. Унинг ўйини эса, бу мақомга сира мос эмас. Эндиликда, «Челси» дарвозабонни ижарага бериш борасида бош қотирмоқда. Клуб сарфланган 80 миллионнинг ҳеч бўлмаса, 40 миллионини сақлаб қолмоқчи. Эътиборлиси шундаки, Кепанинг ўрнини эгаллаган Менди савия борасида рақобатчисидан анча пастда. Шунга қарамай, унинг ўйин даражаси бугунги кундаги «Челси»га анча мос. Шу боис, биз кўпроқ Эдуардо Мендини асосий таркибда майдонда кўрмоқдамиз.

Алексис Санчес - «Арсенал»дан «Манчестер Юнайтед»га

ad13

Аслида, бу ўринда Ди Мариани ҳам кўрсатишимиз мумкин эди, бироқ клуб аргентиналик футболчини ўз вақтида 63 миллион еврога пуллаб юборишга улгурди. Санчес эса ўзгачароқ тарихга эга. Кўплаб инглиз нашрларининг маълум қилишича, Эд Вудворд Санчеснинг трансферини бежиз амалга оширмаган. Чилилик футболчи билан Гвардиоланинг «Сити»си қизиқиб қолгач, Вудворд катта маош кўрсатилган шартнома билан Санчесни илиб кетади. «Юнайтед» шу йўсинда, асосий рақобатчисига зарба бермоқчи эди. Оқибатда, бу трансфер «шаҳарликлар»дан кўра, «қизил иблислар»га кўпроқ муаммо туғдирди. Санчес узоқ вақт «Манчестер Юнайтед»нинг ўйин фалсафасига мослаша олмади. Ҳужум чизиғида эркин тўп сурмагач, кетишга қарор қилди. Ҳозирда у «Интер» сафида «ўзлигини» излашда давом этмоқда.

Фернандо Торрес - «Ливерпуль»дан «Челси»га

ad14

Торрес Испания терма жамоаси сафида Европа ва жаҳон чемпионатларида ғолиб чиққач, 2011 йилда Лондон клуби унинг трансферини амалга оширишга қарор қилди. 58,5 миллион евро эвазига Торресни «Ливерпуль»дан тортиб олган «Челси» трансфердан ҳеч қандай фойда олмади. «Эл Ниньо» ўзининг тезлиги пасайишни бошлаган чоғида Лондонга кўчиб ўтди. Боз устига, мерсисайдликлар унинг кетишини хоинликка йўйишди. Турли нашрлар Торресни нишонга олди ва футболчи катта босим остида қолиб кетди. Оқибатда, кўп ўтмай у депрессияга тушиб қолди. Бўш қолган дарвозаларга тўпни кирита олмаганига ҳам бир неча бор гувоҳ бўлдик. Секин-аста ўз кучига ишончни йўқотган Торресни барча унутиб юборди. Кейинчалик, Фернандо «Милан» ва «Атлетико»да фаолиятини тиклашга уринди, аммо барчаси фойдасиз якунланди.

Диего Коста - «Челси»дан «Атлетико»га

ad15

Аввалига, Коста икки мавсум давомида АПЛ чемпионлигини қўлга киритди. Кейин уни «Атлетико» ижарага олди. Бир муддат клуб шарафини ҳимоя қилган Костанинг трансфери учун «Атлетико» 60 миллион евро сарфлади. Ваҳоланки, бундан аввалроқ ҳужумчини «матрасчилар» 40 миллион еврога қўйиб юборган эди. Ғалати бизнес. Бир неча йиллик қийинчиликлардан сўнг, Диего клуб билан ўртадаги шартномани бекор қилди ва эркин агентга айланди.

Гонсало Игуаин - «Наполи»дан «Ювентус»га

ad16

Ушбу трансфер Турин клубининг асосий рақобатчиси - «Наполи»ни кучсизлантириш ва сифатли марказий ҳужумчига эга бўлиш мақсадида амалга оширган эди. Аргентиналик форвард учун клуб нақд 90 миллион евродан воз кечди. Афсуски, бу пуллар ўзини оқламади. «Ювентус» ўзининг энг кучга тўлган йиллари ва “олтин” таркиби билан ЕЧЛда зафар қуча олмади. 90 миллионлик ҳужумчи эса, керакли голларни кирита олмади. Уни «Милан» ва «Челси»га ижарага беришди, бироқ уни сотиб олишни истаган жамоа топилмади. Оқибатда, клуб эркин агент сифатида Гонсалони АҚШга қўйиб юборди.

Тома Лемар «Монако»дан «Атлетико»га

ad17

Лемар учун «Атлетико» 2018 йилда 70 миллион евро сарфлаган эди. Айни дамда, французнинг трансфер қиймати 15 миллион еврони ташкил этмоқда. Лемар «Монако» сафида ўзининг жисмоний имкониятлари билан ажралиб турмаган. Нима учун Симеоне сингари агрессив, прессингга мослашган футболни тарғиб этувчи жамоа уни сотиб олгани сўроқ остида қолмоқда. Лемарнинг кучли прессингдан сўнг, қарши ҳужумга ўтиш учун жисмоний имкониятлари тўсқинлик қилмоқда. Бу нафақат омадсиз, балки жуда ҳам ёмон трансферга айланди. Хитойдан қайтиб келган Карасско осонлик билан асосий таркибдан ўрин эгаллади. Лемар эса, ҳали-ҳамон келажаги порлоқ футболчи мақомида қолиб кетмоқда.

Николья Пепе «Лилль»дан «Арсенал»га

ad18

Мбаппенинг катта футболга кириб келиши, унинг типидаги вингерларга бўлган эҳтиёжни ошириб юборди. Пепе ҳам бир қарашда Килиан сингари ижрочилардан бири эди. «Арсенал» ўзи учун Мбаппе эмас, янги Анрини харид қилмоқчи эди. Шу боис, ҳеч ким танимайдиган, бироқ иқтидорли Пепе учун 80 миллион евро сарфлади. Бу пуллар ўзини оқлашига ишон тобора сўниб бормоқда.

Эден Азар «Челси»дан «Реал»га

ad19

Азарнинг трансфери 115 миллион евро қилиб кўрсатилганига қарамай, яқинда бу сумма 160 миллион эканлигини маълум бўлди. Бельгия газетасининг олиб борган тергов-суриштирув ишларидан сўнг, «қироллик клуби» расмийлари бу маълумотни тасдиқлашди. 160 миллион евро бутун бир мавсумни ўтказиб юборган, 30 ёшдан ошган футболчи учун жуда ҳам кўп эканлигини барча сезиб турибди. Катта эҳтимол билан Зидан Азарга сўнгги имкониятни тақдим этмоқда. Барчаси бу имкониятдан қандай фойдаланишга боғлиқ.

Усмон Дембеле «Боруссия» Дортмунддан «Барселона»га

ad20

«Барселона» натижа бераётган Неймарни сотиб юборди ва унинг ўрнини тўлдириш учун бир нечта иқтидорли, аммо стабиллик етишмайдиган футболчиларни клубга жалб этди. Аслида, Усмонниг тартиб-интизом борасида муаммолари бор эканлигини немис нашрлари анча олдин ёзишган эди. «Барселона» эса, шошқалоқлик билан 130 миллион еврони сафлади. Энг кулгилиси шундаки, Каталония клуби турли-туман бонуслар билан яна 10 миллион евро қўшимча пул тўлаши кўзда тутилган эди. Франциялик ўз ўйини билан бирорта бонусга «илинмади». «Барса»эса, унинг омадсизлигидан бирмунча пул тежаб қолди. Шундай бўлсада, ўтган йиллар давомида Усмоннинг трансфер суммасида кескин пасайиш кузатилди. У 2017 йилдаги трансфер нархидан 2,5 баробар арзонлаб кетган.

Фелиппе Коутиньо «Ливерпуль»дан «Барселона»га

ad21

Юрген Клоппнинг асосий футболчиларидан бири бўлса-да, Фелиппе ЕЧЛда зафар қучиш мақсадида «Барселона»га сафар қилди. Каталонияда эса, уни жароҳат ва ижара кутиб олди. Бахтига, «Бавария» билан орзусига эришди. Очиғи, Каталония клуби мутасаддилари Коутиньони иккинчи Иньеста бўлишини тахмин қилган, айнан ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида 145 миллиондан воз кечган эди. Худди Игуаинда гол машинасини, Азарда Ронладунинг ўринбосарини кўргани каби.

Яхёхўжа Улуғўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)