Осиё чемпионати олдидан ёш моҳир мерганлар сараланди
Ads

Бир хафта давомида пойтахтимиздаги МХСК базасида пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекиситон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Натижаларга кўра, Тошкент вилояти  вакили Суҳроб Мирзажонов пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича рақибларидан кучлироқ эканини исботлаб терма жамоа йиғинига таклиф этиладиган бўлди:

Мусобақа ўзига хос тарзда ўтди, чунки ҳар бир қатнашчи жуда кучли тайёргарлик кўрган эди, – дейди С.Мирзажонов. – Мен ҳам ушбу мусобақада аъло даражада қатнашдим ва ўзим кутган натижани қўлга киритдим. Ҳаяжон ҳам бўлди, албатта. Устозларим ва бевосита телефонда ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ҳаяжонимни енгишга муваффақ бўлдим.

Кубок мусобақалари доирасида қизлар ўртасидаги баҳсларда  Сурхондарё вилояти вакили Нигина Саидқулова ҳам кучлилар орасига кирди:

6 ой давомида  ушбу спорт тури билан шуғулландим. Машғулотлар мени ўзига ром этди. Ўзбекистон кубогига ҳам жуда жиддий тайёргарлик кўрдим. Чунки рақибларим кучлилигини билардим. Муваффақиятга эришиш осон кечмади, деб ўйлайман. Ҳар бир машқлар мен учун жуда ҳаяжонли кечди ва шу билан бир қаторда жуда кўп дўстлар орттирдим, – дейди Нигина Саидқулова.

20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги якунида терма жамоага номзод спортчилар саралаб олинди. Ғолибларга Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси томонидан фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.

Терма жамоамиз олдида шу йилнинг 6-12 декабрь кунлари Японияда ўтказиладиган Х Осиё чемпионати турибди. Масъулиятли мусобақалар олдидан бош жамоамизнинг йиғин машғулотлари 20 ноябрь – 4 декабр кунлари тошкентда бўлиб ўтади.