Осиё чемпионати орқали мундиалга чиқиш имконимиз катта, чунки...

Уч ойлик танаффусдан сўнг юртимизга ҳам ёзнинг дастлабки кунларида футбол “ҳарорати” кириб келди. Натижада Суперлигамиз бошланиш арафасида, миллий терма жамоамизнинг эса жаҳон чемпионати саралаш баҳслари доирасидаги ўйинлари тақвими тасдиқланди.

Ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоаларимиз ҳам машғулотларини бошлаб юборди. Кўриб турганингиздек, футбол мутахассислари ўз ишларига шўнғиб кетди. Мамлакатимизда футболнинг барча бўғинлари ишга туширилдими?

Аёллар футболидаги ишларимиз қандай? Қачон терма жамоа ҳам йиғин бошлайди? Бу борада саволлар бисёр. Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун жиддий ҳаракатлар олиб борилаётган экан, демак аёллар футболи ҳам бундан мустасно эмас.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи ҳамда “Севинч” клубида катта мураббий сифатида фаолият олиб бораётган Баҳром Норсафаров Sports.uz сайтига терма жамоа йиғини, Осиё чемпионатига тайёргарлик, жаҳон чемпионатига чиқиш орзуси ҳақида ўз муносабатини билдирди.

“Ўзбекистон 2022 йилги Осиё чемпионати мезбонлиги учун ариза берганди”

-  Мана, аёллар футболида машғулотларни ўтказишимизга эндигина рухсат беришди. “Севинч” билан шуғулланаётганимизга уч кун бўлди. Чемпионатимиз эса июль ойидан бошланади. Бунга қадар жамоалар асосан онлайн режим асосида машғулотлар ўтказишганди. Лекин, барибир бу унчалик эффект бермайди.

Масалан, “Севинч”даги қизларимизнинг жисмоний ҳолатини кўздан кечирдик ва бу борада бошқа мураббийлар билан ҳам гаплашдим. Айтишим керакки, футболчи қизларимизнинг жисмоний ҳолати ҳар хил. Бизга тайёргарлик учун икки ҳафта вақт беришди. Кейин эса Ўзбекистон Кубогида мусоқабага киришамиз. Қачонки, чемпионатимизга старт берилганидан сўнг миллий терма жамоамиз учун янги номзодларни кўришни бошлаймиз. Июль, август, сентябрь, октябрь ойларида чемпионатимиз тақвими жуда тиғиз. Уларнинг орасида терма жамоамиз учун бўш кунларни танлаб йиғин ташкил этишимиз осон кечмайди. Аммо биз ҳар қандай вазиятда ҳам октябрнинг охири ёки ноябрнинг бошларида терма жамоамизга ҳеч бўлмаганда 10 кунлик йиғин ўтказиш учун бўш вақтларни топмоқчимиз. Унгача футболчиларимиз ҳам спорт формаларига кириб олишади.

Биз ўша йиғинда асосан янги номзодларни кўздан кечирмоқчимиз. Терма жамоамизда доимий ўйнаб келаётган ўйинчиларимизни эса шундоқ ҳам яхши биламиз. Шу сабабли биз фақат янги номзодларга эътибор қаратамиз. Чемпионатимиз ноябрь ойининг охирларида тугайди. Декабрда эса иккинчи йиғинимизни ўтказмоқчимиз. Унда сараланган таркиб қатнашади. Келаси йилнинг март ойида Осиё чемпионати учун саралаш баҳслари бошланади. Бизда эса бунинг учун январь ҳамда февралда икки ойлик вақтимиз қолади.

Аслида эса Ўзбекистон 2022 йилги аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлиги учун ариза топширганди. Бироқ ОФК ушбу мусобақа мезбонлигини Ҳиндистонга берди дейишди. Аммо Осиё чемпионати бизда ўтадиган бўлса, у ҳолда саралаш баҳсларида конкурсдан ташқари иштирок этамиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам январь ойидан бутун таркиб билан саралаш баҳсларига тайёргарликни олиб борамиз. Қолаверса, январь ва февраль ойларида бирор-бир ҳалқаро турнирда ҳам қатнашиш режасини тузиб қўйганмиз.

норсафаров

“Футболсиз уч ой – савияни туширди”

-  Футболсиз танаффус уч ойга чўзилиб кетди. Аёллар футболида шундайки, қизлар бундай пайтда жуда тез спорт формасидан чиқиб қолишади. Шунинг учун деярли ҳаммасини нолдан бошлаяпмиз. Уларнинг ҳолати қандайлигини эса чемпионат бошланганда билиб оламиз. Ўйлайманки, барибир чемпионатимиз бироз пастлайди. Мана, Суперлигамиз ҳам бошланиш арафасида. Аҳамият берсангиз, у ерда ҳам савия бироз тушган. Ҳаттоки, Европа ёки Корея каби чемпионатларни кўрсангиз, танаффусдан кейинги ўйинларда пастга шўнғиш кузатилмоқда. Аммо учта-тўртта турдан кейин яна ҳаммаси жойига тушиб қолади деб ўйлайман.

“Ўзбекистонда аёллар футболи билан шуғулланадиганлар кам”

-  Футболни янада кучайтириш ҳамда оммалаштириш учун янги-янги қарорлар чиқариляпти. Энди аёллар футболи қошида ҳам захира гуруҳлари очиляпти. Бизда асосий таркиб аъзоларининг захирада ўрнини боса оладиган ўйинчилар кам. Бу эса Ўзбекистонда аёллар футболи билан шуғулланаётганларнинг сони камлигидан. Лекин захира гуруҳлари ташкил этилгач, эндиликда танлаб олиш имконияти кўпаймоқда. Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг сентябрь ойида Миландаги тадбирга боргандик, Шавкат Имомов билан бирга. Ўшанда ФИФА президенти Жанни Инфантино аёллар футболига ҳам худди эркаклар футболидек жиддий аҳамият берамиз деб айтганди. Лекин панмедия сабабли ҳамма нарса тўхтаб қолди. Лекин футболимиз раҳбарлари томонидан эътибор кучайтириляпти. Масалан, Равшан Эрматов билан ҳам телефон орқали бемалол муаммоларни ҳал қилсак бўлади.

“Жаҳон чемпионати иштирокчилар сони ортганидан фойдаланишимиз керак”

-  Биласизми, аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илгари 24 та терма жамоа қатнашарди, энди бўлса 32 та иштирокчи бўлишини Инфантино айтганди. Осиёга эса олтита ўрин берилди, олдин тўртта квота эди. Осиё чемпионатида 12 та жамоа қатнашса, шундан тенг ярми жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятига эга бўлади, бу катта “шанс”. Ўзбекистон эса Осиёда кучли олтиликка киради. Жаҳон рейтингида 43-ўриндамиз. Шу боис Осиё чемпионатида ҳар томонлама муносиб қатнашиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимиз лозим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!