“От изини той босар” ёхуд ота-бола чемпионлар
Халқимизда “От изини той босар”, деган нақл бор. Бежизга ушбу мақолни келтириб ўтмадик. Чунки, биз бугун ота ва бола спортчилар ҳақида ҳикоя қиламиз. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ўз вақтида ажойиб боксчи бўлган, - 57 кг вазн тоифасида 6 карра Ўзбекистон чемпиони, ўша вақтда мавжуд бўлган Югославия, Чехославакия каби мамлакатлар ва Афғонистонда ташкил этилган нуфузли турнирларда совриндорлар қаторидан ўрин эгаллаган Нургали Абдураимов ва ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси сафида салмоқли натижалар қайд этиб келаётган фарзанди Элнур ҳақида сўз юритамиз.
1969 йил 3 февралда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган Нургали Абдураимов 12 ёшидан бокс билан мунтазам шуғулланган. Мураббийи Жалхар Усенов бўлган. Фаолияти мобайнида юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ва халқаро турнирлар совриндорига айланади. Ўша вақтлар Собиқ иттифоқ терма жамоасининг ўқув-машғулотларига жалб қилинган. Шунингдек, профессионал боксда ҳам 5 та жанг ўтказиб, 3 та ғалаба ва икки мағлубият қайд этган. Ҳозирда мураббий бўлиб фаолият юритмоқда.
Биз Нургали акага Элнур ҳақидаги бир-иккита умумий тарздаги саволлар билан мурожаат қилдик. У эса, қуйидаги тарзда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Элнурнинг ота изидан бориши сизнинг қарорингиз эдими?
- Биласизми, ўғлимни олдига боксчи бўласан, деб талаб қўймаганман. У ўзи қизиқиб, ушбу спорт турини танлаган. Дастлаб, каратэга борган. Кейинчалик олдимга келиб, бокс билан шуғуллана бошлаганди.
- Одатда, мураббийлар ўзига хос руҳшунос бўлади. Сиз ҳам фарзандингизни илк машғулотларини кузата туриб, келажакда яхши боксчи бўла олишини ҳис қилганмисиз?
- Мақтанишга йўйманг-у, Элнур билан илк маротаба ишлашни бошлаганимдаёқ, ўзига яраша салоҳият бор эканлигини сезганман ва бирданига уни туман мусобақасида синаб кўрганман. Қарангки, ишончни оқлаб, у чемпион бўлганди. Шукрки, ҳозирда яхши натижалар қайд этиб келмоқда. Албатта, бунинг давомий бўлишини Яратгандан сўраб қолган бўлардим.
- Отасига муносиб фарзанд бўла оляпти... Демоқчиманки, унинг натижаларидан қониқиш хосил қиляпсизми?
- Албатта, унинг фаолиятидан кўнглим тўлмаяпти, десам ёлғон гапирган бўламан. Жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпионати ғолиби ва совриндори, Ўзбекистон чемпиони бўлди. Мана Олимпиадага лицензия берувчи турнирда ғолиб бўлди. Насиб қилса, энг нуфузли мусобақада ҳам ижобий натижа кўрсатишига умид қилмоқдамиз.
- Ўғлингизни юқори спорт формасига чиқа олишида терма жамоа мураббийларининг ҳам хиссаси бўлса керак?
- Албатта, уларнинг меҳнатини сўз билан ифода эта олмайман. Марат Қурбонов бошчилигида Тўлқин Қиличев, Раҳматжон Рўзиохунов ва бошқа мураббийларнинг тарбияси остида юқори даражага чиқа олди. Ўз ўрнида уларга чексиз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Шу ерда Нургали ака билан суҳбатни якунлаб, Элнурни суҳбатга тортдик. Албатта, отасидан ўғли ҳақидаги фикрларига қизиққан бўлсак, ўз-ўзидан аёнки, ўғилдан отаси ҳақида сўрадик...
- Элнур боксчи бўлишингизни отангиз кўп ҳам хоҳламаган экан?
- Тўғри, баъзан залга ортидан борсам, мени кетишимни истарди. Лекин қизиқиш кучли бўлган ва яхши боксчи бўла олишимга ишонтира олганман.
- Қизиқиш қандай пайдо бўлганди? Яъни, отангиз боксчи бўлганлиги ва ўша вақтда ушбу спорт тури бўйича мураббий сифатида ишлаши туфайлими?
- Қайсидир маънода бу ҳам асосий омил бўлган, деб айта оламан. Асосан, 2006 йил Доҳада Осиё ўйинлари бўлиб ўтган ва унда Рустам Саидов, Баҳодир Султонов, Элшод Расулов чемпион бўлганди. Уларга ҳавасим ортиб, айниқса, Элшод Расулов каби боксчи бўламан, дея ушбу спорт турига янада меҳрим тушганди.
- Адашмасам, Константин Цзю кумирингиз эди. Сочингизни ҳам унга ўхшатиб юрган вақтларингиз ҳам бўлганди?
- Ҳа, Цзю каби бўлишга ҳаракат қилардим. Кейинчалик эса, Элнур Абдураимов бўламан, деган қарорга келганман.
- Майли мавзудан чалғимайлик, сиз билан отангиз ҳақида суҳбатлашиш ниятидамиз... Яхши спортчининг ўғли бўлиш жуда катта масъулият юклайди. Аниқроқ қилиб айтганда, отангга ўхшамабсан, деган танқидлар ҳам учраб туради?
- Ҳа, бундай гап-сўзларни кўп эшитиб тураман. Дадамни жангларини кўрганлар, жумладан, терма жамоа бош мураббийи Марат Галиевич ҳам “Отанг тезроқ ва техникаси яхши эди”,- дея кўп таъкидлайди. Бундан жуда хурсанд бўламан. Шундай инсоннинг фарзанди эканлигимдан доим фахрланиб юраман.
- Мухлислар томонидан “Баракалла ота ўғил, бопладинг”,-деган хитобларни ҳам кўп эшитиб турсангиз керак?
- Шундай сўзларни ҳам айтиб туришади. Албатта, бундан юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ғурур ҳиссини туяман.
- Отангиз қўл остида машғулот олиб бориш қийинми?
- Қийинчилик жиҳати ва ижобий томони ҳам бор.
- Машғулотларда сизга нисбатан қаттиққўл ва талабчанликни назарда тутдим?
- Барча шогирдлари қаторида кўрарди. Барчага бирдек талабчан бўлган.
- Отангиз хоҳлаган боксчи бўла олдим, деб ўйлайсизми?
- Бизнинг олдимизда улкан режалар бор. Яратганни ўзи қўллаб турса, Олимпиада ғолиби бўлиб, барчани хурсанд қилиш истагидаман. Дадам билан биргаликда олдимизга қўйган мақсадларга эришишга ҳаракат қиламан.
Фикрлар