Ойбек Нурматов: Келаси мавсумда "Сўғдиёна" мухлисларини хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз

Якунланган мавсумда “Сўғдиёна” бош мураббийи Сергей Лушчан бир қатор ёш футболчиларнинг ўйин амалиётига эга бўлиши учун имкон берди ва маҳаллий ёшларни кашф этди. 

Шундай ёшларан бири Ойбек Нурматов бўлиб, у ортда қолган мавсумда дебют қилишига қарамай, чемпионатда 4 та гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Иқтидорли футболчи ПФЛ расмий сайтига мавсум якунлари ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди:

- Бу йилги мавсум мен учун жуда ажойиб ва эсда қоларли тарзда ўтди. Сабаби Суперлигада дебют қилишга муваффақ бўлдим, қолаверса 4 та гол уришга муваффақ бўлдим. Албатта, бунда жамоа бош мураббийи Сергей Лушчаннинг хиссаси беқиёс, деб биламан. Биз ёшларга эътибор берибетакчи жамоаларга қарши асосий таркибда майдонга тушиб, ўзимизни кўрсатишга имкон берди. Бунинг учун у кишига ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Жамоадошларимга ҳам миннатдорчилигимни билдираман. Сабаби улар мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб туришди.

Ортда қолган мавсумда чемпионатимиз анча қизиқ ва томошабоп тарзда кечди. Айниқса, 2018 йилда стадионларга мухлислар кўпроқ ташриф буюра бошлашди. Бу барчани – футболчиларни ҳам жуда ҳам хурсанд қилди. Жиззахлик ишқибозлар бизни хатто сафар ўйинларида ҳам қўллаб-қувватлаб туришди. 

Жамоалар ҳам мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этишга уринишди. Ўйинларда ҳар бир очко учун жиддий кураш борди. “Сўғдиёна” ҳам имкон қадар мухлисларини хурсанд қилишга уринди. Лекин аксарият учрашувларда ўзимиз йўл қўйган хатолар эвазига муҳим ўйинларда имкониятни бой бериб қўйдик. Энди келаси мавсумда ишқибозларимизни чиройли ғалабалар билан хушнуд қилишга ҳаракат қиламиз, - деди ёш футболчи.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!