Ўйинчиларни калтаклаган “Ифтихор” ФК директори футболдан четлатилди

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси айни дамда "Ифтихор" футбол клуби директори Аҳрор Эргашевнинг клуб футболчиларига нисбатан тажовузкор ҳатти-ҳаракатларни амалга оширгани ҳақидаги матбуотда тарқалаётган хабарлар юзасидан баёнот берди.

Унга кўра, Аҳрор Эргашев ҳамда клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоевнинг ушбу ҳатти-ҳаракатлари асосида суриштирув ишлари бошланган ҳамда ушбу ҳолат юзасидан айни дамда текширув давом этмоқда.

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда ўзбек футболида бундай хунук ҳолатлар кузатилмаслиги лозимлигини таъкидлаб ўтди.

- Юртимизда футболни ислоҳ қилиш, уни янги даражага олиб чиқиш, ўзбек футболи довруғини дунёга ёйиш йўлида катта ишлар бошланганидан барчанинг хабари бор. Ҳукумат даражасида футболимизга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда кўнгилни хира қиладиган бундай ҳолат юз берганини асло ёқлаб бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч бир футболчига нисбатан клуб раҳбариятининг куч ишлатишга ҳаққи йўқ. ЎФА ҳамда ПФЛ бундан буён ҳам ўз ўйинчиларига нисбатан бундай беҳурматлик қиладиган ва уларнинг ҳуқуқларини поймол этадиган ҳар қандай клуб раҳбарияти ва мураббийларига нисбатан кескин чоралар кўради, — деди Умид Аҳмаджонов.

Шахсан Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига ва Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, “Ифтихор” футбол клуби директори Аҳрор Эргашев ва клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоев ҳар қандай футбол фаолияти олиб боришдан бутунлай четлатилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!