"Ўзбек мураббийларининг эътибори футболчиларнинг ривожланишига қаратилиши керак". ФИФАнинг техник эксперти Ислом Аҳмедов УЕФАда ишлайдиган мутахассисдан интервью олди
Ўзбекистондаги аксар мураббийларга таълим бериб келаётган Ислом Аҳмедовни барчангиз яхши биласиз. Ҳаётини футболга бағишлаган инсон. Мураббийлик фаолияти давомида кўпни кўрди, турли мамлакатларда бўлди ва тажриба орттирди.
Аҳмедов узоқ йиллар ОФК ҳамда ФИФАдек юқори ташкилотда ишлади ва ишлаяпти ҳам. Уч йилдан бери ФИФАнинг техник эксперти сифатида меҳнат қиляпти. Тажриба излашдан сира чарчамайдиган мутахассис энди яна бир янги ишга қўл урди.
Ислом Аҳмедов футбол мавзусида, айниқса, Ўзбекистон шароитида уни янада ривожлантириш юзасидан хорижлик таниқли мутахассислар билан жонли суҳбатлар уюштириб, уларнинг фикрларини ўрганишни бошлади. УЕФАнинг техник консультанти сифатида ишлаб келаётган Роджер Мейхтрининг хизмат юзасидан Тошкентда эканлигидан фойдаланиб куни кеча Ислом Аҳмедов у билан видео мулоқот ўтказди. Эътиборлиси, Ислом Исмоилович мезбон сифатида Мейхтрини хонадонига таклиф қилди.
Аввало, Аҳмедов мазкур суҳбатни ташкил қилиш учун нима сабаб бўлганини қуйидагича изоҳлади: “Футбол ўзгарди. Табиийки, ўз-ўзидан иш услублари, ўйинчиларни тайёрлаш усуллари ҳам ўзгариб бормоқда. Аксарият болакайлар телевизор орқали футбол томоша қилишар экан, шундай ўйинни ўз кўзлари билан кўришни истайдилар. Бироқ амалда бунинг ҳар доим ҳам иложи бўлавермай, болакайлар ўзлари кўришни истаган футболни томоша қила олмаганларидан хафа бўлишлари тайин. Бугун менда шундай имконият бор, уйимга УЕФА ташкилотида ишловчи Роджер Мейхтрини чақириб, ундан кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдим. Айтишим керакки, у икки йилдан бери юртимизга “УЕФА фаол” дастури асосида келади. У юртимизнинг барча вилоятларида бўлган. Шу боис биздаги асосий муаммолар нималардан иборат эканлигини билвосита билади.
Ислом Аҳмедов: – Роджер, Ўзбекистонга хуш келибсиз, таклифни қабул қилганингиз учун раҳмат ва сиз шу ердасиз. Биз хурсандмиз, сизнинг тажрибангиз ва билимингизга муҳтожмиз. Мен бу имкониятдан жуда хурсандман ва сизга бир нечта саволларим бор. Кўп мураббийларимиз мендан сиз ҳақингизда, фикрингизни сўрашди. Ўз навбатида мен сиздан нафақат УЕФА техник маслаҳатчиси сифатида, балки футбол инсони сифатида ҳам шахсий фикрингизни билдиришингизни илтимос қиламан. Сизнингча, футбол бугун нима ва келажакда футболда нималар бўлади? Болалар ва ёшлар билан ишлайдиган мураббийларга қандай ёрдам бера оламиз?
Роджер Мейхтри: - Таклифингиз учун катта раҳмат. Сизнинг уйингизда бўлиш ва сиз билан футбол ҳақида суҳбатлашишдан жуда бахтиёрман. Сиз билан менинг футболни қандай ривожлантириш борасидаги қарашларимиз бир хил, сизнинг футболчиларнинг янада яхши бўлиб етишиши ва мураббийларни етиштириш учун доимо янги усулларни излашга бўлган интилишингиз менга жуда ёқади. Саволингизга келсак, келажакда бизга креатив ўйинчилар керак бўлади, улар доимо чекланган майдонда вақт етишмаслигига ечим топадилар ва биз ўйинчиларимизни ушбу ўйин вазиятларига мослаштиришимиз керак.
Ислом Аҳмедов: – Мисол тариқасида юртимдаги вазиятни олайлик, икки йил ичида Ўзбекистонга бешинчи ташрифингиз ва барча вилоятларга бордингиз, мураббийлар қандай шароитларда футболчиларни тарбиялаётганини кўриш имконига эга бўлдингиз, ёш футболчиларимизни ҳам кўрдингиз. Футболчилар ва мураббийларнинг имкониятлари ҳамда иш шароитларидан келиб чиқиб, уларга қандай маслаҳат берасиз?
Роджер Мейхтри: - Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кўп, истеъдодли мураббийлар ҳам кўплигини айтиб ўтган эдим, уларнинг бир нечтаси билан ишлаш имконига эга бўлдим. Ҳудудлардаги вазият оддий эмас, бу ердагидан анча мураккаб, бугун ҳам семинар давомида мураббийларга, агар сизда етарлича яхши инфратузилма, футбол майдончалари ва зарур жиҳозлар бўлмаса, бундай шароитда бирор нарсани ривожлантириш жуда қийин дедим, бу худдики, агар сиз пианино чалишни ўрганмоқчи бўлсангиз, лекин сизда пианино йўқ бўлгани каби!
Ислом Аҳмедов: - Шундай бўлса-да, Роджер, бизнинг болаларимиз юқори савияда ўйнашни орзу қиладилар, мураббийларимиз ўз малакасини оширишни хоҳлашади ва улар ўз ишини қилишда давом этмоқдалар. Улар бугунги шароитдан келиб чиқиб, ўз мақсадига эришиш учун қайси йўлни танлашлари керак? Биз уларга қандай ёрдам бера оламиз? Бу мен учун жуда муҳим, чунки вилоятларда иқтидорли футболчилар кўп. Улар топ савияда ўйнашни орзу қиладилар, бу даражага етганларида улар ва уларнинг оиласи учун бутунлай бошқача ҳаёт бўлади. Бу ёшлар учун яхши мотивация. Боланинг 6-7 ёшида футболга келиши мени хавотирга солмоқда, у қандай ривожланади? Агар бугун футбол нақадар қаттиқ ва тезкор эканини кўрсак, 10 йилдан кейин 17-18 ёшга етганда нима бўлади, футбол бундан ҳам қаттиқроқ ва тезроқ бўладими? Мураббий ўз футболчиларини тайёрлашда нимага кўпроқ эътибор қаратишини тавсия қиласиз?
Роджер Мейхтри: - Бир томондан, футбол оддий ўйин, лекин кўпинча биз мураббийлар буни тушунишни қийинлаштирамиз, биз кўпроқ футбол ўйнашимиз керак! Биз ўйин билан боғлиқ бўлмаган жуда кўп оддий машқларни берамиз, биз кўпроқ ўйин машқларини беришимиз керак, яъни, бу нафақат ўйин, балки футболчининг турли ўйин вазиятларига тушиб қолиши мумкин бўлган ҳолатлардир, бу футболчиларни тайёрлашда асосий жиҳат бўлиши керак.
Ислом Аҳмедов: - Масалан, сизларнинг юртингизда футбол мактабига 6-7 ёшли бола келса, сизда ҳам бизникига ўхшаш ҳолат борлигини биламан, болалар ҳовлида, кўчада ўйнамайди. Олдин эди, сиз кўчада ўйнагансиз, мен кўчада ўйнаганман. Энди кўчада футбол йўқ, бола кўчада ўйнаб орттирган ўйин тажрибасисиз келади. Улар бу ўйин ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслар! Бу ҳолатда нима қилиш керак? Сизнинг фикрингиз?
Роджер Мейхтри: - Биз клубда, футбол мактабида кўча футболини ташкил қилишимиз керак, ортга қайтишимиз лозим, мен кўчада ўйнаганман, сиз кўчада ўйнагансиз, биз доимо футбол ўйнаб ўрганганмиз! Бугунги кунда болаларда бундай имконият йўқ, чунки бунга жой йўқ, бошқа томондан, кўплаб имкониятлар мавжуд. Менимча, клубларда кўча футболини қайтаришга ҳаракат қилишимиз керак. Айниқса, клубда ва футбол мактабларида кўча футболини ташкил қилиш лозим!
Ислом Аҳмедов: - Ёш футболчилар қайси ёшдан бошлаб профессионал тайёргарликка киришгани маъқул?
Роджер Мейхтри: - Агар машғулот жараёнида болалар 11-12 ёшгача имкон қадар кўпроқ турли фаол ҳаракатли машқлар билан шуғулланса идеал бўлади ва ўйинчи танловдан ўтганидан кейин 14-15 ёшида ҳақиқатан ҳам ихтисосликка ўтса, сиз аллақачон профессионал даражада машғулотларни давом эттиришингиз мумкин. Ҳар бир ёшнинг ўзига хос хусусиятлари бор, лекин биз болалар ва ёшларда кўриб турганимиздек, ўйинни тушуниш етарли даражада эмас! Бу биз эътибор қилишимиз керак бўлган жиҳатдир, чунки уларда кўча футболи тажрибаси йўқлигидан!
Бошқа томондан, уларда мобил телефонлар, интернет бор, уларда Месси ва Роналдунинг маҳоратини кўриш имконияти бор, бу ҳам имконият, чунки ҳар бир бола Месси ва Роналду каби бўлишни хоҳлайди ва улар ҳам худди шундай қилиш учун кўп марта ҳаракат қилишади, шу сабабли замонавий болалар тўпга бизнинг авлодимизга қараганда яхшироқ эгалик қилишади. Бугун биз болалар ва ёшларда ўйинни тушуниш учун жавобгармиз! Ўйинни тушуниш, улар кўпроқ футбол ўйнашсагина келади!
Ислом Аҳмедов: - Сизнингча, масалан, беш йилдан кейин қандай футбол бўлади?
Роджер Мейхтри: - Футбол кўпроқ атлетик бўлади, вазиятни баҳолаш, қарор қабул қилиш ва амалга ошириш учун ҳар доим камроқ жой ва камроқ вақт бўлади. Футболчилар бунга тайёр бўлишлари даркор, лекин тайёргарлик бу нафақат унинг атлетик тайёргарлиги, албатта бунинг устида ишлаш керак, лекин якунда унинг кучли иродали фазилатлари, характери ҳал қилувчи бўлади, агар у футболчи сифатида юқори савияда фаолият олиб боришни истаса!
Ислом Аҳмедов: - Мураббийларимизга қандай тилакларингиз бор?
Роджер Мейхтри: - Менинг тилагим мураббий ўз футболчисига шахс сифатида қараса, мураббий жамоани эмас, футболчини ривожлантирсин! Ҳар бир футболчи у учун қадрли бўлсин. Мамлакатингиздаги ҳар бир мураббий ҳар бир футболчини қандай қилиб яхшироқ шакллантириш ҳақида ўйлаши керак, лекин жамоани эмас! Барча эътибор футболчининг ривожланишига қаратилиши керак!
Ислом Аҳмедов: - Бизга вақт ажратганингиз ва жавобларингиз учун раҳмат.
Фикрлар