Ўзбек спорти афсонаси Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси бўлишга номзод

Икки кун давомида, яъни 20-21 июль кунлари Япониянинг Токио шаҳрида Халқаро олимпия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этди. Йиғилишнинг илк кунида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Биз учун анжуманнинг аҳамиятли томони, Ўзбекистон спорт тарихида илк бор мамлакатимиз вакиласи, 1991 йилдан буён жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида Ватанимиз номини улуғлаб келаётган ҳамда ўзига хос рекорд ўрнатган ўзбек спорт афсонаси Оксана Чусовитина Халқаро олимпия қўмитасининг спортчилар комиссиясига аъзо бўлиш имкониятига эга бўлганидир.

Таъкидлаш жоиз, ХОҚнинг спортчилар комиссияси 17 кишидан иборат. Шу кунларда мазкур комиссия аъзоларининг 4 нафари ўз ваколатини топширган. Бўшаб қолган ўринлар учун дунё миқёсидаги 30 нафар етакчи атлетлар номзоди илгари сурилмоқда. Комиссия аъзолигига номзод спортчилар, собиқ атлетлар шу кунларда Японияга таклиф этилган. Овоз бериш жараёни эса шу йил 3 августгача давом этади.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах йиғилишда спортчилар комиссиясига танланадиган 4 нафар номзодга овоз бериш жараёни ҳақида сўз юритиб, овоз бериш онлайн тарзда ўтказилмаслиги, номзодлар қайси даражада бўлишидан қатъий назар барчаси тенг ҳуқуққа эга эканлиги, улар танлангунга қадар Токиодаги “Олимпия қишлоғи”да бўлишга ҳақли эканини таъкидлаб, 3 август куни сайланган номзодлар орасидан ХОҚ Спортчилар комиссияси раиси сайланишини ҳам маълум қилди. Ушбу комиссия раиси ўз навбатида, ХОҚ ижроия қўмитаси аъзолигига ҳам қабул қилинади.

Ўзбекистон олимпия ҳаракати тарихида Оксана Чусовитинанинг шундай шарафли номга сазовор бўлиши мамлакатимиз спортининг ўзига хос ютуғидир. Номзодлар орасида жаҳон Олимпия ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Чусовитинанинг эътироф этилиши Халқаро олимпия қўмитаси, унинг тегишли бўлинмалари ва комиссияларининг юртимиз профессионал спортига катта эҳтироми сифатида қабул қилиш лозим.

Йиғилишда 6та спорт тури – лакросс, чирлидинг, айсшток, самбо, кикбоксинг ва муай-тай Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган спорт турлари сифатида кўрсатилди. Лекин бу уларнинг олимпия ўйинлари тизимига киритилганини англатмайди. Бирор спорт турининг олимпия ўйинлари таркибига киритилиши узоқ давом этадиган жараён. Бугунги кунда дунёда 10 дан зиёд спорт тури ХОҚ томонидан тан олинган бўлса-да, олимпия ўйинларига киритилмаган.

Aнжуманда олимпия ўйинлари шиорига бироз ўзгартириш киритилгани, олис 1894 йилдан бери қўлланиб келинган “Cитиус, алтиус, фортиус”, яъни "Тезроқ, баландроқ, кучлироқ”нинг давомига “Биргаликда” ибораси қўшилгани ҳам маълум қилинди.

Бугун йиғилишнинг якуний қисми бўлиб ўтди. Унда 2032 йилги ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилувчи шаҳар номи эълон қилинди. “Яшил қитъа” Aвстралиядаги ушбу мўжаз шағар овоз бериш жараёнида бир қатор номзод шаҳарларни ортда қолдирди. Шу тариқа Aвстралия учинчи маротаба Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади. Бунгача “яшил қитъа”нинг Мельбурн ва Сидней шаҳарлари тўрт йилликнинг нуфузли анжуманини қабул қилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!